Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутатлар ночор оилаларга кўмак, томорқачиларга уруғлик ва кўчатлар етказиб берди

Самарқанд вилоятида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишлар жадал давом этмоқда. Депутатлар ўз фаолиятлари давомида аҳоли ўртасида камбағалликни тугатиш, боқимандаликни йўқотиш, томорқачиларга кўмак бериш ва ердан унумли фойдаланиш юзасидан кенг тарғибот олиб боришяпти.

Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ш.Жалолов ўзи раҳбарлик қилаётган Самарқанд туманидаги “Агромир” қўшма корхонаси ҳисобидан Оҳалик маҳалласида яшовчи Кимё Ҳусеновага озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди. Шунингдек, К.Ҳусенова ишга лаёқатлилиги боис “Самарқанд-парранда” қўшма корхонасига ишга жойлаштирилди ва оиласи камбағаллик рўйхатидан чиқарилди.

Шу маҳаллада яшовчи Сирожиддин Сафаровга ҳам корхона томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Унинг турмуш ўртоғи Назокат Шаропова “Оҳалик-Ломанн-парранда” қўшма корхонасига ишга жойлаштирилди. Мая Карякинага эса озиқ-овқат маҳсулотлари берилиб, унинг номига янги пластик карта очилди ва 1 миллион сўм пул ўтказиб берилди.

Депутатларнинг аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлари ҳам эътиборли. Бу борада Самарқанд шаҳридаги 3-Сўзангарон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган Азиз Аҳроров аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш аҳволини ўрганди. Томорқа эгаларига амалий ёрдам бериш мақсадида 10 дан ортиқ маҳалладаги 100 га яқин хонадонда бўлди.

Ўрганишлар давомида 20 дан ортиқ хонадон эгалари томорқаларида рўзғор учун зарур бўлган картошка, бодринг, турли хил кўкат экинлари экилганлиги ойдинлашди. Мулоқотлар чоғида айрим хонадон эгалари сабзавот экинлари, уруғлари ва кўчатларини етказиб беришда амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаатдан келиб чиқиб, депутат Давлатшоҳ Самарқандий, Сарбон, Абдураҳмон Жомий, Боғи Феруза, Хўжа Абду Дарун ва Садриддин Айний номли маҳалла фуқаролар йиғинидаги 20 та хонадон эгаларига 6 минг туп помидор, бақлажон, булғор қалампири, 30 килограмм картошка, шунингдек,  бодринг, сабзи, укроп ва кашнич уруғлари етказиб берди.

- Томорқамизга ишлов бериб, экин экишга шай қилиб қўйган эдик, бироқ уруғ ва кўчат олишга имкониятимиз бўлмай турган эди, – дейди Давлатшоҳ Самарқандий маҳалласида истиқомат қилувчи Бахтиёр Гадоев. - Мурожаатимизни инобатга олиб бир кун ичида томорқамизга экиш учун 10 кило картошка, 700 туп помидор, 200 туп бақлажон, 200 туп булғор қалампири, бодринг ва кўкат уруғларини етказиб берди.