Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

9 ой давомида 2,6 млн киши республикадан ташқарига ишга чиқиб кетган

Ўзбекистонда 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий ахборотида айтилмоқда.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази республикамизнинг 108 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўровни ўтказди. Унда 485 та фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 26 008 нафар фуқаро қамраб олинди.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 8,9 фоизини ташкил этган. 2018 йилнинг мос даврига нисбатан эса ишсизлик даражаси 0,1 фоизга пасайган. Ишсизликнинг энг юқори даражаси Сурхондарё вилоятида кузатилган (9,3%), Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида 9,2 фоизни ташкил этди. Энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида(7,5%) кузатилди. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 337,5 минг кишини ташкил этган. 16-29 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси 14,9 фоизни, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси 12,5 фоизни кўрсатган.

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида меҳнат ресурслари сони 18 855,5 минг кишини ташкил этган. Таққослаш учун: мазкур кўрсаткич 2019 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 100,1 фоизга кўп. Сўнгги йилларда биринчи марта ихтиёрий тарзда банд бўлмаганлар сонининг 205,0 мингга (27,9%) камайгани эвазига иқтисодий нофаол аҳоли сонининг 4 039,6 минг (95,9%) нафаргача пасайишига эришилди. Бу аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллиги ошганлигидан далолат беради.

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13 608,4 минг кишига етди. Бу 2019 йилнинг январь-июнь ойлари билан солиштирганда, 101,5 фоизга кўпдир.

2019 йилда истиқлолга эришганимиздан бери илк бор расмий секторда банд аҳоли сони ортди. Унинг кўрсаткичи 9 ой давомида 307,9 минг (101,7%)ни ташкил этиб, 5 691,2 мингга кишига етди.

Тадқиқот натижаларига кўра Республткадан ташқарига ишга кетганлар сони 2 611,2 минг кишини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 100,7%га тенг.

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида туман(шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 595 707 фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган. (улар орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 213 707 нафарни ташкил этган). Мурожаатчиларнинг 267 470 нафари иш билан таъминланди, 216 778 киши жамоат ишларига жалб қилинди. 30 645 нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинган бўлса, 47 960 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.

Ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашадиган янги хизмат турига эҳтиёж пайдо бўлаётгани сабабли Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фуқароларга моддий ёрдам шаклида Давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ва грантлар тақдим этишни йўлга қўйди. Хусусан 10 666 нафар ишсизга 8,9 млрд. сўм миқдорда субсидиялар, шунингдек ишсизларни касб-ҳунарга ўқитаётгани учун иш берувчиларга ҳам шу турдаги моддий рағбат кўрсатилган.

Яна 8,5 мингдан ортиқ ўзини-ўзи иш билан таъминлаган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди. Бу уларга иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия олишга имкон беради. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат ресурслари миқдори ва сифатини ҳар томонлама таҳлил қилиш, сифатли ва объектив баҳолаш, шунингдек аҳолини иш билан таъминлаш ва бандлигини ошириш мақсадида меҳнат бозорини ўрганишда давом этади.