Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ер сотган фермерга нисбатан жиноят иши очилди

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, “Ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ойлиги” доирасида вилоятда бир кунда иккита фирибгарлик жинояти фош этилди.

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида яшовчи М.Қ. Ургут тумани Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи Ў.З.га ўзини Тошкент шаҳридаги спорт клублардан бирининг директори деб таништириб, яқинда АҚШга бораётганини айтади ва унинг ўғли Ф.П.ни спорт клуби орқали Америкага юбришга ваъда беради. Шу тариқа Ў.З.нинг ишончига кириб, ундан 6920 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Пайариқ туманидаги “Яккасарой” ММТПга қарашли фермер хўжалик раҳбари Ў.М. эса Янгиобод маҳалласида яшовчи бир нечта фуқароларга фермер хўжалигининг суғориб экиладиган ер майдонидан 10 сотихдан 20 сотихгача жами 79 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун ўлчаб бериб, келгусида туман ҳокимининг эгалик ҳуқуқини тасдиқлаш тўғрисида қарор чиқаришга кўмаклашишга ваъда беради. Уларни алдаб, ишончига кирган ва жами 64 миллион сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Мазкур икки ҳолат юзасидан ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.