Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактаб раҳбарларига ғайриқонуний талаб қўйилмаган

Жорий йилнинг 24 июнь куни ижтимоий тармоқларда Нарпай туманидаги 12-умумтаълим мактаби директори Муҳайё Очилованинг ходимларни ишга қабул қилиш ва бошқа мақсадларда раҳбарларнинг пул талаб қилаётгани тўғрисидаги асоссиз фикрлари қайд этилган видеоси тарқалганди.

Ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётгани тўғрисида 25 июнь куни вилоят халқ таълими бошқармасининг телеграм расмий канали орқали дастлабки муносабат ҳам билдирилди.

26 июнь куни Нарпай туманидаги 12-мактабда вилоят халқ таълими бошқармаси, Нарпай тумани ҳокимлиги, туман халқ таълими бўлими ходимлари, мактаб педагогик жамоаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда мактаб жойлашган маҳалладаги фаоллар иштирокида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган видеолавҳа муҳокама қилинди.

Муҳокамада Муҳайё Очиловадан видеода айтган фикрларини изоҳлаб, видео мактаб ўқитувчиси Умида Шодмонова томонидан ёзиб олинганини, Умида Шодмонова номутахассис бўлса-да, психолог сифатида мактабга ишга олишини сўраб, бунинг учун пора олишга ундаб келгани, шу билан бирга, ҳар бир суҳбатда унинг фикрларини яширинча ёзиб олишга ҳаракат қилиб келаётганини таъкидлади. Муҳайё Очилова Умида Шодмонованинг бу ҳаракатидан унинг мақсади ишга ўтишгина эмас, унга Умида орқали кимдир тазйиқ ўтказмоқчи эканлиги тахмин қилганлигини, ушбу видеони ҳам ёзиб олинаётганини сезиб, туман халқ таълими бўлими ва вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарлари номига нисбатан ёлғон сўзларни айтганини тан олди. Аслида собиқ туман ХТБ мудири М.Юлдошев ҳеч қандай пул талаб қилмаганлиги, бошқарма бошлиғининг тўй қилган-қилмаганидан хабардор бўлмасдан, ушбу ёлғон гапни айтганлиги учун узр сўради.

Умида Шодмонова сўзга чиқиб, мактаб директори Муҳайё Очилованинг олдига кирганда, телефони бехосдан ёниқ қолгани, директорнинг сўзларини ёзиб олганини билмаганини, унинг олдидан чиққандан сўнг телефонини йўқотиб қўйганини, ушбу видеони ижтимоий тармоқларга ким тарқатганини ҳам билмаслигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи айни лавозимга 2019 йил 30 августда тайинланган ва бугунги кунга қадар ҳеч қандай тўй ва бошқа маросимлар ўтказгани йўқ. Шунингдек, тасарруфидаги халқ таълими бўлими ва умумтаълим муассасалари раҳбарларига ғайриқонуний талаб қўйилмаган, қўйилмайди ҳам. Бугунги кунда вилоят халқ таълими тизимида бундай иллатларнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Афсуски, бир мактаб директори ва психологининг ўзаро келишмовчилиги бутун халқ таълими тизими ва унда меҳнат қилаётган педагог ва раҳбар ходимлар ҳақида жамоатчиликнинг фикри чалғишига сабаб бўлди. Ходимининг қинғир ишини текшириш ёки бошқа мақсадда раҳбарлар номидан фойдаланиб, ёлғон ва туҳматларни ёғдирган директорнинг хатти-ҳаракатини қандай баҳолаш мумкин?

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео, унда айтилган фикрлар исботини топмади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.