Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мақсад муаммони ҳал этишми ёки аризани ёпишми?

Жомбой тумани Аҳмаджон Қурбонов маҳалласининг Рабғузий кўчаси, 13-уйда яшовчи фуқаролардан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси туман кенгаши “Адолат қабулхонаси”га мурожаат келиб тушди. Унда қайд этилишича, мазкур кўп қаватли турар жой 2018 йилнинг ёз ойларида капитал таъмирланган. Бироқ аксарият ишлар охирига етказилмаган. Бунинг оқибатида ёғингарчилик кунлари иккинчи қаватдаги баъзи уйларни сув босяпти. Янгидан ёпилган том сифатсиз қилинган.

Шунингдек, кредит маблағлари кўп ҳисоблангани ҳам таъкидланган. Ҳақиқий аҳвол билан танишиш мақсадида, айтилган манзилга бордик.

– Қурувчилар ўтган йил уйнинг тепа қисмини очиб кетишди, – дейди Орзугул Қувондиқова. – Янги том ўрнатиш учун. Аксига олиб, бир ҳафта ёмғир тинмади. Иш тўхтаб қолгач, иккинчи қаватдаги уйларни сув босди. Деворлар захлаб кетди. Майли, шунисига ҳам чидадик. Том янгиланса, ортиқча эътирозга ўрин қолмасди. Хўш, энди-чи? Апрель ойида иккита хонамдан яна сув ўтиб кетди. Неча бор қурувчиларни чақирдик, келиб, тузатгандек бўлишади. Аммо, вазият ўша-ўша.

Икки қаватли мазкур турар-жойда 20 оила истиқомат қилади. Уйнинг том, фасад қисми кредит ҳисобига таъмирлаб берилган. Тўлов миқдори ҳар бир оилага 11 миллион сўмдан тушяпти. Бу маблағни улар ўн йил давомида тўлаб бориши зарур. Лекин аҳоли бундан норози. Аксарияти, тўлашдан бош тортган. Қурилишдан кўнгли тўлмаяпти.

 – Фасад қисмини яхшилаймиз, ранг берамиз, деб оддий оҳак ишлатишди, – дейди Матлуба Солиҳова. – Шунинг ўзи қирқ миллион сўм бўлар экан. Нега бунча қиммат, деган саволга мутасаддилардан тайинли жавоб чиқмади. Бизга қурилиш ёки кредит шартномаси ҳам кўрсатилмаган. Муаммо фақат томда эмас. Ичимлик суви ўн йилдан бери келмайди. Канализация тармоғи аллақачон ишдан чиққан. Тушунамиз, бу ер маҳалланинг бироз қаровсиз, чекка жойи. Шунинг учун кўзга ташланмаса керак. Лекин, яна қанча чидаш мумкин, бу вазиятга?

Дарҳақиқат, хонадонлардаги ҳолат анча жиддий. Ертўла чиқиндихона вазифасини ўтай бошлабди. Ўтган йили умумий ҳожатхона қуриб берилган экан. Аммо аҳоли ундан фойдаланмайди. Бу ерда ҳам таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган.

Туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мазкур масалага қандай изоҳ бериши билан қизиқдик.

– Томдан сув ўтаётган бўлса, қурувчи айбдор эмас, – дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Маҳмуд Абдураҳимов. – У ердаги вазиятни яхши биламан. Айб аҳолининг ўзида. Профнастилни тешиб, ўзбошимчалик билан мўри қуриб олган. Антенна ўрнатган. Энди томчи ўтмай нима қилсин? Бир сафар мурожаат қилишганда, бориб ямаб бердик. Яқинда атрофини ҳам ободонлаштирамиз. Бу ишлар 2019 йилги дастурга киритилган.

