Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалла ва қишлоқларимиз қачон обод бўлади?

2019 йилда Самарқанд вилоятида “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари асосида 6 маҳалла ва 42 қишлоқда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, “Обод қишлоқ” дастури асосида ҳудудлардаги 21 мингга яқин хонадонда яшовчи қарийб 119 минг аҳолига қулай шароит яратиляпти.

Дастурга мувофиқ 15 мингга яқин хонадон ва 34 та кўп қаватли уйнинг том қисми таъмирланиб, кириш йўлакларига темир эшиклар ўрнатилмоқда. Шунингдек, 65 километр узунликдаги пиёдалар йўлаги ташкил этилмоқда, 437 километр ички хўжалик йўллари жорий таъмирланмоқда. 305 километр масофадаги электр тармоқлари таъмирланиб, 145 дона трансформатор алмаштирилмоқда. 5 минг донадан ортиқ таянч устунлари, 1964 дона тунги кўча чироқлари ўрнатиляпти.

“Обод маҳалла” дастури доирасида эса Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларидаги маҳаллаларда 40 та кўп қаватли уй-жой, 9,2 километр электр ва 50,3 километр ички йўллар таъмирланмоқда. 24 та ижтимоий соҳа объекти, жумладан, 4 та умумий ўрта таълим мактаби, 9 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаси ва 9 та бошқа объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётир.

Хўш, давлат дастурларида режалаштирилган ишлар жойларда қай даражада амалга оширилмоқда? Бу саволга жавоб топиш мақсадида Пайариқ тумани ҳамда Каттақўрғон шаҳрида бўлдик.

Туркибола обод бўлмоқда, аммо...

Пайариқ туманида “Обод қишлоқ” дастури бўйича Туркибола, Янги ҳаёт ва Бирлашув маҳаллалари кўркам қиёфага келтириляпти.

Туркибола маҳалласида йўлларни таъмирлаш, аҳолини газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, асосий кўчада пиёдалар йўлаклари барпо этиш ва тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, аҳоли томорқалари, уй-жойларни тартибга келтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Аммо режадаги 13,8 километр ички йўлларга шағал ётқизиш ишлари якунига етказилмаган. Маҳалла марказида жойлашган 34-сонли мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари ҳам суст олиб борилмоқда.

- Маҳалламизда амалга оширилаётган ишларни кўриб кўзингиз қувнайди, - дейди меҳнат фахрийси Оқбўта Абдубоқиев. – Маҳалламизнинг бир қисмида ҳар бири 24 хонадондан иборат 3 та кўп қаватли уй, 24 та 2 сотихли турар-жойлар барпо этилиб, гўзал шаҳарча пайдо бўляпти. Аммо айрим камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Дастур асосида маҳалламизда ишлар бошланишидан олдин 3,2 километр йўлга асфальт ётқизилиши, 3 та трансформатор мукаммал таъмирланиши режалаштирилган, дейилганди. Биз, маҳалла аҳолиси ана шу ишларда бироз кўзбўямачилик борлигини сезиб қолдик. Асфальт ётқизилди, бироқ айтилган масофагача эмас. Трансформаторларнинг ҳам устки қисмини ранглаб қўйишди, холос.

Буни юқори ташкилотлардан мутахассислар келиб текширса, яхши бўларди.

Йўлак пиёдалар учунми ёки?..

Янги ҳаёт маҳалласида бўлганимизда кўпгина хайрли ишларнинг гувоҳи бўлдик.

Маҳалла асосий кўчасининг 700 метрига асфальт ётқизилган. Қўлимиздаги маълумотга кўра, дастур асосида 2,4 километр йўлга асфальт қопланиши керак. Туман ҳокимлиги мутахассисларининг таъкидлашича, режадаги қолган 1,7 километрлик асфальт ётқизиш ишлари маҳалланинг бошқа томондан кириш кўчасида амалга оширилган.

Шунингдек, асосий кўчага пиёдалар йўлаги ётқизилган. Аммо ичимлик суви учун ўрнатилган кранлар мазкур йўлакнинг устида саф тортиб турибди. Сув қувурлари ва йўлак ётқизилишида наҳотки, мутахассислар пиёдалар юриши учун ноқулайлик туғилиши мумкинлигини ўйламаган бўлса. Йўл ёқасидаги бетон устунларга ёриткич чироқлари ўрнатилган, аммо аҳоли турар-жой бинолари тартибга келтирилиши учун ҳали анчагина ишлар қилиниши керак.

Қишлоқнинг бошқа бир кўчасида янги трансформатор ва бетон устунлар ўрнатилган. Уларга тортиладиган симлар эса ҳали етиб келмаган.

Бирлашув маҳалласида ҳам пиёдалар йўлаги дид билан ётқизилмаган. Ачинарлиси, бу йўлакдан юрсангиз кўп йиллик эски симёғочлар қаршингиздан чиқаверади.

Кўринишидан бир пайтлар телефон алоқа симлари учун ўрнатилган бу тарихий симёғочларни мутасадди ташкилотлар нима учун сақлаб турибди, тушуниш қийин.

- Обод бўлаётган қишлоқларда ташкилотимиз томонидан пиёдалар йўлакларини ётқизиш ва тунги ёритгич чироқларини ўрнатиш ишлари амалга оширилиши белгиланган эди, - дейди туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Комил Эргашев. - Шу пайтга қадар уч маҳаллага тунги ёритгич чироқлари ўрнатилди. Пиёдалар йўлакларини ётқизиш масаласида эса бироз кечикиш бўлди. Бунга сабаб – ёзнинг иссиқ келганлиги учун дарё суви кўпайди ва оқибатда бир ойга яқин муддат шағал олиш имкони бўлмади. Ҳозирги пайтда зарур миқдорда шағал жойларга етказилган. Тез фурсатда ишларни якунлаймиз. Бирлашув маҳалласида эса шахсан менинг эътиборсизлигим сабаб, йўлак ётқизиш ишлари сифатсиз бажарилган. Йўлакнинг талабга жавоб бермайдиган қисмларини бузиб, қайтадан қиламиз.

