Мусофирликда қариндошини қақшатган аёл 6 йилга қамалди

Дилшода (исмлар ўзгартирилган) оиласидан ажрашган, қарамоғида уч нафар фарзанди бор. Аёл рўзғор тебратишда ҳалол йўлни танламади, оқибатда бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилди. Шундан сўнг, Дилшода ишлаш учун Москва шаҳрига кетди.

Дастлаб бир корхонада фаррош бўлди, кейинчалик сотувчилик, кўча тозалаш ишларида ишлади. Аста-секин муҳитга мослашиб, танишлар орттирди. Кейин осонроқ пул топиш ҳақида ўйлади. Ҳаёт синовларида тобланган аёл ўзича пухта режа қилди. “Кўпни кўрган” аёл бегона эмас, ўз жиянини, содда оиласини сарсон қилишни ўйлади.

Кўп қаватли уйлардан 3 хоналик хонадонни ижарага олди-да, енгилтак қиз-жувонларни тўплаб фоҳишахона очди. Шундан сўнг, қўли пул кўриб, ҳаёти фаровонлашди. Таниш-билиши кўпайди, ўзини тадбиркор аёлдай тута бошлади. Энди даромад турларини кенгайтириш ҳақида ўйлай бошлади.

Бир сафар юртга қайтган Дилшода жияни Майсарани йўқлаб борди. Майсаранинг оилавий шароити анча енгил эди. Эри Тўлқин ва укаси устачилик қиларди. Уларнинг машина таъмирлаётганини кўрган Дилшоданинг бирдан “калласи ишлаб кетди”.

- Куёв, гулдай ҳунарингиз бор экан, бу ерда хор бўлиб юрибсиз. Бунақа касбдагилар Россияда зўр пул топади. Москвада сизларга зўр иш топиб бераман, кўп пул топасиз. Мен яқинда кетаман. Аввал бориб, иш топай кейин сизларни чақираман. Майсарага ҳам топиб бераман, - деди ҳаммани оғзига қаратиб.

Дилшода Россияга боргандан сўнг Тўлқинга қўнғироқ қилди:

- Сизларга зўр иш топдим, укангни ҳам олиб кел, ҳар бирингиз 1000 АҚШ долларидан ойлик оласизлар, хотинингни ҳам олиб кел. Йўл кира 900 AҚШ доллари бўлади, танишимдан олиб туринглар, кейин ҳисоб-китоб қиламиз. Тезроқ келинглар, бўлмаса ишлайман деган кўп, ишларингни олиб  қўйишади.

Шундан кейин Тўлқин оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, аёлнинг гапига ишониб, Москва шаҳрига ишга кетишга рози бўлди. Аёл таниши орқали билетга пул юборди. Тўлқин укаси, хотини ва 6 ойлик фарзандини олиб Москва шаҳрига учиб кетди.

Аэропортда уларни Дилшоданинг танишлари кутиб олиб, Москва шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирига олиб келишди. Дилшоданинг уйида ўзидан ташқари жуда кўп ёш қиз-жувонлар бор эди. Уларнинг муомаласи, ўзини тутиши, очиқ-сочиқ юриши кимлигини, нима иш билан шуғулланишини кўрсатиб турарди.

Дилшода “сизларни рўйхатга қўяман” деб уларнинг паспортларини олди. Кейин:

- Ишни гаплашиб қўйдим, иш тайёр, 1000 доллардан оласиз. Ҳозирча ётоқжой гаражнинг ўзида бўлади, кейин ишлар яхши бўлса, ўзларинг ижарага уй оласизлар, - деди.

Эртаси куни аёл уларни уйидан бир километрлар узоқда жойлашган бир нечта гаражларнинг олдига олиб борди. Узунроқ гаражга, устахонага олиб бориб Тўлқин ва укасини устахона эгаси Фамил исмли киши билан таништирди.

Дилшода устахона эгаси билан ишни гаплашганда, йигитларнинг иш ҳақини ўзига беришини тайинлаб қўйганди.

Фамил гаражнинг охирида парда билан ўралган жойни кўрсатиб:

- Мана шу ётоқ жойларингиз, маош олгунингизча озиқ-овқат билан таъминлаб тураман, кейин ҳисоб-китоб қиламиз, - деди.

