Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коррупцияга қарши курашишда маҳалланинг ўрни қандай?

Самарқанд шаҳридаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида фуқаролар йиғинлари ўртасида “Коррупцияга қарши курашиш бўйича энг фаол фуқаролар йиғини” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самараларини ўз ичига олган тақдимот, мавзуга доир савол-жавоб ҳамда ижодий чиқиш каби 3 шарт бўйича ўзаро беллашди.

Танлов якунига кўра, 1-ўринни Пахтачи туманидаги Амир Темур маҳалласи раиси Нодира Райимқулова эгаллади. 2-ўринга Самарқанд шаҳридаги Мирзо Бедил маҳалласи раиси Улуғмурод Тожибоев сазовор бўлди. 3-ўринни эса Каттақўрғон шаҳридаги Дамариқ маҳалласи раиси Рустам Воҳидов ҳамда Булунғур туманидаги Бешқўтон маҳалласи раиси Гулсум Асқарова қўлга киритди.

- Танловда ғолиб бўлганим менга катта масъулият юклади, - деди танлов ғолиби  Н.Раимқулова. – Энди танловнинг Республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қиламан. Бу танлов фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида коррупцияга қарши курашиш борасидаги тарғибот тадбирларини кучайтириш бўйича тажриба алмашишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.