Чиқинди учун тўлов тарифлари ошади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўқсон саккизинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб ташкилий масалалар кўрилди. Тўхтаев Ҳусан Мирзаевични вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинлаш тўғрисидаги, Абдуллаев Отабек Азимжоновични вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича инжиниринг компанияси» давлат муассасаси директори этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорлари тасдиқланди.

Шундан сўнг Президентимизнинг 2023 йил 23 октябрдаги «Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан «Самарқанд сув таъминоти» акциядорлик жамияти директори Комил Юсуповнинг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда вилоят аҳолисининг 75 фоизи марказлашган ичимлик сув таъминоти билан, 21 фоизи оқова сув хизмати билан таъминланган. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 24 октябрдаги 343-сонли қарори доирасида вилоятимиз аҳолисининг сув таъминоти ва оқова хизматларини яхшилаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Қарор билан тасдиқланган ичимлик сув таъминоти оғир бўлган маҳаллаларнинг 2024-2026 йилларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш дастурига кўра, вилоятимиздаги 85 та маҳаллада ичимлик сув таъминоти тизимлари қурилади. Жумладан, жорий йилда 39,2 километр сув тармоғи ва 8 дона сув иншооти қурилиб, реконструкция қилинмоқда. Марказлашган ичимлик сув таъминоти 50 фоиздан паст бўлган Оқдарё, Иштихон, Жомбой ва Каттақўрғон туманларида 33 та сув иншооти ва 236,0 километр сув тармоғи қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган. Шунингдек, тизимда мавжуд насосларни энерготежамкор насосларга алмаштириш режа-жадвалига асосан Самарқанд сув таъминоти қарашли бўлган сув иншоотларида 492 та насос алмаштирилиши керак. Биргина жорий йилда 97 та насосни алмаштириш режалаштирилиб, шу пайтгача 23 таси энергия тежамкор насосларга алмаштирилди.

Мазкур масала муҳокамаси давомида туманларда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашда муаммолар юзага келаётгани, бу айниқса, Пайариқ, Қўшработ туманларида кузатилаётгани, ҳатто республика даражасидаги йирик лойиҳаларни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйилгани таъкидланди. Бу борада тизим масъуллари олдига аниқ вазифалар қўйилиб, камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг минтақавий вакили Диёр Ҳусанов 2023 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.

– Ўтган йил давомида бизга 245 та мурожаат келиб тушди ва уларнинг аксарияти тегишли давлат ҳокимияти органлари билан бирга кўриб чиқилди, – деди Д.Ҳусанов. – Шунингдек, бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоятдаги жазони ижро этиш муассасалари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, руҳий касалликлар шифохонаси, Мурувват ва Саховат уйларида мониторинг ташрифлари уюштирди. Жумладан, 37 ва 38-манзил колонияларда ҳамда Каттақўрғон шаҳридаги 7-сонли тергов ҳибсхонасида жазони ўтаётган шахслар тиббий кўрикдан ўтказилди. Туман ва шаҳарлар тиббиёт бирлашмалари таркибида ташкил этилган мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш туманлараро пунктларида мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мониторинг давомида аниқланган камчиликлар бўйича мутасаддиларга тақдимномалар киритилиб, муаммолар ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, озодлиги чекланган 175 нафар шахс билан якка тартибда учрашувлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари тингланди.

Депутатлар ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари миқдорини маъқуллаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Тегишли идораларнинг хулосаси ва мурожаатлари асосида шаҳар ва туманлар ҳудудидаги маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматларини такомиллаштириш, ҳудудларнинг экологик ва санитария ҳолатини янада яхшилаш мақсадида хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифларининг янги миқдори маъқулланди.

Сессияда вилоят ҳокими ўринбосарларининг 2024 йил биринчи чорак якуни бўйича фаолият самарадорлиги натижалари ҳамда иккинчи, учинчи ва тўртинчи чораклар режаси тўғрисидаги, Паст Дарғом туманидаги ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳудуди (чегараси)га ўзгартириш киритиш тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, вилоятда бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ва сенаторларнинг «Маҳалла еттилиги» билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар тасдиқланди.