Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аёллар матонати ҳақидаги ҳайқириқ

Беш ўғлини жанг майдонига жўнатган, улардан айрилган, фарзандлари ўлиб, ўзи тирик қолган онанинг фарёдидан аччиқроқ нима бор?! Ахир ўғиллари билан бирга унинг ҳам орзулари, умидлари қабрга кўмилмайдими? Беш ўғилдан айрилган она қандай қилиб тирик қолади? Қандай қилиб, бева келинларига, отасиз набираларига бош бўлади? Қандай қилиб бу шафқатсиз ҳаётда бош кўтариб юради?! Умрнинг авж нуқтасидан қулаганингдан сўнг ҳам ҳаёт борми? У қанақа ҳаёт?!

Оқлаш мумкин бўлган бирорта уруш йўқ тарихда. Урушларда ғолиблар ва мағлублар йўқ. Урушларда ярадор оналар бор. Биринчи ва кейинги ўқларнинг бари оналарнинг кўксига тегади.

“Илҳақ” фильми шулар ҳақида ҳикоя қилади. Уни йиғламай кўриш мумкин эмас. Халқни, миллатни буюк қилган кечмишлар йиғлатади. Зулфия она икки ўғлидан бирданига қора хат олган чоғда, тонг билан дарвозадан чиқиб кетади. Келинларнинг бири сезиб қолади. Онанинг ортидан сездирмасдан пойлайди. Она тўлиб, ҳайқириб оқаётган, соҳилларида ҳеч ким йўқ дарёнинг бўйига бориб овози борича бақириб йиғлайди, додлайди. Режиссёр шу эпизодни боплаб топган...

Бу кино буюк жасорат ҳақида, халқ ва аёллар матонати ҳақида ҳайқириқ бўлибди. У бизга ва биздан кейинги авлодларга кечаги кунлар ҳақиқатини айтувчи ровийдир. Ўғилларининг қайтишига ишонган оналар, келинчаклар ҳақидаги достондир. Ундаги ҳамма гаплар рост, ҳаёт ҳақиқатлари. Асрнинг энг оғриқли нуқтасидир. Енгилмас ва матонатли она ҳақидаги қўшиқдир.

Бундай оналар юртимиз ва миллатимиз ичида кўпчилик эди. Отаси, эри, тоғаси, амакиси, ака-укаси урушга кетган аёллар жуда кўп эди. Уруш олганларини ҳеч қачон қайтиб бермайди. Уруш, номинг ўчсин! Аёллар, болаларингиз жисму жонига сут билан қўшиб беринг, сингдиринг. Улар урушни ёмон кўрсинлар! Кино шулар ҳақида сўзлайди, унда тасвирланган аёллар мана бундай бўзлайди:

Тут шохидан отлар минган укама,
Отларини ётлар минган укама,
Жангга кетди жўрасига эргашиб,
Қирқ йил кутдим, бир келмади қир ошиб,
Уруш, топиб бергин, жоним укамни!

Эрка сингил эдим, камим йўқ эди,
На қўрқув, на армон, ғамим йўқ эди,
Бошимда соябон акам бор эди,
Йўлини пойлашиб қизлар зор эди,
Уруш, топиб бергин, менинг акамни!

Осмонларда юрган қиз бола эдим,
Кўнгил берган ёрим бўз бола эди.
Гарчанд, сочларим оқ, бўйларим камон,
Ўн саккиздан ўтмай кутаман, ҳамон,
Уруш, топиб бергин, севар ёримни!

Топганимни туюб, тўйлар қилмадим,
Қирларнинг устида уйлар қилмадим.
Ўқлар мени олмай, ўғлимни олди,
То абад қўлларим ёқангда қолди.
Уруш, топиб бергин, менинг ўғлимни!

Тоғдай елкасига бош қўёлмадим,
Ҳаттоки, қабрига тош қўёлмадим.
Мен тенги қизларнинг ҳаммаси етим,
Юз йил яшасам ҳам ўчмайди ўтим.
Уруш, топиб бергин, менинг отамни!

Хосият БОБОМУРОДОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.