Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мажбурий меҳнатга жалб этган шахсга жазо бор

Самарқанд вилоятида мажбурий меҳнатга жалб этмаслик борасида тарғибот-ташвиқот ишлари самарали олиб борилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, 2019 йилнинг ўтган даври давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан прокуратура органларига мажбурий меҳнатга жалб этилганлик тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди. Унда Самарқанд вилоят бандлик бошқармаси бошлиғи Аслиддин Усмонов, вилоят прокуратурасининг соҳага алоқадор ходимлари ва мутахассислар иштирок этди.

- Шу йилнинг ўтган даври мобайнида фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўтказилган текширишларда айрим корхона раҳбарлари томонидан қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди, - деди А.Усмонов. - Масалан, 113 ҳолатда меҳнат таътили бериш, 442 ҳолатда меҳнат дафтарчасини юритиш тартиби бузилган бўлса, 88 ҳолатда бошқа сабабларга кўра иш берувчи меҳнат интизомини бузган.

Шунингдек, мажбурий меҳнатга жалб қилган жисмоний ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик масаласи янада оширилмоқда. Масалан, вояга етмаган шахсни мажбурий меҳнатга жалб этган жисмоний ёки мансабдор шахс энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 30 бараваригача жарима жазосига тортилади.

Матбуот анжуманида мутахассислар журналистларнинг мажбурий меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этилиши билан боғлиқ саволларига жавоб берди.