Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳиндистон шимолида икки кун ичида яшин уриши оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.

Маълумотда келтирилишича, Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатининг ўзида яшин уриш оқибатида бир кеча-кундузда 24 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, 25 июнь куни Бихар штатида чақмоқлар камида 83 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Шу тариқа умумий ҳисобда яшин уриш оқибатида, икки кун ичида 107 киши ҳалок бўлган.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўзининг твиттер саҳифасида мамлакат шимолидан тинмай қайғули хабарлар келаётганлиги ҳақида ёзди. У ҳукумат жабрланганларга ёрдам бериш чораларини кўраётганини алоҳида таъкидлади ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари, яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Тақдим этилган маълумотга кўра, ҳукумат жабр кўрганларга ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 5,3 минг АҚШ долларидан пул маблағи беради.

Йилнинг июнь-октябрь ойлари Ҳиндистон шимолида кучли шамол, ёмғир ва чақмоқлар мавсуми ҳисобланади.