"Обод хонадон - кўча - маҳалла": Янгиқўрғон янгиланмоқда

Жойлардаги оғир ҳудуд деб белгиланган аҳоли манзилларида давлатимиз раҳбари топшириғига асосан «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонлари жорий этилмоқда.

Жумладан, айни пайтда Каттақўрғон туманидаги Чўянчи, Иштихон туманидаги Чағатой, Паст Дарғомдаги Олти қаҳрамон ҳамда Оқдарёдаги Янгиқўрғон маҳаллаларида ушбу тизим асосида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

4400 нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган Янгиқўрғонда шу пайтгача бу каби бунёдкорлик ишлари бажарилмаган. Ҳудудий дастурларда ҳам мазкур маҳалла инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ лойиҳалар кўзда тутилмаган. Республика ишчи гуруҳининг ўрганишларидан сўнг Янгиқўрғонни «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонлари асосида янгилашга қарор қилинди. Ҳозирда бутун маҳаллада қури­лиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Дастлаб маҳалладаги 715 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ҳар бир оила ва унинг аъзолари билан боғлиқ масалалар, ечимини кутаётган муаммолар аниқланди. Ҳудуддаги электр, газ, сув таъминоти, йўллар ва ижтимоий соҳа объектларининг ҳолати ўрганилди. Ўрганишлар натижаси бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ҳар бир масала бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

– Маҳалламиздаги асосий муаммоли масалалар йўл ва электр энергияси таъминоти билан боғлиқ эди, – дейди Янгиқўрғон маҳалласи раиси Улуғбек Мустафоев. – Шунинг учун, аввало, Юнус Ражабий кўчаси ва Маҳалла қишлоғида 4,2 километр ички йўллар шағаллаштирилди. Бойбўта қишлоғида 1 километр йўлга асфальт ётқизилди. Шунингдек, маҳалламизни туман маркази ва қўшни қишлоқлар билан боғловчи учта йўлнинг жами 16 километр қисми таъмирланди.

Янгиқўрғон, Маҳалла ва Бойбўта қишлоқларимизда аҳоли электр таъминотини яхшилаш учун 5240 метр тармоқ янгиланиб, 4 дона трансформатор мукаммал таъмирланди. 60 дона темир бетон устун ўрнатилди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Газ таъминоти ташкилоти томонидан 6120 метр ҳар хил диаметрли газ қувурлари назоратдан ўтказилди. Беш дона юқори босимли газ тақсимлаш қутилари техник кўрикдан ўтказилиб, заруратга қараб, таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шу пайтгача маҳалламизнинг ўз биноси йўқ эди. Ҳозирда маданият уйи ёнидаги бўш майдонда маҳалла маркази қуришга киришилди. Йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

«Обод хонадон» мезони бўйича маҳалладаги уй-жойлар хонадон эгалари ва ҳомийлар кўмагида таъмирланмоқ­да. Хусусан, қизил тоифадаги 21 та хонадоннинг 10 таси ҳомийлар ёрдамида замонавий кўринишга келмоқда. Бундан ташқари, «Темир дафтар»да рўйхатда турувчи бир нафар фуқаронинг хонадонига 10 миллион сўмлик қуёш панели ўрнатилди.

Аҳоли бандлигини ва доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида 2 нафар фуқарога тикув машинаси, яна бир нафарига асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари олиб берилди. «Аёллар дафтари»ги киритилган 25 нафар хотин-қизга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 6 нафар фуқарога жами 79 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Шу тарзда 50 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ҳудуддаги «Сариқ Қуш ота» қаб­ристонида ободонлашти­риш ишлари олиб борилди.

Маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан бирга аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ва улар ўртасида тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳозиргача туман ва вилоят тиббиёт муассасалари мала­кали мутахассислари томонидан 1049 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган беморларнинг амбулатор шароитда ёки шифо­хонада даволанишлари учун 158 кишига зарур тавсия ва тиббий муассасаларга йўлланмалар берилди.

Хонадон маданиятини юксалтириш, ҳовли-жойларни тоза-озода сақлаш, оилалар­даги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар тарбиясида кексаларнинг ролини ошириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан аҳоли ўртасида кенг миқёсда тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда ҳар бир қишлоқда уч авлод учрашув­лари, «Бир нуронийга ўн нафар ёш» тадбирлари, «Заковат», «Зукко китобхон», «Мунозара» интеллектуал ўйинлари, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Маҳалла раисининг айтишича, тез орада Янгиқўрғонни янгича кўри­нишдаги, аҳоли учун ҳар томонлама қулай, кўркам масканга айлантириш режалаштирилган. Ҳудуддаги уч қишлоқда бу борада жадал иш олиб борил­моқда.

Ғолиб Ҳасанов.