Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Китоб сотуви 300 минг сўмдан 3 миллионга кўтарилди

Бундан ҳатто олти ой аввал ҳам китоб савдоси борасида қийинчиликлар, китоб тарғиботи етарли эмаслигидан куюниб гапирган мутахассиснинг бу борадаги фикрлари бугун мутлақо ўзгарган. Самарқанд шаҳридаги "Китоб олами" маърифий мажмуаси раҳбари Хуршид НУРУЛЛАЕВ нур масканидаги ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтди.

- Илк бор ушбу масканга ишга келганимда очиғи, бу ердаги ҳолат кайфиятимга салбий таъсир қиларди, - дея гап бошлади Х.Нуруллаев. - Гап фақат китоб савдоси яхши эмаслигида эмас, одамларнинг шундай ажойиб масканга фарзандларини олиб келмаслигида, "Шу китобни ўқишни истардим, топиб бера оласизми", дея мурожаат қилаётганлар ниҳоятда камлигидан эди.

- Ҳозир аҳвол ўзгардими?

- Ўзгариш ҳам гапми, "Китоб олами" одамларнинг севимли масканига айланиб бормоқда.

Дейлик, ўтган йили бир кунда ҳатто 300 минг сўмлик китоб ҳам сотолмасдик. Бугун бу рақам 3 миллион сўмдан ошиб кетди. Ҳар ҳафта беш минг­га яқин турли мазмундаги китобларни келтиряпмиз. Шу ҳам етмаяпти.

- Китоб харидорларининг ортиши раҳбарларнинг таълим муассасаларига китоб тар­қатиши билан боғлиқ эмасми?

- Ушбу йирик акциянинг ҳам таъсири бор, албатта. Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардимки, раҳбарлар, жумладан, вилоят, шаҳар ҳокими, ҳоким ўринбосарлари ва аксарият ташкилотлар раҳбарлари ўзлари ўқиган мактабларга китоб совға қилиш учун китобни шахсан ўзлари келиб сотиб олишди. Саид Аҳмад, Примқул Қодиров, Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа ўзбек адабиёти намояндалари асарларига эҳтиёж катта бўлди.

Харидорлар кўпайишига китобхонлик танловининг кенг оммалашуви ҳам туртки бўлди, деб ўйлайман. Биз ҳам жойларда, таълим муассасаларида китоб тақдимотлари, тарғиботини ўтказиб келяпмиз. Ўша ернинг ўзида ярмаркалар уюштириб, китоб сотувини ҳам йўлга қўйдик. Шундай кўчма ярмаркаларни кўпроқ уюштириш керак,  деган таклифлар тушди.

- "Китоб олами"га шахсан китоб сўраб келувчилар сони ҳам ошгандир?

- 14 январь, 8 март байрамлари арафасида совға олиш учун келганлар жуда кўп бўлди. Олдинлари ёшларнинг бир-бирига китоб совға қилиши деярли учрамасди. Ота-оналарнинг фарзандларини ушбу мажмуага олиб келиши ҳам урфга айланди. Китоб буюртма қилаётганлар, китоб дўконлари сонини кўпайтиришни талаб қилаётганлар, ярмаркаларда бир-бирига қараб китоб олишга қизиқаётган ўқувчилар сони ортди. Китоб ўқиш керак, деган неча йиллик маърузалар ҳеч қандай таъсир кучига эга бўлмаган бир пайтда кейинги йилда олиб борилган пухта, аниқ ташаббуслар китобхонликни юқори босқичга кўтарди. Бу нафақат маънавий дунёмиздаги улкан сакраш, балки жамиятнинг ҳам катта ютуғи.

Гулруҳ МЎМИНОВА

суҳбатлашди.