Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эзгу ғоя ва истиқболли режалари бўлган ёшларни қўллайлик, шунда кўплаб салбий иллатлар ўз-ўзидан камаяди

Бугун ёшларни нима қийнаяпти? Уларнинг режалари, ютуқлари, муаммолари билан ким шуғулланяпти? Қачон, қай пайти, қаерда улар билан суҳбатлашяпти, қандай кўмак беряпти?

Бу борадаги ҳолат талаб даражасида бўлмаганлиги боис давлатимиз раҳбари ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш юзасидан ўтказган йиғилишида аччиқ, аммо ҳақ гапларни айтди, бу эса барча раҳбарлар учун яна бир бор чақириқ бўлди.

Ўзбекистонда ёшларимиз аҳоли сонининг 55 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткич ва рақамлар жуда катта масъулият ва ёндашувни талаб қилади. Ёшлар мамлакати деб эътироф этиш яхши, лекин уларнинг ҳар бирининг бугунги куни ва эртаси учун ҳар биримиз масъул ва жавобгармиз.

2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланиши ва давлат дастури доирасида амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирлар режаси, механизмлари белгилаб берилган.

Жойларда “Ёшлар дафтари” ва унинг юритилиши борасидаги ишлар мутасадди раҳбарлар томонидан назоратга олинган ва тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Лекин бир муаммо бир неча оқибатларга сабаб бўлмоқда. Бу - ишсизлик муаммоси. Давлатимиз раҳбарини ҳам чуқур ташвишга солаётган масала шу.

Бугун амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотлар ва истиқболли режаларимиз аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилиши керак.

Нафақат сектор раҳбарлари, балки ҳар бир ватан тақдирига бефарқ бўлмаган фуқаро, жамият ҳаётида ўз ўрнини топган барча турдаги раҳбарлар, тадбиркорлар, фермерлар, йирик ишлаб чиқариш корхона раҳбарлари ёшлар билан учрашиб, мастер-класслар ташкил этиш, уларни катта ҳаётга тарбиялаш, касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик борасида дастлабки кўникма шакллантириш учун кўмаклашиш зарур. Шундагина тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳаси ривож топади. Ёшларимиз келажакда нафақат ўзи, балки ёнидаги кўплаб ёшлар бандлигини таъминлашга эришади.

Президент таъкидлаганидек, бизнинг бошқа йўлимиз йўқ. Яъни, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга ўргатиш энг долзарб масала. Зеро, ёшларимиз илмли, билимли ва шижоатли, бирор бир иш билан машғул бўлса, касб-ҳунарли бўлса жамиятимизга зид бўлган кўплаб салбий иллатлар ўз-ўзидан камаяди.

Шавкат Жалолов,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.