Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Амир Темур ғалабаларининг сири нимада?

Амир Темур ақл ва қалб моҳиятини фалсафий англаган, кенг илм ва  билимга эга, ноёб қобилият эгаси бўлган. У ақл ва қалбнинг жамият тараққиётидаги, инсонлар маънавиятидаги аҳамиятини яхши тушуниб, уни амалда қўллаш, давлат сиёсати даражасига кўтариш заруриятини фалсафий таҳлил қилиб, халқ бирлиги, миллий давлатчиликни, ислом динини мустаҳкамлашга сарфлаган буюк арбобдир.

Амир Темур инсондаги ақл, тафаккур кучини, ички руҳий дунёсини қамраб олган  ҳиссиётларини англаб, унга теран маъно берган ва унга қатъий амал қилган. Шу сабабли инсоннинг ақл ва тафаккури билан фикр юритиши яхши фазилатларнинг ривожланишига, юксак маънавият эгаси бўлишига асос бўлади, деб қараган.

Соҳибқирон қаерда ва қандай ҳолатда бўлмасин, ким билан суҳбатга киришмасин, аввало унинг фикрига, ақлига, тафаккур салоҳиятига эътибор қаратган.  Амир Темур ўзининг ўгитларида: “Ҳар кимдан кенгаш олдим, ҳар кимдан фикр ўргандим, қайси бири фойдалироқ бўлса, уни қалб хазинасида сақлаб, ишлаб билдим”, деб бежиз ёзмаган. Ушбу сўзлардан маълумки, бобомиз ўтмиш ва ҳаётий тажрибаларини ўзгалар фикри, маслаҳати, юз бераётган воқеаларни ўз ақли орқали тафаккурида қалби билан такроран таҳлил, тақриз қилиб, умумлаштириб, ягона фикрга, хулосага келган ва бу хулосаларни босқичма-босқич сиёсий жиҳатдан амалга оширишга ҳаракат қилган.

Амир Темурнинг қуйидаги сўзларида: “Тафаккур – фикрлаш (англамоқ) ва мушоҳада қилиш қобилияти, қувваи ҳофизаси кучли инсон ҳар қандай мушкулотни осон қилиш йўлини топ олади”, дейиши инсондаги ақлнинг донишмандлик билан тафаккур хулосасига келишининг, ҳаётда тўғри йўл топишининг асоси, деб тушунганлигидан далолат. 

  Соҳибқирон ҳаётий тажрибасида инсонларда маълум даражада фалсафий ички интуиция (ҳақиқатни далил билан исботламасдан, бевосита фаҳм-фаросат билан англаб олиш қобилияти) ва башоратчилик фазилатлари мавжудлигига ҳам ишонч ҳосил қилади. У Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилиб, жангу жадал пайтларида туғиладиган хавфларни бартараф қилишда қуйидаги рубоийни, яъни:

Эй қоронғу кечани шаъми-шабистон этган,

Бир лаҳазада оламни гулистон этган,

Бас, мушкул ишим тушубдур, осон этгин,

Эй, барчанинг мушкулин осон этгин.

дуосининг куч-қудратини тўхтовсиз 72 марта қайтарганлигимда сезганман, деб таъкидлаган.

Ривоятларга қараганда, Амир Темур Чингизий Илёсхўжа таъқибидан Хоразм воҳасига бориб қолади. Саратон иссиғида чўлу саҳрода ёлғиз кезиб, тўқайзорда дам олиб ётганида бир чумоли буғдой донидан олиш учун 7 марта буғдой поясидан юқорига кўтарилиб, қайта пастга юмалаб, донсиз йиқилаверади ва охири еттинчи ўринишида буғдой бошоқ донидан олиб тушишга эришади. Бу воқеани кузатган Амир Темур умидсизликка чек қўйиб, шижоат билан жойидан туриб, сафдошларини топади.  Катта кучга эга бўлиб, ғалабага эришади.

Ёхуд Амир Темур Шаҳризабзда мактабда ўқиб юрган кезларида домла ўқувчиларга “Эртага ҳаммангиз биттадан чумчуқ сўйиб олиб келасизлар. Лекин чумчуқни сўйганингизни ҳеч ким кўрмасин”, деб топшириқ беради. Эртасига Амир Темурдан бошқа барча ўқувчилар биттадан чумчуқ сўйиб, ҳеч ким кўрмаганлигини айтишади. Амир Темурдан “Нимага сен чумчуқни сўйиб келмадинг?”, деб сўраганда “Устоз, ҳеч ким кўрмайдиган жойни тополмадим”, деб жавоб беради. Домла эса ҳеч ким кўрмайдиган жойнинг манзилини айтиб, яна сўйиб келишга буюради. Бунга бобомиз: “Кечирасиз устоз, сиз айтган ўша пана жойни ҳам Аллоҳ таоло кўради-ку!” деб жавоб беради.

Соҳибқироннинг ёшлигиданоқ ноёб қобилият, ақл ва тафаккурга эга эканлиги ҳаёти давомида кўплаб мушкулотлардан осон чиқишига замин яратди.

Шу сабабли Амир Темур ақл, қалб, тафаккурий онгни ривожлантириб, ақл кучи билан иш тутишни давлат сиёсати даражасига кўтариб, таълим-тарбия, илм-фан ва маданиятни ривожлантирди. Ақл билан иш кўришни, масъулиятни сезишни, қонунга қатъий риоя қилишни, кучли интизом ўрнатишни темурийзодаларга мерос қилиб қолдирди. Жиноят ва жазони ақл тарозисида ўлчаш тартибини ўрнатди.

Амир Темурнинг шарқона маънавий ва фалсафий салоҳиятининг асл моҳиятини ташкил қилган учлик - бу “ақл – қалб – тафаккур” эканлиги ижтимоий тараққиёт ривожида катта аҳамиятга эга бўлган омил сифатида ўрганилса, фан дастурларига киритилса, янгиланиб бораётган Ўзбекистон келажагини таъминловчи  диний ва дунёвий илм эгалари, ўз келажагини кўра оладиган баркамол авлодлар етишиб бораверади.

А.САФАРОВ,

Регистон ансамбли илмий ходими.