Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Биз коррупцияга қаршимиз. Сиз-чи?

Машинангизда кетаяпсиз. Қоидани буздингиз. ЙПХ ходими тўхтатди ва баённома расмийлаштирмоқчи бўлди. Сиз унга илтимос қила бошладингиз ва гап орасида "уни рози қилиб кетиш" ҳақида гапирдингиз.

У рози бўлди ва пулингизни олиб сизни қўйиб юборди. Сиз унинг ишидан хурсанд бўлиб раҳмат айтдингиз. Сиздан анча ёш бўлишига қарамай "ака, яхши кунларда учрашайлик" деб хуш кайфият ила у билан хайрлашдингиз. Машинангизга ўтирганданоқ ўша ЙПХ ходимининг яхши одам эканини, сизга яхшилик қилганини шерикларингизга мақтаб қўйдингиз. Кейин эса қаерда ЙПХ ходимлари ҳақида гап очилганда сиз "Сирдарёда..., Жиззахда..., Самарқандда..., йўлда фалон жойда яхши бир ГАИ ходими туришини ва у сизга яхшилик қилганини" мақтаб гапириб юрасиз.

  Борди-ю вазият аксинча бўлса-чи? ЙПХ ходими "илтимосингизга” кўнмай баённомани расмийлаштирди. Сиздан ёши катта бўлса-да ҳақорат қилиб кетасиз. Камига, машинангизга бориб ўтирганданоқ уни шерикларингизга ёмонлайсиз. Кейин қаерда ЙПХ ходимларидан гап очилса  қўлига тушсанг ёзиб юборади, пул ҳам олмайди, илтимосингга ҳам кўнмайди, деб ўша ходимни ёмонлаб юрасиз.

  Жамиятимизда порахўрлик ва коррупциянинг йўқолишини хоҳлаймиз. Аммо бунга ўзимиз амал қилмаймиз. Дейлик, бирор идорага бордик. Ҳужжатларимизда камчилик борлигини айтган ходимга “рози қилиб кетиш”имизни айтиб, шу камчиликни инобатга олмаслигини сўраймиз. Қарабсизки "сиздан угина, биздан бугина" тарзида ишимиз битаяпти.

Эътибор бериб қарасак, қаерда бўлмасин, пулимизни олиб ишимизни, сал ноқонуний тарафи бўлса ҳам битириб берадиган одамлар биз учун "яхши одамлар". Аксинча, хатти-ҳаракатимизга қонунан чора кўрадиган, биз таклиф этаётган “рози қилиш”га кўнмайдиган инсонлар бизнинг назаримизда “ёмон одамлар”.

Жамиятдан порахўрликни йўқотиш керак, деб аюҳаннос соламиз-у лекин ишимизни тезроқ битириш учун аксарият ҳолларда ўзимиз пора таклиф этамиз. Қонун ҳамма жойда устувор бўлишини хоҳлаймиз, аммо уни биринчи бўлиб ўзимиз бузамиз.

Баъзида шу гапларни гапириб ким биландир баҳслашиб ҳам қоламан.  "Энди ЙПХ ходимига 3-4 сўм берган билан катта бир идоранинг раҳбари олаётган поранинг фарқи бор-да" дейишади. "Сизни қўйиб юборгани учун ЙПХ ходимига ўзингни наздингизда "озгина" пул бераяпсиз. Олса хурсандсиз. Олмаса сўкасиз. Ана ўша катта бир идора раҳбарининг олдига бораётганлар ҳам сиздай. Идора раҳбари, камчилигига қарамай пулларини олиб ишларини битирса ундан яхши одам йўқ. Мабодо "иложи йўқ, ҳужжатларингизда камчилик бор" деб қайтарса ундан ёмон, ундан порахўр одам дунёда йўқ.

Жамиятда порахўрликни йўқолишини хоҳлайсизми, унда биринчи навбатда қонунни бузманг. Иккинчидан, ўзингизнинг қонунбузарлигингизни кимларгадир пора бериб ёпиб кетишга уринманг. Акс ҳолда ҳаммаси бекор гап бўлиб қоғозда қолиб кетаверади. Сиз эса ўзингиздан олдингилардай ўрни келганда ишингизни битириш учун порани ўзингиз биринчи таклиф қилиб, сўнг "жамиятимиз порахўрликка тўлган, уни йўқотишимиз керак" деб қичқириб ўтиб кетаверасиз.

Аммо, барибир уларнинг наздида бир тарафдан порахўр ёмон одам, аммо ўзи биронта масъул ходимга ишини тезроқ битириш учун пора берса буни "ёмон иш қилаяпман" деб ўйламайди.

Жамиятдаги пора олди-бердиси ва порхўрликка бўлган мана шундай икки хил муносабат ҳам бизда порахўрликка сабаб бўлмаяптимикан?

Ғайрат Йўлдош.