Афғонистонда президент сайловлари бошланди. Номзодлар - 18 нафар

Афғонистонда бугун маҳаллий вақт билан соат 7:00 да президентлик сайловлари бошланди, деб ёзади ЎзА Tolo News хабарига таяниб.
Телеканал хабарига кўра, мамлакатда 9,6 миллион сайловчи рўйхатга олинган. Афғонистоннинг 34 вилоятида очилиши керак бўлган 5 минг 373 та сайлов участкасидан хавфсизликка таҳдидлар сабаб 445 таси ўз фаолиятини амалга оширолмаган.
Овоз бериш жараёни маҳаллий вақт билан соат 15:00 га қадар давом этади.
Афғонистонда президентликка 18 киши ўз номзодини илгари сурган. Улар орасида амалдаги Президент Ашраф Ғани ва Бош вазир Абдулла Абдуллалар ҳам бор.
Tolo News’нинг қайд этишича, сайловларда фақатгина биометрик тизим орқали тасдиқланган овозларгина инобатга олинади.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги сайловларда тартибсизликлар келиб чиқишининг олдини олиш учун 72 мингдан зиёд мудофаа ва хавфсизлик кучлари ходимлари жалб қилинганини, зарурат туғилганда 20-30 минг атрофидаги ҳарбийлар ҳам кўмакка келишга тайёрлигини маълум қилган.
Афғонистон Бош вазири ва президентликка номзод Абдулла Абдулла “Толибон“ ҳаракатини сайлов куни зўравонликдан воз кечишга чақирган. Давлатнинг барча тузилмалари ва уларнинг хизматчилари шаффофлик ва ҳаққонийликни таъминлаш учун сайлов жараёнларига аралашмаслигини билдирган.