Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Korean Air” Самарқандга авиақатнов ташкил этишни режалаштирмоқда

2020 йил 14 январь куни “Korean Air” авиакомпанияси вакиллари, ҳудудий менежер Park Jae-Yoon, ҳамда савдо ва маркетинг бўйича менежер Б.Ражабов билан Самарқанд вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти директори Д.Нарзиқулов амалий учрашув ўтказди. Бу ҳақда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Жанубий Кореянинг ушбу йирик авиакомпанияси фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди ва мазкур авиакомпания ҳозирда Ўзбекистонга ҳафтасига уч марта авиақатновни амалга ошираётгани таъкидлаб ўтилди.

Суҳбат чоғида Park Jae-Yoon Хитой, Корея ва Япониядан туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда Кореядан Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш режаси борлигини таъкидлади. Туризмни ривожлантириш департаменти директори Д.Нарзиқулов Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти ҳамда мазкур соҳада инфратузилмаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

"Korean Air" йўловчи ташиш қамрови бўйича дунёдаги энг йирик авиакомпанияларнинг биринчи йигирматалигига киради ва халқаро йўналишларда дунёнинг 45 та мамлакатига, жумладан, 128 шаҳарга мунтазам рейсларни амалга ошириб келмоқда.