Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Буффонада услубида саҳналаштирилган “Падаркуш” драмаси туманларда ҳам намойиш этилади

Республикамизнинг энг ёш театрларидан бири Ўзбекистон давлат сатира театри ўзининг “Ўқимоғон боланинг ҳоли ёхуд “Падаркуш” миллий фожиавий комедия спектакли билан Самарқанд меҳмон бўлиб турибди.

Театр 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, илк бор Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” спектаклини саҳналаштирган.

Бундан бир аср олдин вилоят мусиқали драма театрида Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан саҳналаштирилган “Падаркуш” драмаси буффонада услубида, яъни комедия ва драманинг уйғунлиги асосида саҳналаштирилган.

- Самарқанддаги театрда бундан етти йил олдин режиссёр Лутфулла Саъдуллаевнинг “Насриддиннинг ёшлиги” спектаклини намойиш этган эдик, - дейди театр раҳбари ўринбосари Қаҳрамон Мелиев. – Бу галги ижодий сафаримизда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси асосида, 2018 йилда режиссёр Жўрабек Рўзметов томонидан саҳналаштирилган “Ўқимоғон боланинг ҳоли ёхуд “Падаркуш” миллий фожиавий комедия спектаклини намойиш этамиз. Асарда ўқимаган боланинг ичкилик туфайли ўз отасининг фожиали ўлимига сабаб бўлиши, ўзининг мустақил фикрига эга эмаслиги қаламга олинган. Мазкур асар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Навоий, Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё вилоятларида спектакл томошабинлар томонидан ўзгача бир қизиқиш билан кутиб олинди.

Спектаклдаги роллар ёш актёрлар Азамат Қурбонов, Жаҳонгир Қўчқоров, Наргиза Элтоева, Муслим Нуралиев, Илҳом Юсупов, Бобур Айтмаганбетов, Юсуф Файзиевлар томонидан маҳорат билан ижро этилди. Мазкур асар вилоятимизнинг Оқдарё, Пахтачи, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Нуробод, Пайариқ туманларида ҳам 19 мартга қадар намойиш этилади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.