Яъни, маҳаллий бюджетдан 73 миллион сўм маблағ ажратиляпти. Давлат ҳисобидан болалар майдончаси қуриб берилади. Ичимлик сувини чиқариш, тунги ёриткичлар ўрнатиш ҳам режалаштирилган. Фақат йўлак масаласи ҳозирча, муаммо бўлиб турибди. Аслида, уни ҳам ўша маблағ ҳисобидан қуриш керак эди. Лекин бироз маблағ етмай қолиши мумкин. Йўлакни ҳашар ёрдамида бажарамиз. Шағал ва цементни ҳомий ташкилот етказиб бермоқчи. Қолгани аҳолининг зиммасида. Туман бандликка кўмаклашиш маркази билан шартнома тузилади. Ким ишлайман деса, жамоатчилик тартибида ойлик маош берилади.

Бироқ аҳолининг фикри умуман бошқа. Уларни бу таклиф жиддий хавотирга соляпти. Чунки йўлак қуриш, ташқи зиналарни таъмирлаш ҳар кимнинг иши эмас. Бунга тажрибали мутахассис қўл ургани дуруст. Томнинг сифатсиз ёпилгани уларга катта сабоқ бўлган...

Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, ўша уйда яшовчи аҳолидан мажбурий бадал ундирилар экан. Яъни, кредит қарзи бекор қилинади. Аҳоли турар-жойнинг бир квадрат метрига 1000 сўмдан тўлаб борилади. Бу маблағ йиллик капитал таъмирга ишлатилади. Ўтган ойларда тўланган ортиқча кредит суммаси қайтариб берилиши мумкин. Ёки бошқа мақбул чораси кўрилса керак. Бу ҳозирча, М.Абдураҳимовнинг тахмини, албатта.

Том масаласида эса қатъий фикрни айтди:

– Қурувчилар икки куннинг ичида томни тузатиб беришади. Бундан муаммо йўқ. Иш якуни билан таҳририятга ёзма маълумот тақдим этамиз.

Ваъдага биноан, ўша маълумотни кутдик ва олдик ҳам.

Унда ёзилишича, Рабғузий кўчасидаги кўп қаватли уйнинг ҳолати бўлим мутахассислари томонидан ўрганилган. Пудратчи ташкилот сув ўтаётган жойларини таъмирлаб берибди. Қолаверса, аҳоли билан ҳашар ўтказиб, атрофни ободонлаштиришга келишиб олишганмиш.

Демак, муаммо ҳал. Кўпчиликни қийнаб келаётган тешик том ямалибди.

Аммо...

– Ҳеч ким келиб, томни таъмирлагани йўқ, – дейди О.Қувондиқова. – Учрашув ўтказилгани ҳам ёлғон. Кредит тўлаш шарти бекор қилинган бўлса, нега биз хабардор қилинмадик? Мажбурий бадал масаласида аҳолини хабардор қилиш, маслаҳатлашиш керак эмасмиди. 

Бундан кўринадики, таҳририятга берилган маълумот шунчаки қуруқ гап. Ёлғон хабар бўлиб чиқяпти. 

Хуллас, сифатсиз ёпилган том масаласи яна очиқ қолмоқда. Умумий ҳожатхонанинг қурилиши охирига етказилмаган. Кредит, мажбурий бадал тўловидаги чалкашликлар ҳам барҳам этилмаган.

Савол туғилади. Эътирозга сабаб бўлаётган қурилиш шартномаси, смета ҳужжатлари кимнинг қўлида? Нега истеъмолчилардан сир тутиляпти? 

Туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бу билан нимага эришмоқчи?

Олдинда иссиқ кунлар. Ёмғир ёғмаса, чала ёпилган томнинг айби очилмайди. Кузгача ҳали қанча вақт бор. Болта тушгунча, кунда дам олсин, деганими бу? Йўқса, таҳририят ва аҳолини алдашдан муддао нима? 

Сирасини айтсак, мурожаатни "ёпиш" илинжида ёлғон-яшиқ ахборотларни расмий хат важи билан тақдим этиш ҳолатлари афсуски, камаймаяпти. Хўш, бунга қонунларимиз нима дейди?

Матбуот орқали ёлғон ахборот тарқатишга уриниш жавобгарликка сабаб бўлишини бу масъулларга ким тушунтиради?

Шерзод Исоқулов.