Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Метеорит, метеор, астероид ва кометанинг бир – биридан фарқи нимада?

Илм-фан мавзусининг адабиёт, кино, комикс каби соҳаларда оммалашуви сабабли бизнинг сўзлашув нутқимизга коинот атамалари  тобора кенг кириб келмокда. Шу билан бирга айрим фазо ҳодисалари ва жисмлари онгимизда синоним сўзлар каби қабул қилинмоқда, гарчи аслида бу атамалар синоним ҳисобланмасада. Метеоритлар, метеорлар, кометалар ва астероидлар бир-биридан қандай фарқ қилишини ва яна бу терминларга нисбатан олимлар яна қандай жиҳатларни қуллашларига аниқлик киритамиз.

Метеорит нима?

«Метеорит» сўзи юнончадан олинган бўлиб «ҳавога кўтарилган» таржимасини беради. Роскосмоснинг коинот атамалари луғатига кўра, метеорит – бу коинотдан ерга қулаган жисмнинг – метеороиднинг  атмосферада охиригача ёниб кетмаган қолдиғидир. Ер атмосферасига  киргач, метеороид ҳарорати бир неча минг даражагача кўтарилади, бу ҳолат ўз навбатида, фазо жисмининг майдаланиб парчаланишига олиб келиши мумкин. Сайёрамизнинг атмосфераси метеороиднинг тезлигини кескин пасайтиради, аммо шунга қарамасдан метеорит (метеороиднинг парчаси метеорит) ер қобиғида йирик кратер ва жарликлар ҳосил қилишга муваффақ бўлади. Бутун ер шари бўйлаб ҳар хил вақтда диаметри 200 метрдан 100 км.гача бўлган кратерлар аниқланган.

Олимлар айрим метеоритларни «ватанини» аниқлаш имконига эга. Масалан, Ерда келиб чиқиши Марсга ва Ойга дахлдор бўлган метеоритлар аниқланган. Катта эҳтимолга кўра айрим метеоритлар нафақат Қуёш тизими, балки бошқа коинот тизимидаги сайёраларнинг бўлаги парчаси бўлиши мумкин, аммо бу илмий назария ўз илмий исботини топмаган. Шунингдек, метеоритларни нафақат Ер юзасида, балки атмосфераси мавжуд бошқа сайёраларда ҳам аниқлаш мумкин.  

Астрономлар метеоритларни кимёвий таркибига кўра бир неча турга ажратишади.  Биринчи тур – темирли. Улар 85% темирдан ва 12% никелдан ташкил топган. Бу турдаги метеоритларнинг ҳиссаси Ер юзида топилган метеоритлар ичида 5,7% ни ташкил этади, уларнинг юзаси регмаглиптлар – ўзига хос чуқурчалар билан қопланган бўлади.

Иккинчи тур – темир-тошли, темир ва тошли метеоритларнинг ўтимлиси ҳисобланади. Уларнинг таркибида никел темири ва силикат деярли тенг миқдорда мавжуд. Умумий метеоритлар топилмалари массаси ичида уларнинг ҳиссаси 1,5% ни ташкил этади.

Учинчи тур метеоритлар – тошли, улар сайёрамизда топилган метеоритлар ичида мутлақо кўп сонни ташкил қилади, 92,8%.  Бу метеоритлар кремний, магний, кальций, темир, алюмин ва бошқа кимёвий унсурлардан ташкил топган.  90% дан ортиқ тошли метеоритларнинг таркибида хондр – деб аталувчи миллиметрли юмалоқ силикатли доначалар мавжуд. Таркибида хондр мавжуд бўлган метеоритларни хондрит – деб аташади, таркибида хондр аниқланмаганларини эса, ахондрит – деб аташади.  

Метеор нима?

«Метеор» сўзи ҳам, «метеорит» сўзи ҳам юнонча бир хил маънога эга –«ҳавода муаллақ турувчи» ёки «ҳавога кўтарилган». Айримлар бу сўзларни синоним деб ҳисоблашади, лекин бу нотўғри. Метеор ерга қулаган фазовий жисм маъносини эмас, балки майда метеороидларнинг атмосферада алангаланиши, яъни ҳодисанинг ўзини англатади. Шу билан бирга метеороид билан келгусида нима содир бўлгани аҳамиятга эга эмас: у метероитга айланиб ерга қуладими, ер атмосферасини тарк этиб ортига қайтиб учиб кетдими ёки ер атмосферасида бутунлай ёниб кетдими – ҳар қандай ҳолатда ҳам у қолдирган из метеор деб номланади. Тарихий фанда атмосферада содир бўлаётган ҳар қандай самовий ҳодисалар метеорлар деб аталган. Ҳозирги кунда бу ҳодисаларни метеорология фани ўрганади, шу билан бирга ҳозирги замон тушунчасида метеорларни метеоретика  ўрганади.    

Метеорлар метеор оқимлар деб номланувчи гуруҳларга гуруҳланишлари мумкин –  мунтазам бир вақтда осмоннинг доимий бир хил қисмида пайдо бўлувчи метеорларнинг доимий массасидир. Улар Қуёш тизимининг ички қисмидан ўтар чоғида, эриш жараёнида емирилган кометалардан ҳосил бўлишади. Метеор оқимлардан кўпроқ машҳурлари Персеидлар (ҳар йили август ойида Персей юлдузлар туркуми атрофида пайдо бўлади),  Леонидлар (ноябрь ойи ўрталари, Арслон юлдузлар туркуми) ва Квадрантидлар (декабрь охири – январнинг боши, Волопас юлдузлар туркуми).

Астероид нима?

«Астероид» атамаси қадимий юнон тилидан «юлдузлар каби» маъносини англатади, 2006 йилдан сўнг у кенг оммалашди ва «митти сайёра» тушунчасининг ўрнини эгаллади. Қуёш орбитасида айланувчи нисбатан кичик бўлган осмон жисмлари Астероидлар деб аталади. Одатда улар бир хил шаклга эга эмаслар, уларнинг диаметри эса 1500 км.дан ошмайди. Шу билан бирга астероиднинг минимал диаметри 30 м.дан кам бўлмаслиги керак: кичик ҳажмдаги осмон жисмлари метеороидлар деб аталади.  Ҳажм ва оғирлик жиҳатидан астероидлар Қуёш системасидаги сайёралардан анча кичик бўлишади, шунингдек уларда ўзларининг атмосфераси мавжуд эмас, аммо уларда йўлдошлар бўлиши мумкин.

Тахминларга кўра, Қуёш тизимида диаметри 1 км.дан ортиқ бўлган 1,1-1,9 млн. дона жисм мавжуд. Бироқ Смитсонов астрофизика обсерватория марказининг (МРС)  маълумотларига кўра, ҳозирги кунга қадар кузатувлар натижасида 794 832 та астероид аниқланган. Қуёш тизимининг энг йирик астероиди илгари диаметри 933 км.ли Церера ҳисобланарди, бироқ 2006 йилдан бошлаб у митти сайёра мақомига эга бўлди. Бошқа йирик астероидлар Паллада (диаметр 524 км), Веста (520 км) ва Юнона (133 км). Веста – махсус техникасиз кузатса бўладиган астероидлар туркумидаги ягона жисм. 

Энг бошида астероидларга қадимги юнон ва қадимги рим мифологияси қаҳрамонлари исмлари бериларди, кейинчалик ноодатий орбитага эга астероидлар қаҳрамонлар номини ола бошлашди, энг сўнгида эса астероидларни хоҳлагандай номлашга рухсат берилди. Ҳозирги кунда астероидларга расмий номни Митти сайёралар номенклатураси бўйича Қумита беради.  

Комета нима?

 Номланиши қадимий юнончадан «юнгли», «сермуй» маъносини беради. Астероидлар каби кометалар ҳам Қуёш атрофида айланишади, бироқ улар қаттиқ чўзилган конус шаклига эга. Астероиддан яна бир фарқи шундаки, комета Қуёшга яқинлашган сари бошга ўхшаш  (чанг ва газдан иборат) булут   ва дум (шунингдек чанг ва газдан иборат) ҳосил қилади.

Кометалар кичик ядродан – кичик музли жисмдан ҳосил бўлади, уларнинг ўлчами бир неча ўн километргача етиши мумкин. Аксарият комета ядролари Қуёш тизимининг чеккасида жойлашган, бироқ олимлар уларнинг айримлари бизларга юлдузлараро бўшлиқдан келиб қолишган деган фаразни ҳам рад этишмайдилар. Комета ядроси қанақадир сабабга кўра тизимнинг марказига қараб ҳаракатлана бошласа, у қизий бошлайди ва унинг музлари секин буғланади, шу туфайли у кометанинг бошини ва думини ҳосил қилади.

Комета қисқа даврли ва узоқ даврли бўлиши мумкин.  Биринчи ҳолатда Қуёш тизимининг марказига келган комета йирик сайёраларнинг гравитацион таъсирига тушади, шу сабабли Қуёш системасининг ички қисмида қолади ва Қуёш атрофида тахминан ҳар 200 йил даврийлик мобайнида айланади. Қуёшга бир неча карра яқинлашгани сабабли комета секин-аста емирила бошлайди. Узоқ даврли кометалар сайёраларнинг гравитацион тортиш кучи таъсирига тушишмайди ва орбита бўйича ўзларининг деярли бошланғич нуқтасига қайтишади, бироқ у ерда қолишмайди, аксинча яна Қуёшга яқинлаша бошлашади. Бундай кометаларнинг айланиш даври бир неча миллион йилга тенг бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунга қадар 4106 та комета аниқланган.  Илгари кометаларга уларни кашф қилинган йилига қараб ном бериларди, бироқ инглиз астрономи Эдмунд Галлей 1531, 1607 ва 1682 йилги  кометалар ҳаммаси битта осмон жисми эканлигини исботлаганидан сўнг ва унинг яна 1759 йилда пайдо бўлишини башорат қилганидан сўнг, ушбу комета Галлея номи билан атала бошланди. XX – аср бошида кўплаб янги кометалар кашф этила бошланди, шу билан бирга уларга ном бериш қоидалари ҳам бир мунча ўзгарди. Бугунги кунда улар қуйидаги тартиб асосида номланади: кашф қилинган йили, комета кашф қилинган ойнинг ярмини англатувчи ҳарф ва ўша ойнинг ярмида кашф қилинганлигининг рақами. Масалан, 2019 йил январининг иккинчи ярмида кашф қилинган, иккинчи комета, 2019 В2 номини олди.

Бекзод Мусурмонов таржимаси.

(“АиФ”дан олинди.)