Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Альцгеймер касаллигига қарши вакцина яратилди

Жанубий Флорида соғлиқни сақлаш университети олимлари альцгеймер хасталигининг хавфли ва давоси йўқ тури билан касалланган беморларга ёрдам бериши кутилаётган вакцина яратишди. Бу ҳақда Lenta.ru нашри хабар берди.

Клиник синовлардан олдинги тадқиқотлар амилоид бета пептиднинг нейротоксик шаклларига қаратилган дентрит вакцина хавфсиз ва асаб ҳужайралари нобуд бўлишининг асосий сабаби ҳисобланган амилоиднинг қаттиқ қатламлари ҳосил бўлишига қарши иммунитетни шакллантиришини кўрсатди.

Бугунга қадар альцгеймер касаллигини даволаш учун синовдан ўтказилган барча антиамилоид вакциналарнинг клиник синовлари муваффақиятсизликка учраётган эди. Мисол учун, шундай вакциналарнинг бири синовдан ўтказилаётган вақтда бир нечта беморларда марказий асаб тизими яллиғланиши ривожлана бошлаган. Тананинг мудофаа реакциясини тартибга солувчи дентрит ҳужайралар мавжудлиги сабабли, янги дори кекса беморларнинг иммун тизимини ҳаддан ташқари зўриқтирмаслиги керак.

Янги вакцина альцгеймер хасталигига ёндош касаллик билан касалланган трансген сичқонлар хотираси пасайишини секинлаштиришга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, сичқонларнинг эмланган ва эмланмаган назорат гуруҳлари ўртасида плазмаларда яллиғланишли ситокинлар даражасида сезиларли фарқ аниқланмаган.