Ингичкада нима гаплар?

Каттақўрғон шаҳрининг Гўзалкент, Ғарб Масжид ҳамда Каттақўрғон маҳаллаларида “Обод маҳалла” дастури бўйича қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур маҳаллалардаги барча аҳоли хонадонлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, йўл қурилиши, электр, табиий газ таъминоти, тоза ичимлик суви ва инфратузилма объектлари қурилишидаги мавжуд муаммолар аниқланган. Бу ерда дастур асосида 13,1 километр йўл асфальт қилиниб, 2 километр табиий газ, 12 километр ичимлик суви, 4 километр ирригация ҳамда 8 километр электр тармоқлари таъмирланиши кўзда тутилган.

Шаҳарга қарашли Ингичка қўрғонидаги Каттақўрғон маҳалласида бўлиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари қай даражада давом этаётганига эътибор қаратдик.

Маҳаллада 616 та хонадонда 2935 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қурилиш-ободонлаштириш ишлари тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида олиб борилаётган экан. 

Доимий ишловчи штабдан олинган маълумотга қараганда, маҳаллада жойлашган барча кўп қаватли уйларнинг том қисми мукаммал таъмирланган. Янги болалар майдончалари қурилган, йўл ёқаларига 600 пагонометр ирригация тизимлари ўрнатилган. Ҳовли-жойларга бетон қоплама тўшалган. Бироқ фойдаланишга топшириш муддатига 20 кун вақт қолганига қарамасдан айрим юмушлар якунига етказилмаган.

Таъмирлаш режалаштирилган 30 та хонадонда ишлар чала қолган. Ўзбошимчалик билан қурилган 58 та уй-жой буздирилган бўлса-да, ҳалигача қурилиш чиқиндилари олиб чиқиб кетилмаган. 4,2 километр ички йўллардан бугунгача 3,2 километри таъмирланган, холос. 68 та тунги ёритиш ускунасининг 40 таси янгиланган. 12-умумий ўрта таълим мактабини таъмирлаш ишлари режадан орқада қолмоқда. Шунингдек, 20-сонли МТТда ҳам қурилиш ишлари ҳамон суст.

Янгидан қурилаётган «Ингичка деҳқон бозори» ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, ҳамон бузуқ расталар, ярми бузилган дўкончалар «қад ростлаб» турибди.

Маълумотларда маҳаллага 2,2 километр ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳолининг бу муаммоси бартараф этилди, деб ёзилган бўлса-да, тоза сув ҳамон асосий муаммога айланган.

Чунки маҳалланинг 60 фоиз аҳолиси машиналарда олиб келинган сувни сотиб олиб ичади. – Ичимлик суви ва канализация тармоқлари биз учун бир умр ечилмайдиган масала бўлиб келган, - дейдиЎзбекистон кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Махфират Шукурова. – Ҳар замонда тадбиркорлар томонидан машиналарда олиб келинадиган сувнинг ҳар тоннасини 10 минг сўмдан сотиб олиб, рўзғоримизга ишлатамиз. Баъзида қудуқда сақлаб қўйган сувлардан фойдаланиб ҳам бўлмайди. Шунинг учун аҳоли, айниқса, ёш болалар орасида ошқозон-ичак ва турли юқумли касалликлар билан оғриганлар кўп.

- Ичимлик суви нафақат Каттақўрғон маҳалласида, балки Ингичка қўрғони аҳолиси учун ҳам катта муаммо ҳисобланади, - дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Акрам Аҳмедов. – Қўрғонча ҳудудида қазилган артезиан қудуқларининг сувини ичиб бўлмайди. Аҳолини тоза сув билан таъминлаш учун бизга энг яқин бўлган, 9 километр узоқда жойлашган Сепки қишлоғидаги қудуқдан ичимлик суви тармоғи тортиб келиш керак. Бунинг учун, аввало, у томонга электр тармоғи тортиб бориш лозим. Бу ишлар учун қарийб 5 миллиард сўм керак.

Яна бир гап. Ингичкада ҳожатхоналар муаммоси ҳам долзарб ҳисобланади. Чунки шу пайтгача кўп қаватли уйлардаги канализация тармоғи эскириб, ишдан чиққанлиги сабабли хонадон эгалари уй олдида ноқонуний равишда қўшимча бинолар, ошхона, тандирхона ва ҳожатхона қуриб фойдаланиб келишган. Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошлангач, ўзбошимчалик билан қурилган бинолар қатори ошхона ва ҳожатхоналар ҳам бузиб ташланиб, бир нечта кўп қаватли уйларда яшовчилар учун биттадан жамоат ҳожатхонаси ва тандирхона қуриб бериляпти.

Маҳалладаги Амир Темур кўчасида жойлашган 7 та кўп қаватли уй аҳолиси битта тандирхона ва ҳожатхонадан фойдаланишмоқда. Бу ҳолат уларда норозилик уйғотмоқда.

Вилоятимизда “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани бор гап. Аммо айрим жойлардаги кўзбўямачилик ва ўзибўларчилик халқнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Халқимизда, “Жўжани кузда са­наймиз”, деган нақл бор. Куз келиб, ярми ўтиб ҳам бўлди. Жўжани санайдиган паллада масъуллар уялиб қолмасмикин?

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото),

«Зарафшон» мухбирлари.