Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Соҳибқирон Амир Темур 1395 йилда рус ерларига ҳужум қилмасдан нега ортга қайтган?

1395 йилда енгилмас саркарда Амир Темур рус ерлари чегарасига ўз қўшини билан етиб келди. Агар Темур ҳужум бошлаганида, бу ҳолат ёш Москва князлиги учун ачинарли якунланиши мумкин эди ва бутун Россия тақдири қил устида турарди...

Амир Темур узоқни кўра оладиган ва иқтидорли саркарда эди. У доим ҳиссиётга берилмасдан, мантиққа таяниб қарор қабул қилган. Ўз замонининг жисмонан забардаст ва бақувват вакилларидан бўлган. Унинг суяклари ва бош чаноғи ўрганилганда, 68 ёшда вафот этган Соҳибқироннинг биологик ҳолати 50 ёшни кўрсатган.

Инсоният тарихида Амир Темур энг ўлкан салтанатлардан бирига асос солган. Унинг салтанати 4,4 миллион квадрат километрни эгаллаган ва бу ҳудудда 40 миллиондан ортиқ одам яшаган. Бу кўрсаткич ўша даврдаги ер юзи аҳолисининг тенг ярми эди.

Нега Амир Темур Россия томон қўшин тортиб борди?

Темур ва унинг болаликдаги дўсти Тўхтамишхон ўртасида кучли адоват юзага келганди. Бир вақтлар Темур Тўхтамишхон билан қалин дўст эди. У Тўхтамишхоннинг Олтин Ўрдага ҳукмдор бўлишига ёрдам берди. Бироқ Тўхтамишхон дўстликка ҳиёнат қилди ва қўшин тўплаб Темур ерларига ҳужум бошлади.

1395 йилда Темур Тўхтамишхон қўшинини енгди. Мағлубиятга учраган Тўхтамишхон Литов-Рус ерларида яширинди. Ўз навбатида, Темур душманини Рус ерларигача қувиб келди. Темур Рус князликлари чегарасига 400 минг жангчи аскар билан келганди. Ўша даврда бутун Русда ҳаммаси бўлиб 2 миллиондан ортиқ аҳоли яшарди. Уларнинг жанг қилишга қодир аскарлари бир неча ўн мингни ташкил қиларди, холос.

Рус қаршилик кўрсатишга қодирмиди?

1395 йилда Руслар мамлакати ночор аҳволда эди. Тўғри, улар 1380 йил Куликов жангида мўғуллар устидан ғалаба қучишганди. Аммо ўша ғалабадан сўнг улар Тўхтамишхон томонидан уюштирилган ҳужумлар ва босқинлар оқибатида кучсизланиб қолганди.

Амир Темурнинг Русга юриши жуда кам давом этди. У Рязан князлигига ҳужум қилиб, Елец шаҳрини босиб олди. Сўнг Елец шаҳри ёнида икки ҳафта қолиб, кутилмаганда Самарқандга қайтиб кетди.

Агар Темур ортга қайтмаганда нима бўларди? Аввало, Рус ачинарли аҳволда қоларди. 1395 йилда Рус жанг қилиш учун жудаям кучсиз эди. Ҳатто Темурга қарши тура олганида ҳам у илгаригидек бўла олмасди. Рус князларига ёрдамга Тўхтамиш томонидан юборилган Литов князи Витовт келаётган эди. Агар бирлашган қўшин Темурга қаршилик кўрсата олган тақдирда, Витовт Литвага ҳукмдор бўларди ва Новгород, Москва князликлари ягона уч славян мамлакатига айланиши мумкин эди.

Рус мамлакатини нима сақлаб қолди?

Темур нима сабабдан ортга қайтиб кетганини тарихчилар унинг салтанатида авж олган қўзғолонлар билан изоҳлашади. У босиб олган кам сонли халқлар доимий равишда Темурга қарши бош кўтаришган. Шу сабабдан саркарда ортга қайтган бўлиши мумкин? Рус Темур учун стратегик муҳим ҳудуд ҳисобланмаган. Тўхтамишни жазолашни у кейинга қолдирган бўлиши тахмини ҳам йўқ эмас.

Яна бир ривоятга кўра, Темурнинг тушига Биби Марьям (Исо Масиҳ (с.а.в)нинг онаси) киради ва рус халқига тегинмаслигини. Рус унинг халқи (унинг ҳимоясида) эканлигини айтади.

Темур қўшинини ортга қайтариб кетадиган куни кечаси (1395 йил 26 август) Москвага Византиядан совға сифатида юборилган Биби Марям иконаси - ҳайкалчасини олиб келишади. Ўшандан буён мазкур ҳайкалча Москва ҳимоячиси сифатида улуғланади. Айни вақтда ўша ҳайкалча Россиядаги Третьяковский черкови музейида сақланмоқда.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.