Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Итлар ўлдирилишига йўл қўйган масъул вазифасидан озод этилди

Шу кунларда Самарқанд шаҳридаги “Истиқбол” маҳалласида итлар заҳарлаб ўлдирилиши воқеаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда. Бу ҳолат албатта кўпчилик фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июль “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 202-сонли қарори билан қаровсиз итларни тутиш билан жойларда ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари шуғулланиши белгиланган. Самарқанд шаҳрида ҳам айнан ушбу масалага Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳузурида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ташкил этилиб, ушбу масалага масъул этиб белгиланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео соҳа мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилиб, натижалари муҳокама этилди.

Минг афсуски, ушбу ҳодисани итларни ўлдириш билан эмас, аксинча, уларни даволаш, рўйхатга олиш ва ўз вақтида эмлаб бориш каби вазифалар билан шуғулланиши зарур бўлган Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъуллари амалга оширганлиги аниқланди.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи О.Алламуродов ҳамда Самарқанд шаҳар ветеринария бўлими Сиёб ветучастка мудири У.Ражабовлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг қуйи бўлимлари раҳбарлари, ветучастка мудирлари қатъий огоҳлантирилди.

Мазкур ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш мақсадида ўрганиш натижалари вилоят прокуратурасига юборилди.

Шу ўринда вилоят ҳокимлиги барча самарқандликларга мурожаат қилиб, шу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлганда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар, телеграм мессенджери ёхуд 1177 ишонч телефони орқали ҳокимликни хабардор қилишга ҳамкорликка чақиради, деб ёзмоқда Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.