Ободлик кайфиятга ҳам таъсир қилади

“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойил асосида олиб борилаётган ишлар Ургут туманидаги тоғли Мўминобод маҳалласида ҳам давом этяпти.
Вилоятнинг учинчи сектори ҳудудидаги маҳаллада инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Мўминобод туман марказидан 33 километр олисда, Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудда жойлашган бўлиб, мингдан зиёд хонадонда 5226 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада 46 нафар ишсиз ва 21 нафар боқувчисини йўқотганлар бор. 130 нафар фуқаро ижтимоий ёрдам олувчилар рўйхатига киритилган. 105 нафар хотин-қиз аёллар, 10 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган. Хотин-қизларнинг кўпчилиги ишсиз, уй-рўзғор ишлари билан машғул. Уларнинг бандлигини таъминлаш муаммо бўлиб келган.
- Маҳалла еттилиги, фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари ва кўчабошилар ҳар бир хонадонда яшовчи фуқаролар билан учрашиб, уларга “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бордик, - дейди Мўминобод маҳалласи раиси Обид Норбоев. – Жумладан, уйларнинг ташқи деворлари ва томини таъмирлаш, ёрдамчи хўжалик бинолари, жумладан, ошхона, ҳожатхона, тандирхона, молхона ва товуқхоналарни қуриш ва таъмирлаш, улардан белгиланган гигиена талаблари асосида фойдаланишни йўлга қўйиш борасида таклифлар берилди. Чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш тизимини яратиш белгиланди.
Ургут тумани электр таъминоти корхонаси томонидан ўтказилган хатловда маҳалла ҳудудида 150 та эски симёғоч борлиги маълум бўлди. Шу пайтгача ишлаб келган трансформаторлар ҳам юқори босимга дош бермайди.
- Маҳалладаги симёғочлар ўтган асрнинг 70-йилларида ўрнатилган, анча эскириб кетган, - дейди туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Ойбек Холиқов. – Тоғли ҳудуд, аҳоли хонадонлари тарқоқ жойлашган, қаерда уй қурилган бўлса, оддий ёғоч устунлар ёрдамида тармоқ тортиб кетаверишган. Ўн йиллардан буён давлат томонидан бирорта трансформатор ёки бетон-устун ўрнатилмаган. Сал шамол кўтарилиб ёмғир ёки қор ёғса, электрдан узилиш юзага келади.
Ободонлаштириш ишлари бошлангач, қўшимча 160 кВтлик қувватга эга бўлган 4 та трансформатор, эски симёғочлар ўрнига 180 дан зиёд темир-бетон устун ўрнатилиб, 6 километр узунликда СИП ёпиқ кабеллари тортилиши режалаштирилди. Мавжуд 10 та трансформатор пунктлари таъмирланади. Биргина Чумчуқли қишлоғидаги 120 дона яроқсиз симёғоч темир-бетон устунларга алмаштирилиб, 13,3 километр масофада турли даражадаги ёпиқ кабеллардан иборат тармоқ тортилади. 6 та трансформатор пункти таъмирланади. Марказий кўчаларга 280 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади. Шунингдек, маҳалладаги 2 та ичимлик суви минораси ҳам таъмирталаб, кўп йиллардан буён сув чиқмайди.
- Бизга сув тоғлардаги чашмалардан келади,- дейди маҳалла фаоли Алиқул Ҳотамов. – Лекин тоғларда ҳам сув камайиб боряпти, йилдан-йилга чашмалар қурияпти. Айниқса, ёз ойларида томорқани суғориш у ёқда турсин, ичишга сув топиш ҳам қийин бўлиб қолмоқда. Қўшимча сув қудуқлари керак.
Дастур асосида маҳалла учун қўшимча 4 та янги сув иншооти қуриш, 6 километр ичимлик сув тармоқлари тортиш белгиланди. Натижада 500 га яқин хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади. Шунингдек, Чумчуқли қишлоғида 4 та янги сув иншооти ўрнатилиб, 3,2 километр масофага тармоқ тортилади.
Маҳалладаги ички кўчаларда қишда ёмғир-қорда, ёзда чанг туфайли юриб бўлмай қолади. Айниқса, ёғингарчилик вақтида мактабга қатнайдиган болаларга қийин бўлади.
“Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” тамойиллари асосида қишлоқнинг мана шу муаммоли кўчалари ҳам ободонлаштириладиган бўлди. Ҳудуддан ўтувчи 4К-520 “Мўминобод-Жарқишлоқ” автомобиль йўлининг 2,5 километр қисми, 15,3 километр ички хўжалик йўллари жорий таъмирдан чиқарилади. Жумладан, Амир Темур, Мўминобод, Хўжаобдол кўчалари, маҳаллани Терак қишлоғи билан боғловчи йўлнинг 2,5 километр қисми тўлиқ асфальтлаштирилади. Қолган кўчалар эса бетон билан қопланади. Шунингдек, ҳудуддаги 28,4 километр ички кўчалар шағаллаштирилади.
- Маҳалламиз тўлиқ суюлтирилган газ баллонларига ўтказилган, - дейди Ражаббой Ғаффоров. – Бироқ бўш баллонлар ўз вақтида алмаштирилмайди. Баъзида газчилар масофа узоқлигини баҳона қилиб, икки ойгача олиб келишмайди. Аҳоли эса ўтин ва кўмир билан овқат пишириб, чой қайнатишга мажбур бўляпти.
Мўминобод ва Чумчуқли қишлоқлари аҳолисига 966 та маиший газ баллонлари тарқатилган. “Ҳудудгаз Самарқанд” акциядорлик жамиятининг Ургут туман филиали ўтказган хатловга кўра, яна 243 та оилага маиший газ баллони етишмаслиги аниқланди. Икки ой ичида барча хонадонлар газ баллон билан таъминланади.
Маҳалла ҳудудидан кунига юзлаб транспорт воситалари ҳаракатланади. Бироқ қатновини тартибга соладиган йўл белгилари ва кўрсаткичлари етарли эмас. Эндиликда бу масала ҳам ечим топадиган бўлди. Шунингдек, 11 километр узунликдаги интернет алоқа тармоғини тортиш кўзда тутилган.
Дастур асосида маҳалла учун замонавий бино ва хотин-қизлар учун бандлик ва саломатлик маркази ҳам қурилади. Спорт майдони замонавий талаблар асосида таъмирланиб, марказий кўчаларга 8 та чиқинди контейнери ўрнатилади. Уч ой ичида 160-умумтаълим мактабида кутубхона, Қатағон қишлоғида 90 ўринли боғча, Чумчуқли қишлоғида 480 ўринли мактаб ва 90 ўринли болалар боғчаси қуриш, барча қишлоқларда контейнер тиббий пункт ўрнатиш режалаштирилган.
- Маҳалламиздаги юзга яқин хотин-қиз тикиш-бичишга ўргатиляпти, - дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Дилфуза Жўраева. - Тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган хотин-қизлар ва ёшларга эса имтиёзли кредитлар таклиф қилиняпти. Шунингдек, хорижда ишлаётган фуқаролар билан боғланиб, уларни қишлоққа қайтариш ва ишга жойлаштириш чоралари кўриляпти. Шароити оғир оилалар тижорат банкларига бириктирилиб, уларга имтиёзли шартлар асосида кредит бериш режаси ишлаб чиқилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда давлатимиз томонидан тоғли ва чекка ҳудудлардаги қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган шароит ва қулайликлар барчанинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатяпти.
Дилмурод Тўхтаев.