Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутахассис тавсияси: Сиз тўғри овқатланяпсизми?

Очиғи, кўпчилик овқатланишни муҳим илмий изланишлар қаторига қўшмайди. Улар ҳаёт учун рационал овқатланиш фақат маҳсулот миқдорига боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Аслида ундан эмас. Буни азалдан олимлар турли хил таомларнинг даволовчи хусусиятлари ҳақида илмий асарлар ёзганидан ҳам билиш мумкин. Улар тўғри овқатланишни соғлиқ, куч, яхши кайфият ва чиройлилик манбаи, деб ҳисоблаганлар. Бу тушунчалар ўз кучини ҳам сақлаб келмоқда ва илмий асосланиб, янада ривожлантирилмоқда.

Дунё олимлари фикрича, инсон қариганда кўзга аниқ кўринмайдиган касалликларнинг 99 фоизи нотўғри овқатланиш билан боғлиқ бўлар экан. Бу эса овқатланишнинг одам соғлиғи учун аҳамияти юқорилигидан далолат беради.

Овқатнинг максимал даражада фойдали бўлиши, болалар соғлом ва кучли ўсиши, инсон меҳнатга яроқли бўлиб, узоқ умр кўриши учун рационал овқатланиш қонунларини билиш зарур ва овқатланиш илми ҳаммага тушунарли бўлиши керак. Афсуски, ҳатто илм-фан ривожланган ҳозирги даврда ҳам рационал овқатланишнинг элементлари ҳақида фақат айрим кишиларгина тўғри тушунчага эга.

Хўш, рационал овқатланишнинг ўзи нима?

Рационал овқатланиш – инсоннинг ривожланиши ва яшаши учун зарур, таркибида турли озуқавий моддалар оптимал миқдорда бўлган, яхши тайёрланган сифатли ва мазали таом билан организмни ўз вақтида таъминлаш дегани.

Рационал овқатланиш инсон организмига зарур бўлган витаминлар, микроэлементлар ва кўп сонли алмашинув жараёнини йўналтирувчи бошқа элементларни ўз вақтида етказиб беришни таъминлайди.

Рационал овқатланиш маълум овқатланиш режимини талаб қилади, яъни кун давомида овқатланиш вақтларига амал қилишни, мўътадил ҳароратига эътибор бериш кабиларни. Демак, рационал овқатланиш организмни асосий озуқавий моддаларга бўлган физиологик талабини ўз вақтида тўлиқ қондиришни таъминлайди. Бу эса инсоннинг ишлаш қобилиятини максимал даражада бўлишини, узоқ йиллар ҳаёт фаолиятида юқори ҳаракатчанлигини, тетик ва ҳаётдан баҳра олиб яшашига ёрдам беради.

Организмга алоҳида озуқавий моддаларнинг кириши ва айрим моддаларнинг синтез ҳосил бўлиши билан унинг парчаланиши ва чиқарилиб юборилишидаги тенгсизлик организмда модда алмашинувини бузади. Модда алмашинувининг бузилиши эса ҳозирги вақтда кенг тарқалган ўта семизлик, отересклероз, тузлар тўпланиб қолиши ва бошқа қатор касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Озиқ-овқат таркибидаги углеводлар, ёғлар ва оз даражада оқсилларнинг организмда тўхтовсиз ўтаётган биологик оксидланиш жараёни, инсон учун энергия манбаи ҳисобланади. Ёғлар юқори потенциал энергияга эга бўлиб, 1 грамм ёғ – 9,3 килокалория (ккал), 1 грамм оқсил ва углеводлар – 4,1 ккал энергия беради.

Ёғларни овқатланиш рационида сурункали етишмовчилиги одам организми иммунитетини кескин пасайишига олиб келади. Организмда маҳсулотлар алмашинуви тўғри бориши учун маълум миқдорда ва нисбатда оқсиллар, ёғлар, углеводлар, минерал моддалар, витаминлар ва сув бўлиши керак.

