Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Инсоф бергани рост бўлсин!

Чекка қишлоқда яшовчи Эгамқул бобонинг мухбир йигитга берган интервьюси

- Мухбир болам, элимизда

Кўп янги гап бўлаётир.

Ҳатто бизнинг қишлоққа ҳам

Шамоллари келаётир.

 

Қизиқ бўлди тунов куни,

Кўчамизга одам тўлди.

Аловуддин чироғини

Ишқаганми, нима бўлди?

 

Шимарганча енгларини,

Ишга қаттиқ боғлаб белди –

Ҳовлимизга беш-ўн раҳбар

Эшик қоқиб кириб келди.

 

Вой-бў, бунча савлатдорлар

Атрофимни ўраяпти,

Бири олиб, бири қўйиб,

Аҳволимни сўраяпти.

 

Қизиқ бўлар экан, мени

Ўзларига тенг кўрса, денг.

Бири вазир, бири ҳоким:

“Бизга хизмат”, деб турса, денг.

 

Болам, бу каттаконларни

Тилвизўрда кўрар эдим.

Улар бизнинг ҳолимизни

Биларми, деб сўрар эдим.

 

Ахир, раҳбар деган одам

Кастумига сиғмасди-ку.

Йил-ўн икки ой салқингина

Кабинетдан чиқмасди-ку.

 

Ҳоким бува ҳукми – ҳукм,

Ёнига ҳам боролмасдик.

Дардимизни айтай десак,

Ҳузурига киролмасдик.

 

Энди эса, ҳайрон қолдим,

Олдимизга келаяпти.

“Маҳаллабай ишлаймиз”, деб,

Жонга оро кираяпти.

 

Ёқа ушлаб қолдим, шояд,

Улар келгани рост бўлсин.

Ҳокимлару вазирларга

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Яна бир кун белим оғриб

Турган эдим, бир иш бўлди.

Худди шу пайт билгандайин

Уч-тўрт врач кириб келди.

 

Ё, тавба-ей, булар қайдан

Оғриганим билди, дейман.

Ё халқ дардин билгич одам

Бошимизга келди, дейман.

 

Профессор экан бари,

На-ақ Тошкандан келишди.

Бола-бақра, ҳаммамизнинг

Соғлиғимиз текширишди.

 

Кўзимга ёш келди, болам,

Кўнгилларим эриб кетди.

Улар ҳатто сиҳатгоҳга

Йўлланма ҳам бериб кетди.

 

Табиб ўз оёғи билан

Ўзи келгани рост бўлсин.

Шифокору дўхтирларга

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Агар билсанг, бу дунёда

Бонкчи деган кас бўларди.

Иши тушиб борган одам

Олдида хор-хас бўларди.

 

Қарз олиб, мол-ҳол қилай, деб

Борсак қовоғин уярди.

Арзимаган уч-тўрт сўмга

Бир дунё шартин қўярди.

 

Энди эса бонкчи ўзи,

Қаранг, уйма-уй юрибди,

Мана лойиҳа, кредит,

Фақат ишланг, деб турибди.

 

Тадбиркор ҳам одамларнинг

Кам-кўстига қараяпти.

Ўзим бўлайин, демасдан,

Эл корига яраяпти.

 

Ана, бири боғча қурди,

Бири ишнинг кўзин билди –

Зўр фабрика ташкил қилиб,

Юз одамни ишли қилди.

 

Одамларга ёрдам қилиб,

Ҳаммани тенг кўрар бўлсанг,

Асли инсоф деганинг шул,

Агар мендан сўрар бўлсанг.

 

Одамларга ёрдам – элга

Кўмак, дегани рост бўлсин.

Тадбиркору бонкчиларга

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Яна гап кўп, айта берсам

То кечгача адо бўлмас.

Газетингда босиб чиқсанг,

Бу гапларим хато бўлмас.

 

Юртбошимиз бир келдию

Йўлга ҳам сон кириб қолди.

Сувлар келди, газлар келди,

Светга жон кириб қолди.

 

Стадион, кутубхона...

Обод қишлоқ бўлиб қолдик.

Шаҳардан ҳеч камимиз йўқ,

Кўнглимиз бут, тўлиб қолдик.

