Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маймун боласини олиб чиқишга уринган шахслар қўлга олинди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ноодатий божхона қонунбузилиш ҳолати фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар қилди.

Тадбир давомида, Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи давлатимиз чегаралари яқинида турган “Spark” русумли автомашина божхоначилар эътиборини тортди ва автоулов ҳамда унинг ичида ўтирган фуқаролар Ф.У. ва Ж.С.лар белгиланган тартибда, холислар иштирокида назоратдан ўтказилди.

Натижада, автомашина салонида ноёб орангутан турига мансуб маймун боласи борлиги маълум бўлди.

Шунингдек, фуқаро Ф.У. божхоначиларни пайқаши биланоқ уддабуронлик билан машина ёнига улоқтирган тамаки қутиси ҳам текширилди. Текширув жараёнида тамаки қутисида 0,36 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Фуқаро Ж.С.га тегишли сумкада эса 4 дона турли дори воситалари борлиги ҳам маълум бўлди.

Қонунбузардан олинган маймун боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.