Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Аҳмоқ кетмон чопади”... Деҳқонни ҳам, унинг кетмонини ҳам ҳақорат қилманг, кўзингизга зарари бор!

Германияда ҳосилни кўпайтиришга интилмаслик, аксинча, маҳсулот кўпайиб кетишининг олдини олиш билан боғлиқ мақолам босилгач, қолаверса, ушбу сайт – Zarnews.uz да шу йил 7 сентябрь куни берилган «Четдан келтирилган картошка уруғи сифатсиз чиқди, зарарни ким тўлайди?» мақоласини ўқигач, шу ҳолатлар билан боғлиқ айрим воқеаларни эсладим.

Аввало, сарлавҳадаги сатрлар - пулни пул топиши, яъни пулга пулни уриштириб пул топиш иллати ҳақида икки оғиз. Бу бизнес эмас. Унинг турлари кўп. Лекин мен билган лоббистлик усули ҳам шунга киради. Лоббист - бировнинг, балки бутун бир жамиятнинг манфаати учун пул харажат қилиб, бошқа бировнинг зарарига нопок иш қилиш дегани. Яхшиямки, бу тоифа одамлар эмас, кетмон чопадиганлар кўп. Акс ҳолда инсоният очликдан қирилиб кетган бўларди.

Картошка, истеъмолда буғдойдан кейинги иккинчи ўринда туради. Ўзбекистон ўзини истеъмол қиладиган картошка билан таъминлаши мумкин, агар деҳқон сифатли уруғ билан таъминланса. Картошка уруғчилигининг муаммоси бор. Чунки Ўзбекистон иқлими бу экинга иссиқлик қилади. Шу боис картошка навлари тез айнийди. Демак, деҳқонни ҳар йили янги, сара уруғлик билан таъминлаб туриш лозим. Картошкачиликда жаҳон селекцияси ва уруғчилиги анча ривожланиб кетган бир вақтда бу соҳа Ўзбекистонда  ривожланмади. Шу сабаб уруғлик картошка ҳамон четдан келтирилмоқда.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошлариданоқ картошка уруғлиги импортини кимлардир йўлга қўйди ва Голландиядан уруғлик келтирила бошланди. Нопок ишлар (уруғлик деб оддий истеъмол қилинадиган картошка олиб келиб ҳам) туфайли деҳқонлар чув тушди, меҳнатига куйди, анча-мунча одамлар, раҳбарлар қамалди.

Яқинда бир туманда фаолият юритаётган  фермер менга қўнғироқ қилиб, «Туманга келган 1200 тонна уруғлик картошкадан менга ҳам 15 миллион сўмга сотиб олишга мажбур қилишди. Бу уруғлик менинг ер майдонимда ҳам, бошқаларникида ҳам униб чиқмади. Банкдан 15 миллион сўм кредит расмийлаштирганман, фоизи билан қайтаришим керак. Нима қилишни билмай ўтирибман?», деб қолди. Ким билади 1200 тонна картошкани олиб келган киши жавобгар бўладими, йўқми? Лекин унинг пули фермерлардан аллақачон ундирилгани бор гап.

Агар ўз вақтида лоббистлар ва уларнинг ҳамтовоқлари Ўзбекистонда ҳаром-ҳариш ишлар қилмаганида ҳозирга келиб, бу масала ўз ечимини топган бўларди. Буни бежиз айтмаяпман.

Бундан йигирма йиллар аввал тендер комиссиясида қайси давлат ва қайси фирмалардан уруғлик картошка сотиб олиш масаласи муҳокама қилинаётганди. Асосий маърузачи камина, давлат синови натижаларидан келиб чиқиб таклифлар киритишим керак. Анча вақт ушбу масала билан шуғулланиб, аниқ таҳлил, хулосалар йиғдим. Шу пайтгача фақат Голландия фирмалари тендерда ютиб чиқишар, аммо бошқа давлатларнинг фирмалари ҳам яхши таклифлар билан иштирок этаётган эди. Масалан, Германия уруғлик картошка сотиш билан чегараланиб қолмасдан, буни Ўзбекистоннинг ўзида етиштириш ташаббусини кўтариб чиқди. Улар селекция ишларини олиб борадиган ёпиқ лабораторияларнинг эшикларини бизларга очиб кўрсатишганди. Селекция  ишлари далада эмас, пробиркаларда олиб борилар экан, фан уларда шу даражада ривожланган. Уруғчиликни шу асосда Ўзбекистонда ташкил қилмоқчи эканини инобатга олиб, Германиядан ҳам ўша йил умумий ҳажмининг 10 фоизи миқдорида уруғлик картошка олиб келиш ва уруғлик етиштиришни Ўзбекистоннинг ўзида ҳам бошлашни таклиф қилдим. Тендерда менинг фикрим, албатта ҳал қилувчи роль ўйнарди. Лекин шу пайт нимадир содир бўлди-ю, тендерга эртаси куни соат 10:00 гача танаффус эълон қилинди. Тендерда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, бошқа вазирлик ва ташкилотлардан ҳам вакиллар иштирок этаётганди. Ҳамма елка қисиб чиқиб кетишди. Мен ҳам нима бўлганига тушунмай ишхонамга кетдим.

