Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чатал ҳўйук нима дегани?

Бугун сизларга Кўнияга сафаримиз чоғида менда катта таассурот қолдирган яна бир ғаройиб манзил – Чатал ҳўйук ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман.

Ғаройиб тепалик

Инсониятнинг илк яшаган манзиллари, макон тутган ерлари, илк қурган бошпаналари ҳақида кўп ўқигансиз. Ўзбекистон ҳудудида ҳам бундай маконлар жуда кўп. Масалан, бугун кўп тилга олинаётган Ахсикент тепалиги остидаги уйлар ҳам ана шундай қадимий манзиллардан. Аммо бу уйлар икки-уч минг йиллик тарихга эга. Ана шундай маконлардан ўн минг йиллик тарихга эга жой ҳам борлигини биласизми?

Ана шундай жой, дунё олимлари ҳозирча бир овоздан инсоният тарихидаги илк қурилган уйлар деб тан олган уйлар биз ҳикоя қилмоқчи бўлаётган Кўниядаги қадимий манзилгоҳ – Чатал ҳўйук тепалиги остидаги уйлардир.

Биз қадимда одам зоти ғорларда яшагани, ов қилиб кун кўрганини биламиз. Аммо одам зоти қачондан бошлаб ғордан чиққанини, қачондан бошлаб ўзларига уй, ҳатто шаҳарча қурганини, улар бу уйларни қандай қургани, нима еб-ичгани, нималардан қўрққани, қандай тирикчилик қилганини билмоқчи бўлсангиз, Чатал ҳўйукка келинг!

Чатал – “вилка”, яъни санчқи, паншаха дегани. Ҳўйук – қўрғон, қалъа, тепалик дегани. Демак, бу жой номини паншаха шаклидаги қўрғон, деб англасак бўлади.

Денгиз сатҳидан 1000 метр баландда бўлган Кўниядан 40 км. масофадаги бу улкан тепалик – Чатал ҳўйук ҳақида маҳаллий аҳоли орасида бир-биридан ваҳимали гаплар юрган, улар бу жойларда деҳқончилик қилиш, бир нима экишдан ҳам қўрқишган, фақат одамлар молларини боқиб юрган.

1958 йилда Британия археологик институти тадқиқотчилари Дэвид Френч, Алан Холл ва Жеймс Меллаартлар илк бор текис жойда қад кўтарган тепаликка эътибор қиладилар. Дастлабки топилган сопол буюмларни кўрибоқ, улар ғаройиб фантастик кашфиёт қошида турганларини пайқашади. Кейинги топилмалар бу нарсани тасдиқлайди. Аммо бу қазишмалар кўплаб жанжал-можароларга сабаб бўлади ва 1965 йилда Туркия ҳукумати қазишма ишларини тўхтатади.  Фақат 1993 йилдагина қайта рухсат берилгач, инсоният Чатал ҳўйук сирларидан воқиф бўлди ва 2012 йилда ЮНЕСКОнинг маданий мерос обидалари рўйхатига киритилган бу тепаликдаги уйлар инсон қўли билан қурилган энг биринчи уйлар деб эътироф этилди.

Аммо шуни ҳам айтиш лозимки, ҳали тепаликнинг фақат 5 фоизигина ўрганилган! Яъни, ҳали Чатал ҳўйук ўз бағрида жуда катта сирларни яшириб ётибди.

 

Ажабтовур уйлар

Чатал ҳўйукдаги тепалик бекорга 20 метргача кўтарилиб кетмаган. Одамлар дастлаб қурган уйлари 70-80 йилда яроқсиз бўлиб қолгач, уни бузиб, текислаб, устига янгисини қуриб олаверишган. Уйлар ғишт ва ёғочдан қурилган. Эскиси ўрнида янгисини қуравериш натижасида шаҳарча кўтарилиб бораверган ва бугун биз гувоҳи бўлган улкан ҳудудни эгаллаган салкам 20 гектарлик тепалик пайдо бўлган. Қазишмалар чоғида бу уйлар 18 қаватгача бўлгани аниқланган. Бу “шаҳарча”да уч мингдан ўн минггача аҳоли истиқомат қилган ва уйларнинг сони икки мингтага етади.

