Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

НАСА: Экзосайёралардан учтасида сув ва ҳаёт учун барча шароитлар мавжуд

2017 йил 22 февралда Евронюс телеканали НАСА олимларининг матбуот конференциясини намойиш этди. Бунда бир гуруҳ америкалик астроном олимлар бизнинг еримиздан 39 ёруғлик йили (368.971.120.000.000 -уч юз олтмиш саккиз триллион тўққиз юз етмиш бир миллиард бирюз йигирма миллион километр) масофада Қовға (Ақуариус) юлдузлар туркумида жойлашган Траппист-1 юлдузи яқинида Ер, Марс сайёралари ҳажмидаги еттита экзосайёраларнинг мавжудлигини Чили обсерваториясидаги “Траппист” ва орбитал “Спицер” деб аталувчи телескопларда кузатишганликларини эълон қилишди.

Олимларнинг айтишича, экзосайёралардан учтасида сув ва ҳаёт учун барча шароитлар мавжуд экан. Астрономлар бу сайёраларнинг Траппист юлдузи томонидан қанчалик ёритилганлигини, уларнинг массаларини ва ҳажмларини ўлчаганлар ҳамда уларнинг Траппсит-1 атрофида унга фақат бир томони билан қараган ҳолда айланиб туришини аниқлаганлар. Бу юлдуз Қуёшдан ҳам катта экан. Агар уларни солиштрмоқчи бўлсак, масалан, Қуёш голф тўпидай бўлса, Траппист-1 юлдузи баскетбол тўпидек келар экан.

Бу сайёраларнинг дастлабки иккитасида об-ҳаво Қуёш тизимидаги Венераникига, қолганлариники эса Ер ва Марс об-ҳавосига ўхшаш бўлиши аниқланган. Бу сайёраларда ҳаётнинг ривожланиш эҳтимоли марказидаги 3 тасида, яъни д, е ва ф ларда кўпроқ экан. Кейинги 3-5 йил ичида бу экзосайёралар устида олиб борилаётган тадқиқот ишларини давом эттириб, шу даврда бу сайёраларда ҳаёт бор-йўқлигини аниқлаш мумкинлиги ҳақида ҳам ахборот беришди.

Конференцияда шунингдек, берилган тадқиқот ишларининг Европа космик агентлиги томонидан молиялаштрилаётганлиги ҳам қайд қилиб ўтилди.

Астрономлар НАСАнинг космик телескоплари ёрдамида Қуёш тизимидаги энг йирик сайёра - Юпитерда қутб ёғдусини суратга олишга муваффақ бўлишди, деб ҳабар берди, НАСА агентлигининг матбуот хизмати. Юпитерда жуда кучли қутб ёғдуси кузатилди.

Бу хабарларга кўра, Юпитер қутб ёғдуси авваллари ҳам кузатилган. Аммо бу сафар олимлар кузатувлар тарихидаги энг ёрқин ёғдуга гувоҳ бўлишган. Қуёш шамоллари ёрдамида сайёрага етиб келган зарралар унинг магнит майдонидаги атмосферага тушганида ушбу ҳодиса рўй беради. Сайёрани ўрганиш мақсадида учирилган НАСАнинг “Юнона” космик зонди Юпитерга яқинлашганда кузатувлар амалга оширилган.

“Таъбир жоиз бўлса, Юпитер Юнонанинг келишини салютлар билан кутиб олди, дейиш мумкин”, дея ҳазил-мутоиба қилган Лестер университети илмий ходими Жонатан Николс.

Ҳозирги кунда “Ҳаббл” телескопи ҳам Юпитер атмосферасида бўлаётган ҳар қандай ўзгаришларни қайд қилиш учун тинимсиз кузатишлар олиб бораётганлиги тўғрисида ҳам хабар берди агентлик.

Интернет материаллари асосида СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайёрлади.