Германияда ҳосилни кўпайтиришга интилмайди, аксинча маҳсулот кўпайиб кетишининг олдини олишади. Нега?
Исроилдан 400 килограмм сара уруғлик олиб келганимдан салкам бир йил ўтиб, 1997 йил кузда Венгрияда дунё уруғчилар секторининг халқаро симпозиуми бўлди. Унда қатнашиш баробарида бошқа давлатларга ҳам ташрифимизни режалаштирдик. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Йўлдош Узоқов бош бўлган делегациямиз аъзолари Германияда бўлди.
…«BASF» концерни Рейн дарёсининг ёқасида жойлашган экан. Бизни концерннинг икки масъул менежери қабул қилди. Концерннинг йиллик даромади 70 миллиард маркадан зиёд. Бу 50 миллиард доллар дегани ва Ўзбекистоннинг йиллик даромадидан бир неча марта кўп. Концерн ҳудудида 40 дан зиёд завод бўлиб, уларни бир бирига боғлайдиган темир йўл 210 километрни ташкил этади. Ишчиларнинг ҳар бири ўз заводига етиб бориш учун 40 мингтадан кўп велосипеддан фойдаланади. Битта завод ана шу велосипедларни таъмирлашга ихтисослашган. Энди концерннинг қудратини тасаввур қилаверинг.
Концерн менежерлари билан Ўзбекистонда иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, республикада концерн маҳсулотларини тарғибот қилишга бағишланган семинар ўтказишга келишиб олинди.
Расмиятчилик тугагандан сўнг эркин суҳбат давомида концерн президентининг Германия канцлери Гельмут Коль билан яқин ўртоқ ва оилавий борди-келдиси борлигини билиб олдик. Шундай пайтда миямда дарров қитмир фикр пайдо бўлди: канцлер истаган пайтида концерн президентини бирор йиғилишга чақириб ололадими, йўқми? Мезбонларга шу саволни бердим. Улар «Йўқ, чақириб ололмайди, чунки концерн президентининг иш режаси бутун йил давомида ойларга бўлиниб, аввалдан белгиланган, у шу графикдан чиқиб кета олмайди», дейишди.
Умуман, хорижда бўлганимда берадиган бу каби саволларим мустақилликка эришганимиздан сўнг барпо этаётган жамиятимизни демократик тамойиллари мезони қандай бўлиши кераклиги билан боғлиқ бўларди. Ахир, қайсидир мезонларимизда ўзимизга хослик ҳам бўлиши керак эмасми? Масалан, немислар юртида ердан олинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳосилдорлигини кўтариш, унинг сифатини яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ишлар, экинларни парвариш қилиш каби юмушлар телевидениеда, умуман, матбуотда қандай ёритилади? Жавоб ҳамма жойда бир хил бўлди: “Бу масала матбуотда ёритилмайди, борди-ю ёритилган бўлса, демак маҳсулоти кўпайиб кетганидан уни реклама қилаётган бўлади”.
Фермер ҳам, бутун мамлакат ҳам ҳосилни кўпайтиришга интилмайди. Аксинча, маҳсулот кўпайиб кетишининг олдини олишга интилади. Маҳсулот кўпайиб кетиши муаммо, уни кимга сотишни билмайди фермер, бизларга умримиз бўйи ёмонлаб келинган капитализмда тартиб шу. Ортиқча маҳсулот йўқ қилиб ташланиши ҳам мумкин. Лекин бу нотўғри. Бизлар шундай таълим олганмиз. Улар эса бошқача ўйлайди. Ортиқча маҳсулот йўқ қилиб ташланмаса бозорни издан чиқаради, деб ҳисоблашади...
«BASF» менежери учрашувимиз тугаб, тегишли протоколлар расмийлаштирилгач, Страсбургга боришни таклиф қилди. Ҳамма рози бўлди.
Шаҳарда бир неча тарихий жойларини томоша қилиб, кейин Европарламент йиғилиш ўтказадиган бинони кўрдик. Бир неча юз метр масофа ажратиб турадиган Франция ва Германия давлатлари ораларида қандайдир фарқ борлиги яққол сезилиб турарди. Хўш, бу фарқ нимада?
Бу савол билан немис менежерига савол билан мурожаат қилгандим, у аниқ мисол билан жавоб беражагини айтди ва биз овқатланиш учун кирган кафеда столимизга хизмат қилиб юрган қизни чақириб, ёнига ўтиришга таклиф қилди. Официант “Муаммо йўқ, бу биз учун норма, бунинг устига мижозни таклифини ҳурмат қиламиз”, дегандай чиройли табассум қилди. Буни суратга олиб улгурдим. Қизиғи, ҳеч ким биз томонга ҳайрат билан тикилмаётган, бу улар учун оддий ҳол эди.
- Германияда бундай одат йўқ, - деди менежер. - Борди-ю мижоз хизмат қилиб турган қизга шундай таклиф қилса, у олижаноблик билан мижозга рад жавобини беради. Лекин лабида албатта кулги-табассум бўлади. Бу - немисча маданият.
Страсбургдаги тарихий жойларни томоша қилиб, кечга Германияга қайтдик.
Эртаси кун Франкфуртга бориб, у ердан Будапештга учишимиз керак эди. Франкфурт аэропортида бизни “KVS” компаниясининг менежери Ингрид Штейн билан яна бир киши (кейин билишимизча, Италиядаги бир компания менежери экан) кутиб олди.
Ингрид – рус тилини беталаффуз гапирадиган аёл, компаниянинг Ўзбекистон билан муносабатларининг аҳамияти жуда муҳим эканини, шакар заводи ишга тушадиган бўлса қанд лавлагининг уруғини компания таъминлаб бериши бўйича келишув борлигини эслатди. Биз лавлаги уруғчилигини Ўзбекистоннинг ўзида етиштириш ва Ўзбекистон билан қўшма янги нав яратиш масаласини ҳам муҳокама қилдик. Рости, унинг гапларини тинглаб, менежерларга компания кенг ваколат берганидан ҳайратга тушдим. Билсам, бундай ҳолат бутун Европада бир хил экан. Масалан, уларнинг ихтиёрида бир неча 100 (компанияларнинг молиявий аҳволига қараб) минг доллар бўлиб, улар ундан хизмат сафари, бизга ўхшаганларнинг харажатлари ва умуман, компания манфаати учун зарур бўлган барча харажатларни мустақил амалга оширавераркан. Менежерлар бирга ишлайдиган томонлар билан музокарани ҳам берилган ваколат асосида мустақил олиб бораркан.
Германиянинг иқлими қанд лавлаги уруғини етиштиришга тўғри келмас экан, шу сабабли “KVS” уруғликларни жанубий ўлкалардаги давлатларда етиштираркан. Фақат хомашё “KVS” нинг Айнбекдаги йирик заводида инкрустация қилинади.
Будапешт аэропортида бизни Венгрия қишлоқ хўжалиги вазирлигининг махсус вакили кутиб олди. Шу куни меҳмонхонага жойлашиб, дастурга асосан кечки Будапештни томоша қилдик. Кейинги куни йиғилишда МДҲ давлатларидан келган эски танишларимизни кўрдик, ундан ташқари Европанинг бошқа давлатлари ва кўп мамлакатлардан селекция, уруғчилик компанияларининг раҳбарлари ва 20 дан зиёд давлатлар элчилари иштирок этди. Симпозиум давомида янги алоқалар ўрнатилди, бир қанчаси билан келишувлар имзоладик.
Шанба куни маданият тадбирларига ажратилган экан, делегация аъзолари учун Секешвехервари шаҳри ва Болотон кўлига саёҳат уюштирилди. Шу сафарим давомида Австрияга, АҚШнинг “Пионер” уруғчилик компаниясининг филиалига ташрифимиз ҳам кўзда тутилганди. “Пионер” компанияси президенти ва унинг ўринбосари Буян фамилияли киши ҳам шу симпозиумда иштирок этди. Буян билан шанба куни тонгда Будапештдан Австрияга жўнадик. Компаниянинг офиси ва заводи Вена шаҳридан 100 километрча берида экан. Заводга бордик, Ўзбекистондан меҳмон келишини айтишган шекилли бизни бир қанча мутахассислар кутиб олишди. Бу ерда давлат синови учун АҚШнинг ўзида яратилган маккажўхорининг ультра тезпишар оригинал уруғини етказиб беришга келишдик. Ундан ташқари, яна 5 тонна ана шундай уруғни гуманитар ёрдам сифатида юборишга ҳам келишдик, мақсадим шу уруғни Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятига тарқатиб, ўрилган ғалла ўрнига такрорий экин сифатида эктириб, аҳолининг қўшимча даромадга эга бўлишига эришиш эди. Бу масала ҳам ижобий ҳал бўлди.
Шу куни Буяннинг уйида меҳмон бўлдим. Эртаси куни Будапештга бориб, Йўлдош Узоқов билан бир қанча шартномаларни дипломатга жойлаб, юртимизга қайтдик.
Зойир ЗИЁТОВ.
(Давоми бор)