Парда ортида тахталардан ясалган кравот, устида эски матраслар турарди.

Телефонда гаплашганда бошқача хаёл қилган Тўлқин жойни кўриб, ҳайрон бўлди.

- Бу шароитда қандай яшаймиз, ёш боламиз бўлса, - деди.

- Сизлар ишни бошлайверинглар. Мен жиянимни боласи билан олиб кетаман, яхши иш топиб бераман, - деди.

Тўлқин хотинини Дилшода олиб кетишига кескин қаршилик қилди. Унинг уйидаги вазиятни яхши билгани учун, бу аёлдан ҳар нарсани кутиш мумкинлигига ишона бошлаганди.

Шундан кейин ширин хаёллар билан келган Тўлқин ва яқинларининг азобли кунлари бошланди. Фамил енгил-елпи егуликлар олиб келишдан нарига ўтмади.

Гаражнинг ичи совуқ эди, тахтанинг устига одеял ва матрасларни тўшаб ётган оила машаққатли кунларни бошдан кечирди. Бир ой давомида Дилшода ҳар куни келиб, уларни назорат қилиб кетди. Бир ой ўтиб, Тўлқин иш ҳақини сўраганда, устахона эгаси уни Дилшода олиб кетганини айтди.Тўлқин Дилшодага қўнғироқ қилганда аёл:

- Фамил билан бир йилга шартнома қилганман. Пулларингни охирида оласанлар, ҳозир пул берсам, қочиб кетишларинг мумкин, - деди.

Орадан яна бир ой ўтди. Ўта хароб яшаш, ҳуқуқсизлик, меъёрида овқатланмаслик уларнинг тинкасини қуритди. Тузукроқ кўчага ҳам чиқолмайди, чунки қўлларида бирорта ҳужжат ҳам, пул ҳам йўқ. Полиция ушлаб кетса, ҳимоя қиладиган, олиб чиқадиган одам йўқ. Яна Дилшодага қўнғироқ қилишди:

- Иш ҳақимиздан олганингизча олиб, қолганини беринг, бошқа жойда ишламоқчимиз, - деб ялинишди. Лекин ўзгалар ҳисобидан роҳатда яшаётган аёл кўнмади. - Кўчага чиқсаларинг милицияга қўлга тушасизлар, улар тўғри мени олдимга олиб келади. Ҳеч қаерга кета олмайсизлар.

Пулсиз, паспортсиз ҳеч қаерга кетолмай, ноиложликдан ишлаб юришга мажбур бўлишди.

Бир куни Тўлқин ҳудуд полиция нозирига билан учрашди. Нозирга Дилшода уларни мажбурлаб ишлатаётгани, паспортлари ва маош пулларини бермаётганлигини айтди. Ҳақиқатан, полициячи Дилшода билан таниш экан. Бундан хабар топган Дилшода телефон қилиб, роса ҳақорат қилди, дўқ-пўписа қилди.

Бир куни устахонага машинасини тузатишга бир ўзбек йигити келиб қолди. Тўлқин унга вазиятни тушунтирди. Ўша йигит уларни бошқа бир устахонага олиб борди. Устахона эгаси уларга яшаш ва ишлашга яхши шароит қилиб берди, иш ҳақини ҳам вақтида берди.

Шундан кейин одамга ўхшаб яшай бошлашди, меҳнатига яраша пул топа бошлади. Орадан ойлар ўтиб, аввал укасини юртга қайтарди. Кейин эр-хотин бирга қайтгач, Дилшоданинг устидан арз қилишди. Иш ҳақини бермай, оғир шароитда мажбурлаб ишлатганини баён қилиб, аёлга қонуний чора кўриш, етказилган моддий-маънавий зарарларни ундиришни сўради.

Суд мажлисида айбига қисман иқрор бўлган Дилшода жиянига ёрдам қилиб, марҳум опасининг руҳини шод қилмоқчи бўлганини, уларни ёллаб ишлатмаганини айтиб, ўзини оқламоқчи бўлди. Бироқ, фактлар олдида бош эгди.

Суд ҳукми билан Дилшода 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Толиб Бойзоқов,

Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари.

Бекзод Жумабоев,

вилоят суди судьяси.