Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

30 мартдан Ўзбекистонда автомобиллар ҳаракатига чекловлар жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, 2020 йил 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар ВИЛОЯТЛАРАРО, ТОШКЕНТ ВА НУКУС ШАҲАРЛАРИ ҲАМДА ВИЛОЯТЛАР МАРКАЗЛАРИДА Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилади.

Мазкур рухсатномалар қуйидаги фаолиятларни амалга ошириш учун бириктирилган автотранспорт воситаларига тақдим этилади:

👉озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланадиган ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари, шунингдек, мазкур ташкилотларда доимий меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ходимларнинг шахсий автотранспорт воситалари;

👉Санитария ва гигиена маҳсулотларини (коронавирус инфекциясидан ҳимояловчи ва дезинфекция қилувчи воситалар) ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо, дорихона фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг автотранспорт воситалари;

👉Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Чилонзор ва Яшнобод туманларида барпо этилаётган шифохона ва хиёбонлар қурилишига жалб этилган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли автотранспорт воситалари.

❗️Бунда, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчи ходимлари марказлашган тартибда автобус (микроавтобус) орқали Корақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларига киритиши белгилаб қўйилмоқда.

Қайд этиш лозимки, махсус рухсатнома талаб этиладиган автотранспорт воситаларига (тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда) Махсус рухсатномалар бериш тизими жорий йилнинг 29 март соат 09:00 дан амалиётга жорий этилади.

Адлия вазирлиги томонидан бериладиган махсус рухсатнома асосида ҳаракатланадиган бошқа автотранспорт воситалари фақатгина ушбу муассаса ва ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ ҳолда ҳаракатланишига рухсат берилади. Шахсий манфаат йўлида фойдаланиш қатьиян ман этилади.