Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Адлия вазирлиги Гулнора Каримова жазо ўтаётган колониядаги шароитларни батафсил ўрганди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги маҳкума Г.И.Каримова сақланаётган 21-сонли жазони ўташ Колониясида ўрганиш ўтказаётгани ҳақида хабар берган эдик. Адлия вазирлиги ўрганиш ҳолатлари бўйича натижаларни маълум қилди:

"Айрим ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда маҳкума Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда у доимо руҳий босим остида эканлиги тўғрисидаги маълумотларнинг тарқалганини эътиборга олиб, Адлия вазирлиги жорий йилнинг 3-4 июль кунлари бевосита 21-сонли жазони ўташ Колониясига борган ҳолда, ҳолатни ўрганди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, маҳкума Гулнора Каримова Колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

У ердаги яшаш шароитлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг (ЖИК) 117-моддасига жавоб беради. Унга мувофиқ, умумий режимдаги колонияларда маҳкумлар умумий турар-жойларида яшашади.

Шу билан бирга, Гулнора Каримова ЖИКнинг 9-моддасига мувофиқ, ўқув, бадиий ва бошқа турдаги ахборот материалларидан фойдаланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, Колония кутубхонасининг аъзоси ҳамдир.

ЖИКнинг 78-моддасига мувофиқ, маҳкума Гулнора Каримова йўқлов ва бандерол олиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланган. Хусусан, жорий йилнинг 2 ва 3, 10 апрель ҳамда 10 июнь кунлари у тегишли бандерол ва йўқлов қабул қилинган.

2019 йилнинг 10 апрель куни Гулнора Каримованинг ҳисоб варағига қизидан пул ўтказмалари келиб тушган. Гулнора Каримова жазони ўташ давомида колония дўконидан тўрт маротаба харидни амалга оширган ва ўрганиш пайтида унинг ҳисоб варағида муайян миқдорда маблағ қолгани аниқланган.

ЖИКнинг 76-моддасига мувофиқ, Гулнора Каримова учрашув ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг 12 апрелидан 15 апрелигача у оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувда бўлган (3 сутка).

Гулнора Каримова иккита қисқа муддатли учрашувлардан ёзма равишда бош тортган (2019 йилнинг 8 ва 10 апрель кунлари).

Гулнора Каримовага 2019 йилнинг 2 ва 17 апрель ҳамда 10 июнь кунлари Швейцариялик адвокати билан учрашиш ҳуқуқи таъминланган. Бу ўз навбатида унинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганлигини далилидир.

ЖИКнинг 79-моддасига асосан, маҳкумлар чекловсиз равишда хат ва телеграммаларни қабул қилиш ва юборишлари мумкин.

Ушбу давр мобайнида Гулнора Каримова томонидан 2019 йилнинг 25 март ва 17 июнь кунлари иккита хат жўнатилган.

Таъкидлаш жоизки, Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳақидаги фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

2017 йилнинг декабрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг комиссиявий суд тиббиёт экспертизаси Бош бюроси томонидан тиббий кўрик ўтказилган бўлиб, унинг хулосасига (№70 15.12.2017й.) кўра, Гулнора Каримовада аввалдан айрим сурункали касалликлар мавжудлиги аниқланган.

Шу боис, Гулнора Каримова 2019 йил март ойида колонияга олиб келиниши билан, унинг саломатлигини таъминлаш мақсадида бир неча бор малакали тиббий ёрдам ташкиллаштирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тажрибали  мутахассисларининг тавсиялари берилган (кардиолог, гинеколог, стоматолог, юқумли касалликлар шифокори, функционал диагностика шифокори, УЗД шифокори, эндокринолог, гастроэнтеролог, руҳшунос ва бошқа  шифокорлар).

Шу билан бирга, комиссиянинг ҳулосасига кўра Гулнора Каримовада аниқланган касалликлар унинг жазони ўташига ҳалақит бермайди ва “Оғир касалликка чалинган маҳкумларни тиббий текширувдан ўтказиш ва уларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш қоидалари”да келтирилган касалликлар рўйхатига кирмайди (рўйхат рақами 1854-сон, 09.09.2008 й.).

Маҳкумалар билан ўтказилган суҳбатларда шу нарса аниқландики, Гулнора Каримовага жисмоний ёки руҳий босим ўтказиш ҳоллари кузатилмаган, аксинча, бошқа маҳкумалар Гулнора Каримованинг ёмон яшаш шароитларда ушлаб турилгани ва унга босим ўтказилаётгани тўғрисидаги маълумотлардан ажабланганлар. Хусусан, у билан битта отрядда яшаётган маҳкумалар Гулнора Каримова колонияга олиб келинганида, у дераза олдидаги кроватни танлагани, бу вақтда эса, мазкур кроват бошқа маҳкума томонидан банд бўлганини қайд этганлар. Шундай бўлсада, бошқа маҳкума Гулнора Каримовага ўз ўрнини бўшатиб берган.

Гулнора Каримованинг саломатлигини инобатга олган ҳолда, ушбу даврда у бир маротаба ҳам меҳнат фаолиятига жалб этилмаган. Бу ҳолат Колония маҳкумалари ва маъмурияти томонидан ҳам тасдиқланди.

Бевосита Гулнора Каримова билан бўлган суҳбат давомида у маҳкума сифатида ўзининг ҳуқуқлари чекланаётганидан шикоят қилмади. Гулнора Каримова бу мавзуда суҳбатлашишни истамаётганини ва асосан қуйидагилар бўйича ўз эътирозларини билдирди:

  • колонияда бўлган пайтида унга яқин бўлган маҳкумаларнинг бошқа отрядларга ўтказилганига;
  • унинг фикрича, жиноий ишни тергов қилишда қонунчилик талаблари бузилганига.

Гулнора Каримовада маълум сурункали касалликлар борлигини инобатга олиб, унга стационар даволаниш учун етарли шароитлар яратилган. Адлия вазирлиги ходимлари Колонияга борганларида Гулнора Каримова санитария бўлимида бўлган.

Суҳбат чоғида Гулнора Каримова унга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатига нисбатан ҳеч қандай эътироз билдирмади.

Визуал текширув чоғида Гулнора Каримованинг танасида жароҳатлар аниқланмади”.