Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дарахт бир жойда кўкаради

Отам Мустафоқул Муҳаммадиев бу гапни кўп такрорлар, унга амал қилишимизни уқтирарди.

Зомин туманининг олис Карим қишлоғида туғилган отам илк меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, кейинчалик прокуратура, суд идораларида ишлаган. Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олгач, отамнинг ҳуқуқ соҳасидаги иш фаолияти Иккинчи жаҳон урушининг оғир ва машаққатли йилларига тўғри келган. Отам адолатпарвар, қонун устуворлигига доимо риоя қиладиган ҳақиқий ҳуқуқшунос эди. Бировни ноҳақ айблашдан, жабр қилишдан мутлақо йироқ эди. Кўриб чиқиладиган ҳар бир жиноий ишга ўткир дид, ақл-фаросат билан, инсон тақдири ҳал бўлаётганини унутмасдан ёндашарди. У кишининг бу фазилатларини кўплаб шогирдлари ҳалигача айтиб юришади. Бу қатъий “ҳукм”га 1943-1948 йилларда Қорақишлоқ тумани прокурорининг ёрдамчиси, 1948-1958 йилларда Қорадарё, сўнгра Қоракўл тумани прокурори, Самарқанд шаҳар прокурорининг ёрдамчиси, Пахтакор (ҳозирги Пахтачи) тумани прокурори, Паст Дарғом тумани прокурори ёрдамчиси, сўнгра Булунғур ва Жомбой туманлари судининг судьяси вазифаларида ишлаган чоғида оғишмай амал қилган. Шунинг учун ҳам 1969 йилда у кишига «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони берилган.

Отам лавозимини, касбини пеш қиладиган калондимоғ кишиларни ёқтирмас эдилар. Мулоқотлар чоғида биз, фарзандлар бунга гувоҳ бўлганмиз.

Прокурор ёки судьялик лавозим эмас, балки касб, адолат ва виждон амри билан эл-юртга хизмат қилиш, халқнинг тинч ва осойишта яшашга, қонунларга итоат қилишга чорловчи бурч деб биларди. Айрим йигит-қизларни азбаройи прокурор ёки судья бўлиш учун ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кираётганлигини сира ҳазм қилолмасди. “Улар, аввало, қонунчилик моҳияти, вазифаси, тарихини чуқур ўрганишлари, ҳаёт синовларидан ўтиб, одамлар билан ишлаш тажриба, кўникмаларига эга бўлишлари керак. Ундан кейин аниқ мақсад билан ҳуқуқшунос бўлишга жазм этишлари зарур”, деб ҳисобларди.

Ўзи ҳам бир умр ана шу ақидага амал қилиб яшади. Шунинг учун ҳамкасблари, шогирдларини камтар бўлишга чақирган. Адолат, одамлар тақдирига чуқур масъулият билан ёндашиш лозимлигини қулоқларига қуюб келган.

Отам ҳаётдан ҳикмат излаган инсон эдилар.

Кўп китоб ўқирди. Давраларда, ўзаро суҳбатларда, мажлисларда афоризмга ўхшаш ҳикматли гапларни кўп айтарди. Улардан ёдимда қолганини ҳамон такрорлаб юраман: “Дарахт бир жойда кўкаради”, “Ошириб юборилган мақтов ҳам, танқид ҳам зарарли”, ”Душман орттирмаслик учун кечирим сўрашни билиш керак”.

“Дарахт бир жойда кўкаради”, деган гапни кўп такрорлар, унга амал қилишимизни уқтирарди. Бунга биз, етти ака-ука, опа-сингил, янга-ю келинлар амал қилдик. Хусусан, опам Адолат Ўсарова 40 йил Самарқанд шаҳридаги 34-сон мактабгача таълим муассасасида ишлаб, нафақага чиқди, халқ таълими аълочиси бўлди. Янгам Ойша Қодирова (раҳматли) 30 йилдан зиёд Самарқанд шаҳридаги 64-умумий ўрта таълим мактабида биология фанидан ўқувчиларга сабоқ берди. Ўзим Самарқанд иқтисодиёт (аввалги кооператив касб-ҳунар техникуми) коллежида 42 йил ўқитувчилик қилдим. Келинларимиз - Дилбар Расулова Жомбой туманидаги 23-мактабда 40 йил, Олмахон Муҳаммадиева вилоят инжиниринг компаниясида 30 йил муҳандис бўлиб ишлади. Муҳими, падари бузрукворимнинг ўзи ҳам 42 йил давомида прокуратура ва суд идораларида бенуқсон фаолият кўрсатди.

Отам 84 йил умр кўрдилар. У кишининг ҳаёти ҳам, меҳнат фаолияти ҳам биз учун ибрат мактаби. Бугун бир этак невара ва эваралари бобоси ортидан халққа виждонан хизмат қилиш учун ўқиб, изланяпти. Биз набираларимизга отамизнинг ажойиб хислатлари билан боғлиқ ўтган воқеаларни ҳикоя қиламиз, қилган эзгу ишларини ибрат мактаби қилиб кўрсатамиз.

Муборак Расулова.