Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Дарахт эк! Ҳаётингни яшнат!”

Биз, Самарқанд шаҳрини 2019 – 2022 йилларда жадал ривожлантириш мақсадида шаҳар ҳудудида ташкил этилган 11 та округ раҳбарлари, маҳаллаларнинг раислари ва бир гуруҳ олимларнинг 2019 йилнинг кузида “Ҳаётингни яшнат!” ─ “Озелени свою жизнь!” шиори остида оммавий дарахт экиш акциясини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, Самарқанд аҳлига мурожаат қилмоқчимиз.

Акция Самарқанд шаҳрининг кўча ва хиёбонларида манзарали ва мевали дарахтларни оммавий экиш, уларни парвариш қилиш маданиятини шакллантиришга қаратилган.

Азиз Самарқандликлар! Қадимий шаҳримиз азал-азалдан «Самарқанд ─ ер юзининг сайқали» номи билан машҳур бўлган. Самарқанднинг довруғини оламга ёйган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам Самарқанд ва унинг атрофида 12 та машҳур боғлар яратганлиги маълум. «Боғибаланд»нинг анжирзорлари бугунги кунда ҳам ўз тароватини йўқотмаганлигини алоҳида эътироф этишимиз керак.

Афсуски, сўнгги йилларда шаҳар кўчаларини кенгайтириш ва турли қурилиш ишлари, бу борада ўзбошимчаликлар сабаб бўлиб, Самарқанднинг жуда кўп қадим чинорлари, серсоя қайрағочлари, азим тутлари кесилди. Яқиндагина қурилган муҳташам меҳмонхоналар катта кўчадан кўриниб туриши учунгина азим чинор ва тут дарахтлари кесилди. Бундай ишлар халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда шаҳримиз кўчаларининг кенгайиши, шаҳарда кўпдан-кўп янги иншоотлар қурилиши давом этар экан, қаердадир яна дарахтлар кесилишига тўғри келади. Ҳар бир дарахтни асраб қолишдан ташқари, кесилган ҳар бир дарахт ўрнига камида ўнта дарахт экмас эканмиз, шаҳримизнинг латофати, таровати, кўркамлигини сақлаб қола олмаймиз.

Акция шу кунларда бошланиб, унинг дастлабки босқичи жорий йилнинг 10 ноябридан 10 декабригача дарахтлар экилиб, парвариш қилиш ва ардоқлаб сақлашга қаратилиши билан якунланиши керак.

Акция учун Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси банкда махсус ҳисоб рақами очди:

 СТИР коди:204858743. Ҳисоб варағи: 400122860184017950100110009

Ягона Ғазначилик ҳисоб варақлари: 23402000300100001010

Банк номи: Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси ҲККМ МФО: 00014

Ғазначилик бўлинмаси ИНН рақами: 201122919

Акцияда иштирок этишни истаган ҳар бир юртдошимиз, шунингдек, хорижда яшаётган, ишлаётганлар, ҳатто хорижий фуқаролар ҳам ана шу ҳисоб рақамига ихтиёрий тарзда пул ўтказишлари, шунингдек, боғбонлик билан шуғулланадиган кишилар ўзлари ўстирган дарахт кўчатларини ободончилик бошқармасига беғараз олиб келиб беришлари мумкин.

Акция давомида тўпланган маблағлар олимлар гуруҳи назоратида бўлиб, сифатли дарахт кўчатлари сотиб олинади ва қатъий режа асосида экилади.

«Ҳаётингни яшнат!» ─ «Озелени свою жизнь!» акциясида фаол иштирок этганлар, қилинган ишлар, дарахтлар парвариши Самарқанд вилоят телевидениеси ва барча оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиб борилади.

Азиз ҳамшаҳарлар! «Ҳаётингни яшнат!» ─ «Озелени свою жизнь!» дарахт экиш акциясида фаол иштирок этинг ва жонажон шаҳримизнинг қадим шуҳратини тиклаш ишига ўз ҳиссангизни қўшинг!

Ушбу тадбир орқали буюк Амир Темур бобомизнинг машҳур боғлари тикланишига эришамиз.

Дарахт эк! «Ҳаётингни яшнат!» ─ «Озелени свою жизнь!»

Ҳ.Нормуродов, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси;

Б.Насриев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими раиси;

Х.Ўсаров, Вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи в.б.

С.Орзуқулов, вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси директори;        

Р.Холмуродов, Самарқанд давлат университети ректори;   

Ф.Тошев, Ўзбекистон Журналистлари  ижодий уюшмаси вилояти бўлими бошлиғи;

А.Аслонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят  кенгаши раиси;

З.Эшонқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакили;

Г.Алимова, вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар кўмитаси раиси;

И.Халилов, «Стеклопластик» МЧЖ директори;

Р.Сатторов, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи.