Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Меҳнат мигрантларига 2 миллион сўм микроқарз берилади

Бугун, 28 ноябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Меҳнат вазирлиги, “Ўзагросуғурта” АЖ ҳамда “Микрокредитбанк” АТБ ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Уч томонлама ҳамкорлик муносабатларини назарда тутувчи “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига микроқарзлар тақдим этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми”га кўра, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижда ишга жойлашиш харажатларини қоплаш мақсадида бир йил муддатга 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар тақдим этилади.

Бунда микроқарзларни расмийлаштириш жараёни бир банк кунида амалга оширилиб, бунинг учун паспорт, ариза каби минимал ҳужжатлар талаб қилинади.

Микроқарзларнинг йиллик фоизи 2019-2020 йилларда 10 фоиз ва 2021 йилда 12 фоиз этиб белгиланган.

Мазкур кредитлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “labour-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига берилади.

Шунингдек, Меҳнат вазирлиги ва “Ўзагросуғурта” АЖ ўртасида “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳаёти ва соғлиғи соҳасида ҳамкорлик меморандуми” имзоланди.

Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг чет элда вақтинча ишлаши даврида уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш суғурта мукофоти миқдорини қоплаш учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.