Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Масофавий таълим: Интернетсиз таълимда сифат бўлмайди

Жасур РИЗАЕВ,

Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори:

- Самарқанд давлат тиббиёт институти 2013 йилдан кредит-модул ва электрон ўқитиш тизимларини ишга туширганди. Уч йил давомида биз масофавий таълим олиш порталимизни ўқув адабиётлари, аудио, видео ўқув қўлланмалари билан тўлдирганмиз. Масофавий таълим олиш учун ўқув базани керакли маълумотлар билан таъминлаганимиздан сўнг, кредит-модул тизимига ўтганмиз. Пандемия шароитида ҳам талабалар ҳеч қийинчиликсиз, масофадан ўқитилди.

Институтда назария билан амалиёт бирга ўқитилади. Шунинг учун порталга ҳар бир ўтилган дарс мавзусига оид видео дастурлар ҳам киритилган. Масалан, талаба ўткир аппендицит мавзусини ўқиди. Сўнгра у мавзуга оид видео билан ҳам танишади. Талабага мавзуга оид кунлик 10-20 та тест саволлари берилади ва дарсни қанчалик ўзлаштирганлиги аниқланади. Яна шуниси аҳамиятлики, бир мавзу бўйича берилаётган тест саволлари талабаларга ҳар хил тарзда тузилади.

Пандемия сабаб юртимиздаги барча олий таълим муассасалари масофавий таълимга ўтди. Бироқ ҳеч бир тайёргарликсиз бирданига масофавий таълим тизимини жорий этиш мушкул. Унга етарлича ўқув базани шакллантириш керак. Масофавий таълимга оид барча йўл-йўриқлар синалган, тажрибадан ўтган чет эл олий таълим муассасалари таълим тизими асосида йўлга қўйилса яхши бўларди. Аммо бундай таълим интернетсиз бажарилмайди. Туманларда интернет сифатини яхшилаш ҳақида ўйлайдиган вақт келди. “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да интернетсиз яшаётган ҳудудлар бўлиши мумкин эмас.