Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мурувватни кўз-кўз қилманг!

Яқинда Сардоба сув омборида юзага келган ҳолат натижасида рўй берган сув тошқинидан азият чеккан аҳолига бутун мамлакатимиз, халқимиз  ёрдамга ошиқди.  Ўша кунларда Самарқанддан ўнлаб машиналарда озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари Сирдарёга етказилди. Аҳоли ҳам ушбу хайрли ишдан четда турмай, имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилди. Лекин ҳеч ким нима олиб келгани ёки неча сўм берганини ташкилотчиларга ёздирмади, ҳатто номини ҳам айтмади. Ўзимиз ҳам шундай ҳолатларга гувоҳ бўлдик, “илтимос, суратга олманг, кимлигимизни ёзманг, ҳеч кимга айтиб ўтирманг, эҳсонни чин юракдан қиляпмиз” деганлар кўп бўлди.

Бу ўринда йирик ташкилотлар, тадбиркорларнинг йўли бошқа, уларга балки ҳисобот ёки бошқа мақсадда буни қайд этиб қўйиш зарурдир. Буни тушуниш мумкин (улар орасида мурувватини кенг оммага айтишдан истиҳола қилаётганлар ҳам кўп).

Лекин ҳозир коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ёки марказлашган ҳолда берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш жараёнини суратга олиб намойиш этиш, ижтимоий тармоқларда жойлаштириш жуда оммалашиб кетгандек. Бунга ўша кўмакни олаётган кишилар рози бўлса, яхши. Аммо норози бўлаётганлар ҳам кам эмас-да. Чунки мурувватни кўз-кўз қилиш, барибир, миннатга яқин.

Айниқса, жисмоний имконияти чекланган, хаста кишиларни тўшакда бўлса-да суратга олиш, раҳбарларга раҳмат айттириш ҳеч бир мезонга тўғри келмайди-ку.

Майли, ҳисобот учун суратга туширинг, фикрини ёзиб олинг. Лекин кенг оммага намойиш этишдан бироз тийилсангиз яхши бўларди.

Бу – давлатнинг, кўпчиликнинг ёрдами билан тўпланган фонддан бугун ижтимоий кўмакка муҳтож бўлиб қолган оилаларга ажратилаётган ёрдам. Сиз шунчаки етказиб беряпсиз, воситачисиз, холос.

Ўзингиз ҳомийлик қилиб берганингизда ҳам, олаётган нарсалари учун ориятдан юзи қизариб турган ёки ногиронлигидан ўкинаётган одам билан суратга тушиб, буни ижтимоий тармоқда эълон қилиш мурувватдан кўра кўпроқ миннатга ўхшайди.

Мурувват, хайр-саховат чин дилдан бажарилади, ўнг қўл берганини чап қўл билмаслиги керак, деган гапларни ҳаммамиз яхши биламиз. Илтимос, шу билганларимизга амал қилайлик. Озгина камтар бўлайлик!

Ғолиб ҲАСАНОВ.