Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иссиқхоналар шаҳарчасига айланаётган қишлоқ

Ижодий жамоамиз билан Нуробод туманининг Олға ва Кўктош, Қўшработнинг Қўрғон, Паст Дарғомнинг Гумбаз қишлоқлари ҳақида сайтимиз ва газетамиз саҳифалари орқали лавҳа ҳамда репортажлар тайёрлаганимиздан кейин бошқа туманлардан ҳам “Қишлоғимизга бир келиб кетинг”, дея таклиф қилувчилар кўпайди.

Бир куни Навоий вилоятида яшовчи тадбиркор аёл Маҳфуза Қаюмова таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, Пахтачи туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган Бурқут маҳалласидаги ўзгаришларни ҳам ёритишимизни илтимос қилди.

Қишлоққа қут-барака ёғилмоқда

Бундан 3 йил аввал вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб, чекка ҳудудлардаги аҳвол уйма-уй ўрганилган эди. Ўша пайтда Пахтачи туманининг Бурқут маҳалласида бўлган гуруҳда биз ҳам бор эдик. Ҳудудда аҳвол ачинарли эди. Бу гал маҳаллага бориб, аввалги ҳолат билан бугунгиси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини кўриб лол бўлдик.

Маҳалла раиси Ҳамдам Ҳасановнинг айтишича, ўша ишчи гуруҳнинг бир ҳафталик  ўрганишидан сўнг ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди. Таълим ва тиббиёт муассасалари қайта таъмирланиб, маҳалла биноси бунёд этилган. Замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари қад ростлаган. Турар-жойга муҳтож оилалар учун янги намунавий лойиҳа асосида уйлар қуриб берилган. Ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун ҳам кўп ишлар амалга ошириляпти. Бир сўз билан айтганда, кейинги икки йилда Бурқутга файз-барака кириб келибди.

Минг бор эшитгандан кўра...

Оқсоқол бизни янгиланган маҳаллани кўздан кечиришга таклиф қилди. Ҳақиқатан ҳам мақтаса арзигулик ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Уч йил аввалги аҳвол кўз олдимда гавдаланди. Ўнқир-чўнқир, кечалари қоронғи кўчалар. Бугун бу йўлларга асфальт ётқизилган, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган. Маҳалла маркази Бурқутдан чиқиб иккинчи қишлоқ Янгиободга кириб бордик.

- Ҳали бу қишлоқнинг йўллари ҳам равонлашади, - деди Ҳамдам ака операторимизнинг ҳозирча эътибордан четда турган йўлларни суратга олаётганини кўриб. – Сабаби, Янгиободда 300 гектарлик иссиқхоналар мажмуаси барпо этилиши белгиланган. Бу ишлар бошланиб кетди, 10 гектар жойда замонавий иссиқхоналар қурилиши якунига етяпти.

1 гектарлик иссиқхона – 20 та янги иш ўрни

Ҳа, Янгиободнинг янгича қиёфаси иссиқхоналар билан экан. Икки йил аввал саҳродай кенг, қуп-қуруқ майдонда эътиборли ишлар амалга оширилибди.

– Бизга ҳам шу ҳудуддан 1 гектар ер майдони ажратилди, - дейди “Али Нарпай” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Фахриддин Омонов. – Иссиқхона қурилиши якунига етиб қолди. Ерни экин экишга тайёрлаяпмиз. Бу ерга минг тупдан зиёд лимон кўчатларини ўтқазамиз. Улар ҳосилга киргунча ниҳоллар орасида полиз ва сабзавот маҳсулотлари экамиз. 20 нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Маҳаллада 158 нафар ёш ишсизлар рўйхатида

Махсус ишчи гуруҳ томонидан “Ёшлар дафтари” шакллантирилганда маҳаллада 158 нафар йигит-қизнинг ишсиз эканлиги қайд этилди. Қурилаётган 10 та иссиқхонада 200 га яқин янги иш ўрни яратилаётганини ҳисобга олсак, бу ҳудудда ишсиз ёшлар қолмайди. Қолаверса, қўшни маҳаллалардаги банд бўлмаган ёшларни ҳам ишга таклиф қилиш мумкин.

- Ишсиз эдим, - дейди маҳалла ёшларидан бири Фарҳод Қаландаров. – Қишлоғимиздаги бу иссиқхоналар мен каби ёшларнинг муаммосига ечим бўлди. Ҳозирча қурилишда ишлаяпмиз. Бу ишлар якунлангач, иссиқхонада деҳқончилик билан шуғулланамиз.

 

Ҳудудни иссиқхоналар шаҳарчасига айлантирамиз

Бунёд этилаётган иссиқхоналарни кўздан кечираётганимизда кўринишидан раҳбар опаларга ўхшайдиган бир аёл келиб, қадрдонлардек ҳол-аҳвол сўради. У бизни шу қишлоққа таклиф қилган тадбиркор Маҳфуза Қаюмова экан.

- Ўзим шу маҳаллада туғилиб ўсганман, - деди у. – Навоий вилоятининг Кармана шаҳарчасига турмушга чиқиб, кўп йиллардан бери тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Қишлоғимизда янги лойиҳа амалга оширилаётганини эшитиб, мен ҳам бу хайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида 2 гектар ер олдим. Артезиан қудуқ қазиб, сув чиқардик. Лекин сувни тежаш учун экинларни томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўямиз. Баҳорда бу жойлар яшнаб кетади. Болалигимизда мол боқиб юрган бу қаровсиз ерда иссиқхоналар шаҳарчасини бунёд этишни режалаштирганмиз.

Кредит расмийлаштириш учун банкка бормадик

Ҳар бир гектар ер майдонида иссиқхона қуриш учун 1 миллиард 100 миллион сўмдан кредит маблағлари ажратиляпти. Зарур бўлган лимон кўчатлари, сабзавот ва полиз маҳсулотлари уруғлари Деҳқон, фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари Кенгаши туман бўлими томонидан етказиб берилмоқда.

- Кредит олишимиз учун ҳам катта қулайлик яратилди,  - дейди тадбиркор М.Қаюмова. – 200 километр масофа босиб, Самарқанд шаҳрига бориб сарсон бўлмадик. “Туронбанк” вилоят филиали ходимлари ўзлари шу қишлоққа келиб,  ҳужжатларни расмийлаштиришди.

Туманда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар 32 317 нафарни ташкил этади. Улар орасида 6 443 нафар ёшни ишсизлик муаммоси қийнаб келмоқда. Айни кунларда шу масалага ечим топиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Иссиқхоналар барпо этилиши ҳам шу мақсадга қаратилган. Йил якунигача туманда 89 гектар майдонда ана шундай иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Ҳа, айтганча, ҳурматли сайтимиз ўқувчилари, “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” рукни остидаги навбатдаги кўрсатувимизни айнан сизнинг маҳаллангиздан тайёрлашимиз мумкин. Ҳудудингизда эътиборга молик ўзгаришлар бўлса бизга хабар беринг. Муаммолар бўлса ҳам мурожаат қилаверинг. Биз, албатта, бир бориб келамиз қишлоғингизга!

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.