Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Марказий ҳарбий округда жанговар техникаларни ташиш учун махсус дала темир йўл иншооти қурилди (видео)

Марказий ҳарбий округга қарашли “Фориш” тоғ полигони яқинида навбатдаги Халқаро армия ўйинлари ва Мудофаа вазирлиги миқёсидаги мусобақаларга жанговар техникаларни ташиш учун махсус дала темир йўл иншооти фойдаланишга топширилди.

Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Тантанали тадбирда округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов қурилиш ишларида яқиндан ёрдам берган барча ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга эсдалик совғалар ва фахрий ёрлиқлар топширди.

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан ҳамкорликда кундузги ва тунги вақтларда ишлайдиган Чимқўрғон темир йўл ҳудудида 3 миллиард сўм маблағ эвазига махсус дала темир йўл станцияси қурилди.

Жанговар техникалар қўриқлаш гуруҳи учун махсус жиҳозланган ҳар бир вагонга 150 миллион сўм маблағ сарфланган. Ушбу вагонларда жанговар хизматни олиб бориш учун бир қатор қулайликлар яратилган. 

Ҳарбий техникалар билан ҳаракатланаётган поезд округ қўмондонлиги томонидан онлайн тарзда кузатиб борилади. 

Эскисидан фарқли равишда округда биринчи бўлиб, қисқа муддатда платформанинг ён томонидан ҳарбий техникаларни ортиш ишлари амалга оширилади. Чиқиш майдони эса бетондан қилиниши (аввал темирдан фойдаланилган) оғир техникаларнинг сирпаниб, тушиб кетишининг олдини олади.