Иш вақти тугаши билан икки нафар голланд хонамга кириб келди. Уларни аввалдан танирдим, рус тилида гапиради. Катта ёшдаги, вазмин кишилар. Стол устига дипломат қўйди-да:

- Жаноб Зиятов, бу сизга! Илтимосимиз шуки, Голландия фирмаларидан ташқари бошқалар Ўзбекистон бозорига киришини хоҳламаймиз. Биз бу бозорни 10 йилдан буён эгаллаб келамиз. Эртанги тендерда шу таклифимизни инобатга олишингизни сўраймиз”, деди.

Кетаётиб, дипломатга ишора қилиб “Бу ерда уч юз, эртага эрталаб жавобига келамиз”, деб жавобимни ҳам кутмасдан чиқиб кетишди.

Одатда ишда кеч қолиб ишлайдиган одатим бор эди. Аммо иш кўнглимга сиғмади. Дипломатни сейфга солдим-да уйга кетдим. Дипломатни олиб қолиш, яъни фурсатдан фойдаланиб қолиш истаги Худо ҳаққи хаёлимдан ўтган эмас. Аксинча, шунақа нопок бизнесга лаънат ўқиб, ухламай, кечаси билан тўлғаниб чиқдим. Хаёлимга қинғир фикрлар ҳам келмабди, бу ўйин бўлса-чи, деб. Шунча пулни қолдириб келганимдан ташвишга ҳам тушмабман. Ўзимга ўзим ҳозиргача ҳам ҳайрон қоламан ўшанда қўрқмаганимга.

Эрталаб ишга келсам, улар ҳам олдинма-кетин кириб келишди. Мен эса бироздан сўнг тендерга кетишим керак. Сейфни очиб, уларга дипломатини қайтиб бердим, аниқроғи, столга қўйдим. Жавобим шу эди. Улар билан гаплашгим келмади. Улар эса аввалгидан ҳам хотиржам эдилар:

- Жаноб Зиятов, сиздаги принципиалликни ҳурмат қиламиз, - деди улардан бири. - Лекин вазиятни сизга тушунтирмоқчимиз. Ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистон бозорига ҳеч кимни киритмаймиз. Бу қатъий фикримиз, бизлар бу ерда лоббист ролини ўйнаётирмиз, холос. Бу Европада қонунга зид эмас, фирмалар, уларнинг манфаатини ҳимоя қилишимиз учун бизларга пул беради. Тушунинг, бу бизнес, сиз ҳам шу бизнес ичидасиз”, деди-да ён чўнтагидан чек олиб столга қўйди ва бошқа қоғозга 1 миллион рақамини ёзиб, “Хоҳласангиз, шу суммага чек ёзиб бераман ёки жентелменчасига келишамиз. Бошқа давлатда счёт очиб, шу пулни счётингизга туширамиз. Бизни тушунинг, ростдан ҳам сизни ҳурмат қиламиз.

- Мен бу ишни қила олмайман, бир умр виждоним қийналишини истамайман. Келишолмадик сизлар билан, узр, хайр, - деб ўрнимдан турдим.

Улар аввал «Афсус, жаноб Зиятов», дея бош чайқашди. Сўнг «Тендерга бориб юрманг, у қолдирилди”, деб чиқиб кетишди.

Ҳақиқатан ҳам тендер ўша куни ҳам, ундан кейинги кунлар ҳам ўтказилмади. Афсуски, у пайтлар ҳукумат қарорларини ҳам писанд қилмайдиган кучлар бор эди, улар жуда юқори лавозимда эди. Уларни Ўзбекистоннинг картошкачиликдаги муаммоси мутлақо қизиқтирмасди.

Рости, ҳозир юртимизда картошка селекцияси, уруғчилигида нима ўзгариш, янгиликлар бўлаётганидан хабарсизман. Агар менга қўнғироқ қилган фермернинг гапига ишонадиган бўлсак, деярли ҳеч нарса ўзгармаган.

Хулоса сифатида айтмоқчиманки, бундан йигирма йиллар аввал мева, узум, сабзавот, полиз, картошка маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3 миллион тоннадан ошмасди. Ҳозир эса 20 миллион тоннадан кўп. Бу маҳсулотлар узоқ-узоқ давлатларга экспорт қилинмоқда. Бу борада картошкачиликда ҳам натижаларга эришиш қийин эмас. Фақат тармоқда ҳалоллик, селекция ишларига эътибор, рағбат бўлса бўлгани.

Дарвоқе, юқоридаги сарлавҳага чиқарилган сатрлар муаллифига айтмоқчиманки, деҳқоннинг қадоқ қўллари билан ва у ушлаган кетмоннинг зарбидан юртимизда сизнинг қорнингизни тўйдирадиган, кийинтирадиган маҳсулотлар яратилмоқда. Деҳқонни ҳам, унинг кетмонини ҳам ҳақорат қилманг, кўзингизга зарари бор!

Зойир ЗИЁТОВ.