Рақамли маданиятни биламизми?
Сўнгги йигирма йил ичида дунё мисли кўрилмаган даражада ўзгарди ва бу жараён ҳануз давом этмоқда. Технологиялар ривожи аввалги авлодларга нисбатан бугунги З авлод ҳаётини тубдан ўзгартирди. Ахборот оқимида “сузаётган” замонавий ёшлар учун бу жараён мислсиз имкониятлар манбаини очмоқда.
Бугун ҳатто автобусдаги йўловчиларнинг аксарияти гаджетларига шўнғиб кетганини кўрамиз. Очиғи, бу ҳолатдан на сиз, на мен мустасномиз. Шундан келиб чиқиб савол туғилади: биз рақамли технологиялардан қай даражада маданиятли фойдаланяпмиз ва бу жараён таълим тизимимизга қандай таъсир кўрсатмоқда?
Рақамли маданиятли фойдаланувчи бу ахборотни қабул қилиш жараёнида уни таҳлил қила оладиган, сохта маълумотни ҳақиқий ахборотдан фарқлай биладиган, онлайн этикага риоя қиладиган ҳамда зарарли контентдан ўзини ҳимоя қила оладиган шахсдир. Бундай кўникмаларни эгаллаган талаба ўз академик фаолияти давомида кўплаб оқилона қирраларини намоён этиши мумкин.
Рақамли саводхон талаба тайёр маълумотни кўчириб олиш билан чекланмайди, балки уни таҳлил қилади, шахсий фикрини қўшади ва мустақил хулоса чиқаради. Шу тариқа унда мустақил ўрганиш кўникмаси шаклланади. Бу эса келажакдаги профессионал фаолиятида ҳам асқотади. Зеро, замонавий иш берувчилар ахборот билан ишлашни биладиган, танқидий фикрловчи ва рақамли саводхон кадрларни қадрлайди.
Технологиялар қанчалик ривожланмасин, агар уларни инсоний қадриятлар асосида бошқара олмасак, улар бизга кутилган натижани бермайди. Рақамли жамиятни барпо этиш учун эса кенг кўламли саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Аввало, мактаб ва олий таълим муассасаларида рақамли маданиятни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда ёшлар сони қарийб 2 миллиардни ташкил этади ва уларнинг 70 фоизи интернетдан фойдаланади. Ўзбекистон аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисмини ёшлар ташкил этади ва уларнинг аксарияти доимий равишда интернет тармоғида фаол. Бу эса технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланганини кўрсатади. Биз оммавий рақамли маданиятни тарғиб этиш орқали смарт технологиялардан нотўғри фойдаланиш оқибатларининг олдини олишимиз мумкин.
Ўзбекистонда рақамли ривожланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатни рақамли иқтисодиёт ва рақамли жамият сари изчил олиб боришни мақсад қилган. Ушбу стратегия доирасида давлат бошқарувини рақамлаштириш, электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига замонавий технологияларни жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ва рақамли маданиятни шакллантириш эса бу жараённинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформалар кенг тарқалган бугунги шароитда рақамли маданият жамиятнинг ахлоқий қиёфасини белгиловчи омилга айланмоқда. Виртуал муҳитда масъулиятсиз хатти-ҳаракатлар, ёлғон ахборот тарқатиш ва мулоқот маданиятининг бузилиши ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатади. Шу боис рақамли маданият ҳар бир фуқаронинг, айниқса, талаба ёшларнинг фуқаролик масъулияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Рақамли маданият замонавий жамият тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг муваффақияти ҳам аввало, технологияни онгли, масъулиятли ва маданиятли қўллай оладиган шахсларни тарбиялашга боғлиқ. Демак, рақамли жамият қуриш йўлида энг муҳим вазифа рақамли маданиятли авлодни шакллантиришдир.
Абдувоҳид ТЎРАEВ, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти рақамли иқтисодиёт кафедраси ассистенти.