Соҳибқирон давлатида раият, сипоҳ, молия, салтанат вазирлари фаолият юритган

Соҳибқирон Амир Темур буюк давлат қурган ва уни мустаҳкам идора қилган моҳир саркарда, қўмондон, сиёсатдон, қудратли давлатчилик асосларини барпо этган етакчи сифатида номи тарихда қолган. Унинг фаолиятидаги энг муҳим жиҳатлардан бири марказлашган ва барқарор давлат тизимини шакллантирганидир. Ҳукмдор сифатида мамлакат бошқарувида муайян тартиб-қоидаларни жорий қилади ва ҳар бир амалдорнинг масъулиятини аниқ белгилаб беради. Бу орқали салтанатда интизом ва бошқарув самарадорлиги таъминланади.

Соҳибқирон давлатни бошқаришда барча табақа вакилларига суянган
Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти икки катта даврга бўлинади. Биринчи давр 1360-1386-йилларни ўз ичига олади ва бу даврда Темурбек Мовароуннаҳрда мўғул хонлигидан мустақил кучли марказлашган давлат тузиш йўлида курашади. Иккинчи давр 1386-йилдан 1405-йилгача давом этади. Бу давр Соҳибқироннинг уч йиллик, беш йиллик ва етти йиллик ҳарбий юришлари билан характерланади. У ўзидан аввал ўтган ҳукмдорлардан фарқли ўлароқ, давлат ва мамлакатни бошқаришда бир ёки икки табақага эмас, балки аҳолининг барча табақаларига суянади. Давлатнинг мустаҳкамлиги фақат ҳарбий куч билан эмас, балки жамиятнинг барча қатламлари ўртасидаги уйғунлик ва ҳамкорликка боғлиқ эканини яхши англаган. Шу боис уламолар, донишмандлар, ҳунармандлар, савдогарлар ва ҳарбийлар каби турли тоифаларни давлат ҳаётининг муҳим қисми деб билган. Бу эса мамлакатда ижтимоий барқарорликни сақлашга хизмат қилган.

Амир Темурни икки вазири назорат қилиб турган
Темурбек томонидан тузилган давлатни бошқариш тизими қизиқарли бўлиб, бош бошқарма – девон бузругидан ташқари ҳар бир вилоятда девон деб аталучи бошқарма бўлган. Девон барча давлат ишлари, жумладан, солиқ йииғиш, тартиб сақлаш, ижтимоий бинолар – бозорлар, ҳаммомлар, йўллар, суғориш тармоқларига қараб туриш ва аҳолининг хулқий-ахлоқий ҳаракатларини назорат остига олиш каби ишлар билан шуғулланарди. Ҳар бир девонда кирим ва чиқимларни ҳисобга олиш дафтарлари бўлган. Дафтарга кирим ва чиқимларни қайд этиш туркий тилда олиб борилган. Темурбекнинг кўрсатмаларига кўра ҳар доим тафтиш ва тергов қилиш ишлари олиб борилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий ичкилик, маиший бузуқлик кабилар оғир гуноҳ ҳисобланиб, қаттиқ жазоланган.

Амир Темур тузган марказий давлат тизимида бор-йўғи еттита вазир фаолият юритган. Мамлакат ва раият вазири, сипоҳ вазири, молия ишлари вазири, салтанат ишларини юритувчи вазир, 5-, 6- ва 7-вазирлар тобе мамлакатларни назорат қилувчи вазирлар бўлган. Бу етти вазир девонбегига бўйсунган ва у билан иттифоқда муҳим молиявий ишларни амалга оширган. У фаолияти давомида ҳеч бир ҳукмдор қўлламаган ишни қилган, яъни ўзини назорат қиладиган икки вазирни тайинлайди. Саркарда Маҳмуд Шаҳоб Хуросоний – ҳарбий соҳада, аллома Носириддин Маҳмуд ал-Аромий – раият ишлари бўйича Соҳибкироннинг раис нақиблари бўлган. Темур бу икки вазир доимо уни кузатиб туришлари ва агар у адолатсизлик қиладиган бўлса, дарҳол уни тўхтатишларини, кимларнингдир ёлғон сўзларига ишонса ёки фуқаро мулкига хиёнат қиладиган бўлса, дарҳол огоҳлантиришларини буюрган.

Илм-фан ва маърифат аҳлини эъзозлаган

Соҳибқирон ҳар ишда яқин одамлари, аркони давлат ва мамлакат аъёнлари билан кенгашиб иш тутган. Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат билан, қолган бир улушини қилич билан ҳал қилган. У давлат ишлари хусусида бирор қарорга келиши олдидан шу соҳанинг билимдон олимлари билан маслаҳатлашиб, кейин аниқ бир тўхтамга келган. Темур сиёсатининг яна бир муҳим жиҳати инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларидир. У турли халқлар ва маданиятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, илм-фан ва маърифат аҳлини доимо эъзозлаган. Уламолар, машойихлар ва фузалолар давлат ҳимоясида бўлган. Мисол учун, қайси ҳудуд ёки мамлакатни қўлга киритган бўлса, ўша ернинг обрў-еътиборли кишиларини азиз тутиб, саййидлар, уламолар, фузало ва машойихларга ҳурмат кўрсатган. Уларга вазифа ва маош тайинлаган. Авлиёлар, дин пешволарининг мозорлари ва мақбараларига вақф мулклари ажратиб, у ерларни обод зиёратгоҳларга айлантирган. Бу эса жамиятда маънавий муҳитнинг юксалишига хизмат қилган.

Тўлқин БЎРИEВ,

“Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими мудири.