 

Мактаб қадди тикланётир,

Таълим ҳам шунга хос бўлсин.

Энди домла-маллимларга

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Уйли бўлди участкавой,

Маҳалламиз обод бўлди.

Раисимиз ҳокимларнинг

Майлисидан озод бўлди.

 

Эл оралаб юрар улар,

Хизмат иззатга мос бўлсин.

Оқсоқолу посбонларга

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Самад қўшним касал бўлиб,

Уйда ётиб қолган эди,

Кенжам қандай ўқитсам, деб,

Боши қотиб қолган эди.

 

Минг қиз билан Шарапат ҳам

Грантларга кириб кетди.

Контрактнинг ташвишидан

Қўшнимни қутқариб кетди.

 

Аёллару ёшларни деб

“Темир дафтар” тутиляпти.

Қанча одам ишли бўлиб,

Камбағалликдан қутуляпти.

 

Одамларнинг дуосини

Олай дегани рост бўлсин.

Сектор раҳбарларига

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Кеча лекин озроқ изза

Бўлиб қолдик, мухбир болам.

Ер ёрила қолмади-ю

Кириб кетолмадик биз ҳам.

 

ЭМ-ЧЕ-ЭСдан аскарлар кеп,

Ўтинимиз ёриб берди.

Сал бўлмаса, супра ёйиб,

Хамиримиз қориб берди.

 

Оппоқ сочли бир генерал

Деворимиз оқлай кетди.

Уялтириб ҳаммамизни,

Юрагимиз қоқлай кетди.

 

Ахир, уйда девдай ўғлим

Тилпон ўйнаб ётган эди.

Яна бири тилвизўрга

Қараганча қотган эди.

 

Туриб кетдик ўрнимиздан,

Хижолатдан ўлай дедик.

“Ўз кунингга ярамасанг,

Бу кунингдан ўл-эй”, дедик.

 

Ғафлат босмай, одамлар ҳам

Сал ғайратга тўлсин экан.

Давлат элим деса, эл ҳам

Шунга лойиқ бўлсин экан.

 

Ўғилларим бир гектардан

Ерни олиб иш бошлади.

Қизим тикувчилик очди,

“Тик-ток”иниям ташлади.

 

Эси кирди момонгниям,

Кўз юмиб у сериялга,

Неваралар тарбиясин

Қайта бошдан олди қўлга.

 

Ўзгарди шу жужуқларам,

Бири кашта тўқияпти.

Бири кампуйтер ўйнамай,

Навоийни ўқияпти.

 

Янги замон боласи-да,

Тарбиясиям соз бўлсин.

Момонггаям, болларгаям

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Шундай гаплар, мухбир болам,

Қизиқ ишлар бўлаётир.

Ҳатто бизнинг одамлар ҳам

Ўзгаришлар қилаётир.

 

Билсанг, асли ғурбат, ғийбат

Бекорчининг иши экан.

Энг тинч одам ким, десанг, бу

Ишлаётган киши экан.

 

Ҳар банданинг умид билан

Худо дегани рост бўлсин.

Одамларга ҳам диёнат,

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Сен-чи, болам, яқинингга

Йўлатмасдинг-ку ҳар кимни.

Мана, энди ўзинг келиб,

Эшитяпсан аҳволимни.

 

Мухбир деган элнинг дардин

Ёзсин-у, сўзи рост бўлсин.

Мухбир болам, ўзингга ҳам

Инсоф бергани рост бўлсин.

 

Қаранг, оддий халқ дардини

Ўйлайдиган бор экан-да.

Халқим деган жўмардларга

Халқ дуоси ёр экан-да.

 

Бўларкан-ку, қисқа вақтда

Шунча ишлар қилинди-ей.

Буни кўриб дўст-душманнинг

Тан бергани билинди-ей.

 

Унутмай энди инсофни,

Раҳбарлар халқ томон бўлсин.

Шу ишлар бошида турган,

Юртбошимиз омон бўлсин!

Эгамқул бобонинг сўзларини

мухбир Қурбон ЖОНҚОБИЛ

оққа кўчирди.

(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил

13 февраль, 32-сонидан олинди).