Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мактабни ким обод қилади?

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда “Ўқитувчи мажбурий меҳнатга жалб қилинди” деган иддаоларга тез-тез дуч келяпмиз. Албатта, ушбу ҳолатларнинг ҳар бири эътибор марказида бўлиб, ҳолат ўрганилганда ўқитувчи эмас, техник ходимлар мактаб ҳудудидаги ободонлаштириш ишларига жалб қилингани маълум бўлмоқда.

Шундай ҳолатлардан бири Самарқанд шаҳридаги 28-мактабда рўй берганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда маълумот тарқалди. Зудлик билан ушбу ҳолат ўрганилди. Мактабда ўқитувчилар эмас, фаррошлар ҳовлидаги бегона ўтларни тозалаётгани маълум бўлди.

Хўп, бу ҳолатни мажбурий меҳнат, дедик. Аммо, айтингчи, мактабни ким обод қилади? Ўқитувчи ўзи меҳнат қилиб, ҳалоллаб бола-чақасининг ризқини топаётган ишхонаси — мактабнинг ободлигига ҳисса қўшса нима қилибди?! Бегона ўт босиб, ташландиқ жойга айланаёзган мактаб ҳовлисига файз киритишда баъзида фаррошларга ёрдам берса ёмонми?! Халқнинг фарзанди вояга етаётган муқаддас масканнинг бир метр жойига сув сепиб қўйса кам бўлмас! Ваҳоланки, ушбу кичик юмушларга ўқитувчининг дарси қолиб кетиб ёки мажбурлаб жалб қилинаётгани йўқ ва бунга йўл қўйилмайди.

Қолаверса, мактабда ўқувчиларни меҳнатга, турли ҳунарларга ўргатиш таълим тизимининг бир қисми бўлиб келган. Назаримда мактаб ҳудудида ўқитувчи ва ўқувчилар белгиланган соатларда таълим муассасаси ободончилиги учун биргаликда ҳаракат қилиб, айни пайтда болаларимизни меҳнат қилишга ундаш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Кейин яна бир гап. Юқорида айтганимиздек, айрим шахсини яшириб, иғво тарқатадиган кишилар бугун ижтимоий тармоқларда гўё ўқитувчининг ҳуқуқини талаб қилиб, мактаб ҳудудида челак ёки супурги кўтариб юрганларни пана-панадан расмга олиб, жар соляпти.

Мисол учун, Жомбой туманидаги 15-мактабда уч нафар аёл кишининг мактаб ҳудудидаги гул экилган майдонда ободонлаштириш ишларини олиб бораётгани яширинча видеога олиб тарқатилди. Видео остига эса ўқитувчиларга мактабга кетмон кўтариб келиш, ўт ўриш топширилгани бўрттирилиб, фикр қолдирилган.

Албатта, ушбу ҳолат ҳам ўрганилди. Маълум бўлишича, ушбу видео жорий йилнинг май ойида олинган бўлиб, ижтимоий тармоқларга август ойида тарқатиляпти. Афсуски, шахси номаълум фуқаро реал ҳолатни бўрттириб таърифлаганидек, мактабда ўқитувчини ишга мажбурланган ҳолатнинг ўзи йўқ.

Эски видеонинг бугун тарқатилиши соғлом фикрловчи инсоннинг иши эмас. Минг афсуски, айрим ўқитувчиларнинг мактаб директори ёки раҳбариятига шахсий хусумати борлиги ортидан ҳам ана шундай сафсаталар тарқатилаётгани янада ачинарлидир.

Дарҳақиқат, ўқитувчининг ўзи меҳнат қилаётган маърифат масканининг тоза-озодалиги, обод ва кўркамлигига ойлаб эмас, ўз ихтиёри билан бир неча соатга бир жамоа бўлиб, ҳашар қилиб, оғир бўлмаган ишларга ўз ҳиссасини қўшишидан фожиа ясамаслик керак. Ахир ҳар биримиз ўрни келганда ташкилот, корхонамизни ободлиги учун ўз ҳиссамизни қўшамиз-ку. Қолаверса, ҳашардек ота-боболаримиздан қолган улуғ анъаналар бор.

Хуллас, мактабни ташқаридан келиб, кимдир обод қилиб бермайди. Янги ўқув йилига оз фурсат қолган айни кунларда, бутун бир жамоа манфаатдор бўлиб, ризқини шу ердан топаётган масканда барча ишни фаррошларнинг елкасига ташлаб қўйиш ҳам инсофсизлик. Ўз иш жойимизни меҳр ва эътибор билан обод ва кўркамлигига ҳисса қўшайлик. Ҳар қандай ҳолатни “мажбурий меҳнат” деб, аташдан ва яширинча расм, видеога олиб уни тарқатишдан олдин, унинг қаерда ва қандай мақсадда ташкил этилганига озгина эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Набихон Ғафуров,

Самарқанд вилояти халқ таълими

бошқармаси Фахрийлар уюшмаси раиси.