Агентлик раҳбари Самарқандда: ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда
Вилоятимизда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирокида ёшлар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар билан учрашувлар ҳамда ҳудудларда ўрганиш ишлари ўтказилди.
Дастлаб, Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган аскарлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида белгиланган устувор вазифалар аскарларга тушунтирилди. Шунингдек, аскарларнинг мурожаатлари тингланиб, стартап ғояларига эга ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш имкониятлари ва мавжуд давлат дастурлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Мазкур мулоқот аскарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шундан сўнг Алишер Саъдуллаев Иштихон туманига ташриф буюриб, ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда қурилиши режалаштирилган Ёшлар маркази лойиҳаси билан танишди. Марказ барпо этилиши белгиланган ҳудуд жойига чиқиб кўздан кечирилди, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда марказнинг келгусидаги фаолияти юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан атрофлича фикр алмашилди. Якунда лойиҳа сифатли ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоятида маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш ҳолатини ўрганиш бўйича Республика комиссияси ишчи гуруҳи фаолияти бошланди. Иштихон туманида аҳолини рўйхатга олиш жараёнларининг ташкил этилиши, сифати ва самарадорлиги ўрганилди. Туман ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, таълим, бандлик, тадбиркорлик ва бўш вақтни мазмунли ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ҳарбий соҳага қизиқиш билдираётган ёшлар билан алоҳида учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ўрганишлар давомида стартап ғояларига эга ёшлар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд имкониятлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Ҳудудларда ўрганиш ва очиқ мулоқотлар изчил давом эттирилмоқда.
Чарос Саидова,
вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.