Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аёлни "шантаж" қилиб, ўлимига сабабчи бўлган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида бир аёлнинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузган шахсларга суд ҳукми ўқилди.

Бу ҳақда ЖИБ Касби тумани суди раиси М.Очилова Zarnews.uz га маълум қилди.

Ижарачи Г.Ш. ўзининг гўзаллик салонини М.Ж.га ойига 300 минг сўм эвазига ижарага беради. Жорий йил 1 апрел куни М.Ж.нинг қизи Ш.Р. ИИБ ходими З.Р. билан гўзаллик салонида қучоқлашиб турганида, ижарачи икки қизи ва куёви ҳамда жияни Т.С. билан кириб келади ва жияни Т.С.га уларни телефон орқали видео тасвирга олиш ҳақида топшириқ беради. Уларни видеога олиб, қиздан “мени З.Р. зўрлади”, деган тилхат ёздириб олади.

Шундан сўнг ижарачи Г.Ш. ИИБ ходими З.Р.дан О.Т.нинг мендан 10 миллион сўм қарзи бор, ўшани олиб берасан, деб талаб қўяди. Ш.Р.га эса агар ижара учун ойига 100 доллардан тўламасанг, видео тасвирларни намойиш қиламан, деб таҳдид қилган.

3 апрель куни видео тасвир тарқалиб кетишидан ва шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишидан қўрқиб, ўз жонига қасд килган Ш.Р. салон шифтига ўзини осиб қўяди.

Аёлнинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишида айбдор деб топилган  Г.Ш.га 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Т.С.га эса шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузгани учун 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.