Хориждаги ватандошларимиз ва уларнинг оилалари эътибордан четда эмас
Самарқанд шаҳрида вилоятимиздан меҳнат миграциясига кетган фуқароларнинг фарзандлари ва уларнинг яқинлари учун Янги йил байрами тадбири ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар вилоят мусиқали драма театрида болажонлар учун саҳналаштирилган спектаклни томоша қилишди.
Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканларга саёҳат уюштирилди.
Тадбир байрам дастурхони атрофида давом этди ва болажонларга янги йил совғалари улашилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев иштирок этди.
— Ўғлим хорижда бўлса-да, давлатимиз эътиборини ҳис қилиб турибмиз, — дейди Оқдарё туманида яшовчи Назокат Хидирова. — Айниқса, байрамларда фарзандларимизни эслаб, қўллаб-қувватлаётганлари учун раҳмат, ўзларини ёлғиз эмаслигини, давлатимиз ғамхўрлигини сезишмоқда. Бугун ҳам набираларим байрамона кайфият улашилганидан хурсанд бўлишди.
Миграция агентлиги вилоят филиали раҳбари Лазиз Ибрагимовнинг маълум қилишича, бугунги кунда вилоятимиздан 170 мингга яқин фуқаро меҳнат миграцияси мақсадида хорижий давлатларда фаолият олиб бормоқда. Уларнинг меҳнат фаолияти, яшаш шароити ҳамда оилавий аҳволи Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, вилоят бандлик бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида доимий ўрганилиб, зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.