Уйларнинг ғаройиблиги шундаки, уларда эшик, дераза йўқ. Бу уйларга томдаги тешикдан тушишган. Улар шу йўл билан йиртқич ҳайвонлар ҳужумидан сақланган. Томдаги ягона тешик ҳам эшик, ҳам ёруғлик тушадиган дераза, ҳам тутун чиқадиган дудбуррон, ҳам ҳаво кириб турадиган “кондиционер” вазифасини ўтаган. Уйлар бир-бирига тиғиз қилиб қурилган ва бу “шаҳарча”да кўчалар бўлмаган. Уйлар орасида чорва ҳам боқилган.

Ҳар бир уйда “спалний”лар, ошхоналар, ўчоқ ва тандирсимон нарсалар, озиқ-овқат сақланадиган омборлар, ҳатто сиғиниш учун алоҳида бурчаклар ҳам бор. Ҳар бир оила истиқомат қилган уйнинг бир бурчида, албатта, ҳўкизнинг бош суяги бор ва улар ҳўкизга сиғинишган. Қизиғи, айнан ҳўкизларни овлаб, гўштини истеъмол қилишган, яъни “Худоларини еб юришган”. Бунга ўша уйларнинг деворларида сақланиб қолган суратлар гувоҳлик беради.

Қадимий одамлар сиғинган яна бир “тотем”лари – сурат ва ҳайкалчалари бутун дунёда кенг тарқалган улкан ва бесўнақай аёл. Аёл авлодларнинг давомчиси сифатида улуғланган ва бу беўхшов аёл Худо сингари эъзозланган.

Қизиғи, Европа давлатларидан топилган Она-Худолар ҳайкалчалари ҳам айнан шунақа кўринишда...

Бу ва бошқа кўплаб топилмалар бугун Анқара ва Кўниядаги археология музейларида сақланмоқда.

Чатал ҳўйукликлар шаҳарчаларидан олисроқдаги далаларда деҳқончилик қилишган, тоғларда ов қилишган. Ошхоналаридан ҳўкиз, от, кийик, чўчқа, эчки, балиқ, қуш, ҳатто ит суяклари топилган. Деворларида ҳам шу жониворлар суратлари бўлган.

Шу уйларнинг айримлари қабристон вазифасини ўтаган. Масалан, битта уйдан 68 та жасад суяклари топилган. Улар ўликларини энг баланд жойга қўйишган, қушлар унинг гўштларини еб битиргач, суякларини олиб келиб, дафн этганлар.

Сўнгсўз ўрнида

Охирги тадқиқотларнинг натижалари оламшумул. Мана улардан аҳамиятли бўлганлари:

Инсоният Чатал ҳўйукдан тарқалган!

Дунёдаги барча тиллар Чатал ҳўйукликлардан тарқалган!

Энг дастлаб деҳқончилик Чатал ҳўйукда бўлган!

Европага қишлоқ хўжалиги Онадўлидан, аниқроғи, Чатал ҳўйукдан борган!

Чатал ҳўйукликлар европоидлар бўлишган!

Чатал ҳўйук Она-Аёл-Худога сиғинган илк одамлар макони!

Бугунги кунда Чатал ҳўйук дунёнинг энг машҳур жойига айланди ва уни минглаб сайёҳлар, олимлар келиб кўрмоқда.

Албатта, Кўнияга келинг!

Албатта, Чатал ҳўйукни ўз кўзингиз билан кўринг!

 

Каримберди Тўрамуродов,

Кўния, Чатал ҳўйукдан http://zarnews.uz/ учун махсус.