Мажбурий ижро бюроси: 19 нафар ходимга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракати учун жиноят иши қўзғатилган

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Zarnews.uz сайтида (Davletovuz) “Халқни айбдор қилиш осон. Лекин фуқаронинг ҳуқуқини бузган МИБ ходими ҳақида нега айтилмаяпти?” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақолага изоҳ.
Сентябрь ойида Бош прокуратура томонидан Бюро ходимларига нисбатан қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ 3 марта хабар берилди. Аммо Бюро ходимининг фуқаролар ҳуқуқини бузгани ҳақида ахборот берилмагани рост.
Муқаддам ҳам ижтимоий тармоқларда Мабурий ижро бюроси фаолиятидан аҳоли норози бўлаётгани учун уни тугатиш, Бош прокуратура тасарруфидан чиқариб, бошқа вазирлик ёки идора таркибига қўшиш ҳақида фикрлар олдинга сурилганди.
Айтиш жоиз, айнан давлатимиз раҳбари томонидан таъминотчи корхоналарнинг коммунал хизматлар учун тўловларни ундиришда етарли чора кўрмаётгани, истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этиши лозим даражада таъминланмаётгани, истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлар мунтазам равишда амалга оширилмаётгани, шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги собиқ Суд департаменти фаолиятидаги жиддий камчиликлар танқид қилинди. Ушбу соҳада тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил қилинди.
Мажбурий ижро бюроси - Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги махсус ваколатга эга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ҳисобланиб қуйидаги:
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш ва турли сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш;
- энергия ресурслари, сув таъминоти соҳасида ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш, тармоқларга ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш каби вазифаларни амалга оширади.
Бугун Бюро органларининг юклатилган ушбу вазифаларга масъулият билан ёндашиши суд ва бошқа органлар қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлашда, энергия ресурслари бўйича қарздорликларни ундиришда самарали натижа бермоқда.
Шу боис Президентимизнинг фармони асосида қўшимча вазифа сифатида сув таъминотидаги тўловларни амалга ошириш ва ноқонуний ҳолатларни бартараф этиш, маиший чиқинди соҳасида тўловларни ўз вақтида, тўлиқ ундириш каби қўшимча вазифалар ҳам Бюрога юклатилди.
Бюро органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича истеъмолчилардан 62,6 триллион сўм ундирилди. Бу кўрсаткич Бюро ташкил этилмасдан олдинги кўрсаткичга нисбатан 250 фоизга кўп дегани.
Суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш борасида 36 триллион сўмга яқин ундирув амалга оширилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Бюро даврида ундирув самараси 51 фоизга ўсган. Демак, ундириш динамикаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда ва иш ҳажми ҳам шунга яраша бўляпти.
Ҳуқуқбузарликларни фош этиш бўйича энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича 1 триллион 135 миллиард сўмлик зарар етказганлик аниқланиб, 880 дан зиёд истеъмолчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Тўлов интизоми кўп жиҳатдан истеъмолчиларнинг тўлов маданиятига бевосита боғлиқ. Бироқ хизмат вазифаларини бажариш даврида Бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Биргина, 2019 йилнинг ўтган даврида Бюро ходимларига нисбатан 90 та қаршилик ҳолатлари аниқланиб, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилди. Бунинг оқибатида Бюро ходимларининг 4 нафари ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этди, 150 нафардан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилди.
Бюро органлари хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ёки “Бюро ходими”, деган номга доғ тушираётган ҳар бир ходимга муросасиз муносабатда бўлмоқда. Ўтган даврда Бюронинг 19 нафар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бюронинг ҳар бир ходими ишига муносиб баҳо берган ҳолда ножўя хатти-ҳаракат содир этган ходимларга нисбатан қатъий чора кўрилмоқда.