Оқсиллар нисбатан муҳим озуқавий маҳсулот ҳисобланади. Улар тирик тўқималарнинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Оқсилларнинг етишмовчилиги турли касалликларни келтириб чиқаради.

Оқсилларнинг аминокислоталар таркиби жиҳатидан озиқ-овқат маҳсулотлари тўла қийматли ва тўла қийматли бўлмаган турларга бўлинади. Тўла озуқавий қийматли оқсиллар гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тухум, балиқ, сут ва сут маҳсулотлари ва айрим ўсимлик маҳсулотларидан эса мош, гречка, ловия, нўхатда мавжуд. Шунга кўра, гўшт маҳсулотларини озуқавий қиймати унинг кимёвий таркиби билан аниқланади. Гўштнинг таркибида бўлган оқсиллар, ёғлар, углеводлар, экстрактив моддалар, макро ва микроэлементлар, жумладан, оқсил аминокислоталари ва ёғнинг таркибидаги ёғ кислоталари миқдори маҳсулотнинг қийматини белгилайди. Шу жиҳатдан оқсил манбаи гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳисобланиб, гўштнинг турига қараб унинг миқдори 16-22 фоизни ташкил этади. Агар алоҳида ҳайвонот турига қараб солиштирадиган бўлсак, мол гўштида 18-22 фоиз, қўй гўштида 16-20 фоиз, чўчқа гўштида 14-16 фоиз ва парранда гўштида 16 фоизни ташкил этади.

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмаларига биноан озуқавий моддаларнинг одам организмида парчаланиши натижасида маълум даражада энергия ажралади. Асосий алмашинув ҳайвонотнинг ёшига, жинсига, тана массасига ва организмнинг ҳолатига боғлиқ. Одам организмида бир грамм оқсил моддаси парчаланганда 4,1 ккал энергия ажралади. Худди шундай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида организмга тушган ёғ моддаси (1 грамм) парчаланганда 9,3 ккал энергия ажралади. Углевод моддаси парчаланганда эса ажралган энергия оқсил моддасига ўхшаб 4,1 ккал.га тенг бўлади.

Шуни айтиш лозимки, гўшт маҳсулотларидаги ёғлар ўсимлик маҳсулотидаги ёғлардан фарқ қилади. Уларнинг активлиги ҳужайраларни тиклашда қурилиш материали сифатида ўсимлик ёғларига нисбатан 10-20 баробар юқори туради. Ёғ моддаси парчаланганда оқсил ва углевод моддаларига нисбатан икки баробар, яъни 9,3 ккал энергия ажратади. Кимёвий таркиби жиҳатидан гўшт маҳсулотларини баланслаштиришни ҳисоблашда маҳсулотдаги ёғ, оқсил, углеводлар ва сув миқдорини билиш зарур. Баланслаштирилган овқатланиш кунлик меъёрлари ишлаб чиқилган бўлиб, унда оқсилнинг улуши 80-100 грамм, ёғ 80-100 грамм ва углевод 400-500 граммга тўғри келади.

Эритилган ҳайвонот ёғларида ёғнинг миқдори 99,7 фоизни ташкил этади, қолган 0,3 фоиз эса сув моддаси ҳисобланади. Ҳайвонот ёғларини ҳазм бўлиш фоизи қўй ёғи учун 80-90 фоизни, мол ёғи учун 80-81 фоизни ва чўчқа ёғи учун 96-98 фоизни ташкил этади.

Дарвоқе, овқатланиш рационида сабзавотларни истеъмол қилиш организмни экстрактив моддалар, минерал тузлар ва турли хил витаминлар билан таъминлаш билан бирга таомнинг ҳазм бўлишини яхшилайди.

Навбатдаги мақолада озиқ-овқатдан олинадиган энергия, ёшга қараб истеъмол қилинадиган таомлар хусусида сўз юритамиз.

Абдумалик Худойбердиев,

Нажмиддин Мўминов,

 доцентлар.