Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жамоатчилик палатаси – фуқаролик жамияти сари дадил қадам

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат, очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги мустақил фаолият юритадиган, ўзини ўзи бошқарадиган, барқарор, кенг аҳоли қатламининг қўллаб-қувватлашига сазовор бўладиган, халқ орасида чуқур илдиз отадиган турли хил фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш ва ривожлантириш муҳим вазифалардан биридир.

Шу билан бирга жойларда аҳоли билан учрашувлар натижалари, улардан қилинаётган мурожаатларлар таҳлили давлат органлари ва фуқаролар ўртасида боғлаб турувчи кўприкка зарурат борлигини кўрсатмоқда.

Бу борада давлатимиз раҳбари  жорий йилнинг 16 апрель куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги  ПФ-5980-сонли фармонига биноан  тузиладиган янги палата давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим ҳужжат ҳисобланади.

 Ушбу ташаббус Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатида илгари сурилган эди. Унда давлатимиз раҳбари “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда, жамоатчилик билан маслаҳатлар,жамоатчилик эшитувининг мажбурийлигини аниқ белгилаш керак, жамоатчилик мақул деса мақул, номақул деса номақул бўлади. Жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Жамоатчилик палатасини ташкил этишни таклиф қиламан” деган эдилар.

Шу пайтгача парламентда Президент олдида фуқаролик жамияти институтларининг позициясини билдирадиган ягона ташкилот йўқ эди. Энди эса ташкил этилаётган палата халқимиз дилидаги долзарб масалаларни ҳукуматга олиб чиқишда муҳим бўғин сифатида қаралмоқда.

Мана шулардан келиб чиқиб палатанинг 12 та асосий йўналишлари белгиланди. Булар орасида давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг эзгу саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи самарали мулоқотни йўлга қўйишдан тортиб фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга кўмаклашиш, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб долзарб масалалар ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли ҳокимият органларига таклифлар киритиб бориш вазифалари мавжуд. Бундан ташқари БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш сингари бир-биридан муҳим вазифалар киритилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг нуфузи фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича 30 га яқин халқаро рейтингларда ошиб бораяпди. Энди фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлган Жамоатчилик палатаси Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги нуфузини, ўрнини оширишга хизмат қилади.

Фармонда белгиланганидек, Жамоатчилик палатасида жамоатчилик асосида ишлайдиган аъзолар сони 50 нафардан иборат бўлиб, уларнинг 18 нафари Президент томонидан тайинланади. Улар турли соҳаларда жамият ривожига ҳисса қўшиб келаётган фуқаролар, ННТ лар ва ОАВ лари вакиллари орасидан тайинланади. Яна 18 нафар аъзо эса республика миқёсида фаолият кўрсатаётган ННТ лар, ОАВ лари ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади. Палатанинг 14 нафар аъзоси ҳудудий Жамоатчилик палатаси вакиллари бўлиб улар лавозими бўйича ҳудудий Жамоатчилик палатаси раиси ҳисобланади.

Шунингдек, ҳудудий Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлиши белгиланди. Жамоатчилик палатаси вакилларининг муддати 3 йил қилиб белгиланган. Юридик мақоми эса маслаҳат Кенгаш органи бўлади. Жамоатчилик Кенгаши томонидан ишлаб чиқиладиган таклифлар, мулоҳазалар тавсиявий характерга эга бўлади.

Жамоатчилик палатаси ташкил этилганлиги муносабати билан ваколатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат Кенгаши ва Марказ тугатилмоқда. Фаолият йўналишларига мослигини инобатга олган ҳолда эндиликда “Mening fikrim” веб-порталини Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.

Президент фармонида берилган ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳамда маҳаллий вакиллик органларида жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан фикрини ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда кўриб чиқиш амалиёти жорий этилмоқда.

Палата аъзолари ҳар бир давлат органининг очиқ ҳайъат мажлисида шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида, ҳукумат соатида, маҳаллий Кенгашлар мажлисларида иштирок этишга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар, ўта долзарб масалаларга норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳалари жамоатчилик палатасига кўриб чиқиш учун юборилади. Бундан ташқари палаталарга жамоатчилик палатаси сўровини юбориш, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари таркибларини шакллантиришда иштирок этиш сингари ваколатлар берилмоқда.

Янги киритилаётган тартибга мувофиқ вилоят халқ депутатлари кенгашларининг йиғилишларида ҳар чоракда жамоатчилик палатаси томонидан кўтарилган ва ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилиниши белгиланди. Шу билан бирга жамоатчилик палатасига берилган муҳим масалалардан бири бу фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида фундаментал тадқиқотларга ташаббускор бўлиш имконияти берилмоқда.

Жамоатчилик палатасининг муҳим вазифаларидан бири бу давлат дастурларининг ҳам мониторингини амалга ошириш, ундан ташқари жойларда қонунчилик хужжатларининг амалда ишлаш ҳолатини ҳам мониторинг қилиш вазифаси юклатилмоқда. Бу эса яна бир масала “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда белгилаб берилган назорат функциялари, назорат инструментларидан эндиликда янада фаол, янада кенгроқ фойдаланиш имкониятини беради. Бу борада фармонда манфаатдор вазирлик ва идораларга “Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Шундай қилиб, мамлакатимизда жамият ислоҳотлар ташаббускори деган халқчил ғоянинг амалдаги рўёби сифатида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилувчи янги тузилма майдонга келмоқда. Бу эса халқ билан мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим босқич – фуқаролик жамияти сари дадил қадамдир.

Фотех РАҲМАТОВ,

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Самарқанд ҳудудий бўлинмаси раҳбари.