Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу йилги тест синовлари қачон ва қай тартибда ўтказилади?

Президентимиз раислигида шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Таълимга дахлдор барча вазирлик ва идоралар, муассасалар зиммасига мавжуд масалаларни содда ва қулай, лекин карантин талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда ҳал этиш мажбурияти юкланди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун учта мажбурий ва иккита мутахассислик фанидан имтиҳон топшириши бўйича шу йил жорий этилаётган амалиёт юзасидан ҳам фикр билдирди. Карантин шароитида ёшларнинг имтиҳонга тўла тайёргарлик кўриш имконияти чеклангани таъкидланиб,  

Давлат тест маркази олдига тезкорлик билан ҳал этиладиган долзарб вазифаларни қўйди.  

Дарҳақиқат, карантин чекловлари туфайли абитуриентлар кириш тест синовларига кўнгилдагидек тайёргарлик кўролмагани аниқ. Шу боис, бу йил олий таълим олишга ҳаракат қилаётган ёшлар учун қатор енгилликлар кўзда тутилмоқда. Аввало, тест  топшириқлари соддалаштириляпти. Хусусан, фанлар кесимида ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги (энг осон) тест топшириқлари сони 6 тадан ўртача 10 тагача етказилмоқда. Абитуриентларнинг тест топшириқларини  тез англай олишлари, фикрлашлари ва вақт тежашлари учун жорий йилда ҳам тарих, география, чет тили (инглиз, немис, француз), биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари бўлади. Она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия  

қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпаяди, матн таркибидаги сўзларни тўғри қўллангани, гапларни тўғри тузилганини аниқлаш,  

матндаги сўзларнинг маъносини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш юзасидан тест топшириқлари шакллантирилмоқда. Кимё фанидан назарий саволлар сони оширилади, лаборатория ишларига оид тест топшириқлари яратилади. Физика фанидан ҳам энг осон тест топшириқлари сони 10 тага ошиб, назарий тест топшириқлар сони кўпайтирилади.  

Шунингдек, абитуриентларга янада  

қулайлик яратиш мақсадида “Доимий физик катталиклар жадвали” ишлаб  

чиқилди, у тест синови жараёнида  

тақдим этилади. 

Яна бир енгиллик шуки, абитуриентларни рўйхатга олишда киритиладиган маълумотлар яна ҳам камайтирилади. Рўйхатдан ўтиш жараёни давлат хизматлари марказлари, ягона интерактив давлат хизматлари портали, шунингдек, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн режимда амалга оширилади.  

Уйидан чиқмаган ҳолда, мобиль телефон (компьютер) ёрдамида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.  

Айни пайтда яратилган зарурий дастурлар Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида тест режимида ишга туширилди ва ҳозир абитуриентлар кўникма ҳосил қилиш, умуман, машқ қилиш учун ундан фойдаланмоқда. 

Тест натижасини эълон қилиш тартиби, эълон қилиш манбалари ўзгармаганини эслатиб ўтиш жоиз. 

Шунингдек, эндиликда абитуриентлар инглиз, немис ва француз тилларидан ташқари, ўзбек, рус, қорақалпоқ тили ва адабиёт, математика фанларидан ҳам миллий сертификат олиши ва бу фанлардан тест синови топширмай, максимал баллни қўлга киритиши мумкин. Бу имконият жорий йил охирига қадар йўлга қўйилиши  

кўзда тутилмоқда. Шунингдек, келаси йилдан бошлаб бошқа умумтаълим фанларидан ҳам мазкур тажриба босқичма-босқич амалга оширилади. 

Шу ўринда айни кунларда абитуриентларни қизиқтирган тест синовлари бўлиб ўтадиган муддат ва бу йилдан жорий қилинаётган тест синови топшириладиган 5 та фан тўғрисида маълумот бериб ўтсак.  

Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, белгиланган муддат ва 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритиш ҳозир ҳам амалда.

Мамлакатимизда давом этаётган пандемия шароитида эҳтимолий вазият ҳақида олдиндан бир нима дейиш қийин.  

Масалан, карантин чекловлари бекор қилиниши ҳам, аксинча бўлиши ҳам мумкин. Бу борада муҳим қарорни республика махсус комиссия чиқаради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгаришлар тўғрисида жамоатчилик тезкорлик билан хабардор қилинади. 

Умуман, абитуриентларга жиддий,  

пухта тайёрланиш тавсия қилинади.  

Бу йилги кириш тест синовлари қачон ва қай тартибда бўлмасин, барибир ўтказилади.

Мажид Каримов,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори.

(«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2020 йил 15 май сонидан олинди).